Ўзбекистон | 19:13 / 08.09.2023
13217
2 дақиқада ўқилади

«Зарафшон» миллий боғида ноқонуний дам олиш масканлари қурилгани аниқланди 

Боғ ҳудудидан 39,8 гектар ер майдони дам олиш маскани қуриш учун қонунга зид равишда ажратиб берилган. 

Фото: Бош прокуратура

Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонун ва «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси Самарқанд вилоятидаги «Зарафшон» миллий табиат боғида ўрганилди. 

Ўрганишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.

Хусусан, қонунга кўра, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкалари фақат хусусий буюртма қўриқхоналар ҳамда табиий питомниклар ташкил этиш учун юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилиши мумкинлиги белгиланган бўлишига қарамасдан, миллий табиат боғи мансабдор шахслари томонидан 2021-2022 йилларда боғ ҳудудидан 39,8 гектар ер майдони 57 нафар жисмоний шахс ва юридик шахсларга ижара битими ва шартномаларга асосан дам олиш маскани қуриш учун ажратиб берилган. 

Оқибатда, ижарачилар томонидан 8015 кв.м. ер участкасидаги буталар ва ўсимлик дунёси нобуд қилиниб, ноқонуний равишда қурилиш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, фуқароларга 115,6 гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун ноқонуний бериб юборилган.  

Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид