Иқтисодиёт | 20:33 / 12.09.2023
45454
10 дақиқада ўқилади

Ғаллачиликда энди хурсандчилик, пахтачилик навбатини кутяпти

Ўзбекистон ўз иқтисодиётини бозор муносабатлари релсига ўтказиб келаётганига 32 йил бўлди. Ва ютуқларимиз ҳам, оқсашларимиз ҳам айнан шу билан боғлиқ: қаерда иқтисодий муносабатлар соғлом бозорга кўчган бўлса, ўша ерда самара ортди, қаерда бозорга тўлиқ ўтилмаган бўлса, ўша ерда – турғунлик.

Қишлоқ хўжалигига бозор керак экан

Президентнинг иродали қарори билан фермерлар етиштираётган буғдой биржада сотиладиган бўлди ва ўша заҳоти минг бир муаммо ўз-ўзидан сўрила бошлади – малҳам таъсирида инфекция ўчоғи сўрилгани каби. Буёғига энди ғаллачилик соҳаси бўйича эшитадиган хабарларимиз асосан яхши янгиликлар бўлади, чунки муаммолар камайиб боряпти.

Пахтачиликда эса хўжалик субъектлари ўртасидаги муносабатлар, маҳсулотни сотиш масаласида ишлар бозор тамойилларига мос ҳолатга келтирилмагани учун, охири йўқ муаммоалар ҳақида хабарлар эшитиб келяпмиз – соҳадаги ҳолат ҳеч кимни хурсанд қилмаяпти.

Мана, пахтачилик кластерлари ҳам, имтиёзли шароитда ишлашаётган бўлса-да, жорий вазиятдан норозиликларини билдира бошлашди. Ҳолбуки, кластерлар имтиёзли кредитлар олишади, ҳомашё етиштириб берувчи фермерлар уларга аксар ҳолатларда “кўнгилли-мажбурий” шаклда бириктирилган.

Савол: нега унда пахта кластерлари вазиятдан қониқмаяпти? Жавоб: чунки бозор тамойиллари бузилган.

Бозор тамойиллари бузилганда эса ўнғайсиз, мантиқсиз, ҳатто кулгили ҳолатлар юз беради. Қанақа дейсизми?

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, пахта кластерлари пахтани фермерлардан қиммат нархда олаётганидан шикоят қиляпти. Нонсенс... Бозор иқтисодиёти шароитида бир хўжалик субъекти бошқасидан маҳсулотни қиммат олаётганидан шикоят қилмайди, чунки бозор иқтисодиётида нархни рақобатли бозор шакллантиради. Шакллантириши керак.

Тасаввур қилинг, картошкадан чипс ишлаб чиқарувчи тадбиркор жамиятга шикоят қиляпти, “деҳқон картошкасини менга мен айтган нархда сотсин”, – деб мурожаат қиляпти...

Бозорнинг оддий қоидалари ҳақида

Ҳар бир товар нархини талаб-таклиф шакллантириши керак. Буни амалга ошириш учун инсониятга қадимдан бозор (market, рынок) хизмат қилиб келган.

Бозор – энг муҳим инструмент, у маҳсулот нархини доимий равишда ўша маҳсулотга бўлган асл талаб ва таклифга мувофиқлаштириб турувчи ажойиб, халақит қилмаса ўз-ўзидан ишлайдиган қимматли, шу билан бирга бепул механизм. Бу механизмга халақит қилинганда товар ўзининг шу топдаги асл қийматидан жудо бўлади ва алал-оқибат иқтисодиётда буюк чалкашлик юзага келади. Бу эса жамият учун катта йўқотишларга олиб келади.

Бозорда ҳамма ҳуқуқий ва имконият жиҳатидан тенг бўлиши керак. Бозор субъектлари (ўйинчилари) имконият жиҳатидан нотенг бўлса, соғлом бозор шаклланмайди. Масалан, нарх белгилашда субъектлардан бир тури иккинчисига иродасини ўтказувчи бўлса, бири иккинчисини зўрлаш имконияти бўлса, бозорнинг нарх белгилаш механизми ишламай қолади. Бу эса, ҳали айтанимиздай, иқтисодиётда буюк чалкашликни юзага келтиради, бу эса жамият учун катта йўқотишларга олиб келади.

Муайян маҳсулотни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи хўжалик субъектларининг баъзиси бошқасидан давлат аралашуви орқали устун қўйилиши – ана шундай, бозор механизмини бузувчи омил. Зеро бозор механизми ишлаши учун барча субъектларнинг иродаси нарх белгилаш жараёнида тенг иштирок этиши шарт – бозор механизмлари орқали.

Шу жойда айтиш керакки, иқтисодчиларнинг айтишича, бозордаги имкониятлар нотенглигига 99 фоиз ҳолатларда давлатнинг аралашуви сабаб бўлади. Яъни айрим субъектлар бошқасидан ноўрин (“ноўрин” деб нобозор устунликни, масалан, имтиёзлар нотенг тақсимланиши, пулни қарзга олиш имконияти сунъий равишда нотенг қилиниши, маъмурий идораларнинг субъектларга нисбатан “турлича” қараши ва ҳоказоларни назарда тутамиз) устун бўлиши ва бунинг оқибатида бозор механизми ишламай қолиши мутлақ аксарият ҳолатларда давлатнинг таъсирида юз беради.

Ҳар бир бозор субъекти эркин бўлиши керак. Ғаллачилик мисолида баралла айтиш мумкин – эрки ўзига берилган, маҳсулотини бозорда (биржада) ўзи сота оладиган ҳар бир тадбиркор, фермер ўз ишига чинакамига меҳр бера бошлайди. Ҳозирда ғалла етиштирадиган фермерларимиз ўз ерини актив сифатида кўра бошлашди, ерга ўз маблағларини инвестиция қилишяпти, ер унумдорлигини яхшилаш, ҳосилни кўпайтириш учун маблағ, эътибор, уриниш ва ақлни сарфлашни бошлашди. Яна нима керак ривожланиш учун?

Бозор субъектларида бемалол ўз хоҳиши билан бирлашиш имконияти бўлиши керак. Бу ҳам эркин бозорнинг бир жиҳати – ривожга жиддий хизмат қилувчи кучли омил. Масалан, фермерлар истаса кооперативларга бирлашиши мумкин бўлиши, бунга тўсиқ қўйиш эса мумкин бўлмаслиги керак. Чунки бунда эрк чекланади, демак – бозор чекланади. Бирлашиб ишлашни лозим кўрган, бунда ўз фойдасини кўрган субъектлар албатта бирлашиб ишлаш имкониятига эга бўлиши керак.

Кўринмас қўл

Нега тўғри шаклланган бозор иқтисодиёти самарали? Гап шундаки, бозор шароитида ҳар бир бозор иштирокчиси ўз манфаатини кўзлаб, кўпроқ фойда олишни истаб иш тутади, аммо бундан бутун жамият манфаат кўради Чунки бунда тадбиркорлар қўли билан жамият учун энг керакли товарлар ишлаб чиқарилади, энг керакли хизматлар кўрсатилади.

Масалан, фермер эркин бўлса, у айнан шу топда дефицит бўлиб турган маҳсулотни етиштиради, чунки ўша маҳсулот қиммат бўлади. У буни кўпроқ даромад кўриш учун қилади, аммо унинг бу “худбинлиги” жамият учун айни муддао – етишмаётган маҳсулот етиштирилади ва бозорга кириб келади.

Фермер озод бўлса, у ўз қарорларини воқеликдан келиб чиқиб тезда – оператив равишда қабул қилади, бозор конюнктурасидан келиб чиқиб. Бу билан ўзи билмаган ҳолда жамият ва давлатнинг муаммосини ҳал қилади.

Мана шу – худбинлик қилиш эрки – бозорнинг “кўринмас қўли” деб аталади. Ва шу “қўл” самара омили бўлиб хизмат қилади.

Масалан, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг озиқ-овқат сегментидаги статистикасига қарайдиган бўлсак, айнан фаолиятига давлат аралашмайдиган (эркин) деҳқон хўжаклари ва томорқачилар жами маҳсулотнинг аксар қисмини етиштираётганини кўрамиз (маълумотлар билан қуйидаги мақоламизда танишишингиз мумкин).

Яъни сиз-у бизни ғолибан деҳқон-томорқачилар боқиб келяпти (жами экин ер майдонларимизнинг атиги 11,3 фоизини истифода этган ҳолда), кластер ва фермерлар эмас. Бу ерда биз бозорнинг ўша – “кўринмас қўли”нинг кучини кўриб турибмиз.

Биржа

Товарларни бозорда сотишни қулай қилиш учун 16-асрдаёқ биржалар ташкил қилинди. Биржа – товар, валюта, қимматли қоғозлар, ҳосилалар ва бошқа бозор инструментлари савдосининг ташкиллаштирувчиси. Биржа – бозор тамойилларига мос, бозорни соғломлаштирувчи асосий омиллардан бири. Муваффақиятли жамиятлар уни қўллаб асрлар давомида барака топиб келяпти.

Пахтачилик ўз навбатини кутяпти

Пахтачилик соҳамизда эса айнан шулар – юқорида тилга олинган шартлар бажарилмаётгани сабаб, ишлар ўрнига тушмаяпти:

  1. Пахта хомашёсини етиштирган фермер ҳамон маҳсулотини биржада сота олмайди.
  2. Пахта нархи бозордан ташқарида шакллантириляпти.
  3. Пахтачилик билан шуғулланувчи субъектлар тенг эмас: имтиёзлар кластерларга берилган, фермерлар кластерларга кўп жиҳатдан тобе, кўп ҳолатларда фермерлар ўз хоҳишига биноан кооперативларга бирлаша олмаяпти (ҳокимиятлар бунга норасмий тўсиқлар қўйяпти).

Бир сўз билан айтганда, фермерлар озод фермерларга айланмаган – “кўринмас қўл” ишламаяпти.

Натижада пахтачилик билан шуғулланаётган фермерлар ўз ерларини актив сифатида кўрмаяпти, бунинг натижасида маҳсулдорлик ҳам, ошиши лозим бўлган даражада ошмаяпти. Табиийки, ернинг мелиоратив ҳолати ҳам кам ҳолатларда бировга қизиқ бўляпти.

Шу боис қишлоқ хўжалиги ислоҳотида кейинги қадам – пахтани ҳам биржага чиқариш, соҳани бозор муносабатларига мувофиқлаштириш. Бу:

  • соҳадан кутилган натижаларни беради, манфаатдорлик ортиши изидан унумдорлик ортади;
  • бозорнинг нарх белгилаш механизми ишлаб кетади ва бу бутун пахтачилик соҳасини соғломлаштиради;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқларни таъминлаш муаммолари ўз-ўзидан ечим топади;
  • ҳокимият ва бошқа идоралар томонидан фермерларни агротехник чораларни вақтида бажаришга “ундаш” каби мантиқсиз, бозор иқтисодиётига хилоф барча амалиётлар ўз-ўзидан йўқ бўлади – фермер ўз манфаати йўлида ишлай бошлайди;
  • фермерларни “ишлашга ундовчи” идораларнинг кучини бошқа – фойдалироқ ишларга йўналтириш имкони пайдо бўлади ёки бу идоралардаги мазкур штатларни қисқартириб, бюжет пулларини иқтисод қилиш мумкин бўлади;
  • носоғлом амалиётнинг барҳам топиши мамлакатнинг халқаро майдондаги имижи юқорилашига олиб келади, халқаро ташкилотларнинг ижобий баҳоларига сабаб бўлади;
  • манфаатдорлик ортиши фермерларнинг ерга бўлган муносабатини ўзгартиради, фермерларда ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга стимул кўп баробар ортади.

Барча тадбиркорлар – бозор иштирокчилари бозор иқтисодиётига тугал ўтишни ёқлаши ва бунга уриниши керак, носоғлом ҳолатда эришиладиган ўзига қулай нархларни исташ ўрнига. Зотан фақат соғлом бозор шароитида ҳақиқий, давомли самара киради ҳар бир тадбиркорлик субъектининг ишига ҳам, бутун иқтисодиётимизга ҳам. Носоғлом вазиятдан келадиган самара эса – алдамчи самара.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид