Иқтисодиёт | 09:05 / 08.09.2023
15305
4 дақиқада ўқилади

Германия паррандачилик компанияси ўзбекистонлик фермерларни молиялаштириш лойиҳасини амалга оширмоқчи

Самарқандда ўтаётган Халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги конференциясида иштирок этаётган Германиянинг паррандачиликка ихтисослашган Big Dutchman International GmbH компанияси савдо ишлари бўйича директори Штефан Ҳиннерс ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Компаниямиз Ўзбекистон ва Қозоғистонда 15 йилдан зиёд муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Фермерлар ва ҳамкорлар билан жуда яхши алоқаларга эгамиз. Мен Ўзбекистонга учинчи марта келяпман, ўтган йиллар ичида яхши ҳамкорлик алоқаларига эга бўлганмиз. Ниҳоятда меҳмондўст бу давлатга келганимда доим ҳайратланаман. Европа билан солиштирганда маданий, маънавий жиҳатдан катта контрастга гувоҳ бўламан.

Ушбу ташрифимизда қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан яқин алоқаларни ўрнатишга қарор қилганмиз. Келгусида паррандачилик билан шуғулланаётган ўзбекистонлик фермерларни молиялаштириш бўйича 50 миллион евро миқдоридаги лойиҳани амалга оширишни ният қилганмиз.

Лойиҳа ҳозир қизғин муҳокама қилинмоқда. Албатта, бу Ўзбекистонда паррандачилик саноатини ривожлантириш учун хизмат қилади.

— Ўзбекистонда паррандачиликни ривожлантириш салоҳиятига қандай баҳо берасиз? Масалан, Германия, Полша ва Украина бу борада етакчилиги аввалдан маълум. Хўш, Европадан фарқли ўлароқ, бизда қуруқ иқлим. Сизга нотаниш бошқача ёндашувлар керак бўлмайдими?

— Агар бутун паррандачилик соҳаси ҳақида гапирадиган бўлсам, шахсан мен жуда яхши имкониятларни кўриб турибман. Умуман, бу соҳа жой танламайди, ҳар қандай жойда муваффақият билан ривожлантириш мумкин. Чунки тухум истеъмоли доимо ошиб бораётган биринчи навбатдаги зарурий маҳсулот ҳисобланади. Бу борада ҳар қандай давлатда аҳвол шундай. Парранда гўшти борасида ҳам шундай дейиш мумкин. Бройлер жўжаларнинг гўштини ҳар қандай дин истеъмол қилишга рухсат беради, у диетик, соғлом таом ҳисобланади. Шунинг учун бу соҳанинг қайси давлат, жой, минтақага қарамасдан ривожланишига шубҳа қилмаслик керак.

Европадаги ҳолат, хусусан Украина ҳақида гапирадиган бўлсак, улар, албатта, ҳозир алоҳида бир вазиятга дучор бўлишган. У ердаги фабрикаларнинг катта қисми айни вақтда ишлолмаяпти. Лекин улар ҳам энг аввало ички бозорни маҳсулот билан ўз вақтида таъминлаш учун ривожланиб боришмоқда. Агар Украина шу суръатда паррандачиликни ривожлантирса, вазият гўшт ва тухум маҳсулотларини Европа давлатларига экспорт қилишга қараб кетмоқда. Бироқ, бу ҳол Ўзбекистон бозорига ўз таъсирини ўтказмайди.

— Ўзбекистонда келгусида амалга ошириладиган янги режалар, янгиликлар ҳақида сўзлаб бера оласизми?

— Юқорида айтиб ўтганимдек, бизда ишлаб турган лойиҳалар бор, фаолият кўрсатиб турибмиз. Вазирлик билан ҳозир муҳокама қилаётган масаламиз — Ўзбекистон фермерлари ва талабалари учун паррандачилик бўйича ўқув маркази очиш борасида бўлмоқда. Бу ўқув марказида биз, албатта, соҳани ривожлантириш, етиштирилаётган маҳсулотлар ва боқилаётган паррандаларни Ўзбекистон иқлимига мослаштириш, бу борада ўзимизнинг технологияларни янада кўпроқ жорий этиш устида иш олиб бормоқчимиз.

Мен кўпроқ тухум ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича масъул бўлганим учун, қўшимча қилиб айтишим мумкинки, Ўзбекистонда бу соҳани ривожлантириш учун катта истиқбол бор. Вазирлик билан олиб бораётган музокараларимиз оқибатида Ўзбекистон аҳолисини арзон, сифатли оқсил маҳсулоти билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Мавзуга оид