Ўзбекистон | 19:07 / 06.09.2023
11152
2 дақиқада ўқилади

Август ойида айрим ҳудудларда рекорд миқдорда ёмғир ёғган

Кўп йиллик кузатувларга кўра, Ўзбекистонда август ойи йилнинг энг қурғоқчил ойи ҳисобланади. Лекин 2023 йилнинг августи, “Ўзгидромет”га кўра, “жуда ғайритабиий” бўлган. Сирдарё, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларининг айрим жойларида ойлик ёғингарчилик миқдори рекорд даражада кўп бўлган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Жорий йилнинг август ойидаги ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди, дея хабар бермоқда “Ўзгидромет”.

Қайд этилишича, республиканинг барча ҳудудларида 2023 йил август ойидаги максимал ҳарорат энг иссиқ йиллардаги август ойида кузатилган максимал ҳароратга етмаган.

Иқлим маълумотларига кўра, август ойи йилнинг энг қурғоқчил ойи ҳисобланади. Ёмғир кўпинча тоғ олди ва тоғли ҳудудларда кузатилади. Республиканинг текислик ҳудудлари бўйича ёмғир ҳар йили ёғмайди ва улар маҳаллий хусусиятга эга бўлади.

Лекин, “Ўзгидромет”га кўра, бу йилнинг август ойи ёмғирлар ёғиши тавсифи бўйича “жуда ғайритабиий” бўлган.

“Ойнинг катта қисми қуруқ бўлди. Аммо сўнгги беш кунликда республика бўйича деярли барча ҳудудларда ёмғир ёғди. Айрим ҳудудларда бир кеча-кундуз учун ёғингарчилик миқдори август ойининг ойлик меъёридан бир неча марта кўп бўлди”, – дейилади хабарда.

Синоптикларнинг қайд этишича, 8 августда Тошкент вилоятининг баланд тоғларида ойлик меъёр 22 мм бўлганда – 56 мм, Сариосиёда ойлик меъёр 0,4 мм бўлганда – 3 соат 10 дақиқада 35 мм, 28 августда Қўқонда ойлик меъёр 5 мм бўлганда – 20 дақиқада 35 мм ёғингарчилик кузатилган.

Тошкентда ойлик меъёр 2 мм бўлганда 27 августда – 8 мм, 31 августда эса 6 мм ёмғир ёғган.

“Сирдарё, Андижон, Фарғона вилоятларида баъзи жойларда, Тошкент вилоятининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ойлик ёғингарчилик миқдори бутун кузатувлар тарихида рекорд бўлди”, – дейилади “Ўзгидромет” ахборотида.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид