Жамият | 15:26 / 13.09.2023
18013
8 дақиқада ўқилади

«Кўктўнликлар» – эрк йўлида ўлимни бўйнига олган мардлар ҳақида асар

Мустамлакачилар ўзбек халқига тазйиқ ўтказа бошлаган пайтларда юртини ҳимоя қилишга уринган бир қанча мард йигитлардан қўшинлар тузилиб, бу қўшинларга қўрбошилар тайинланган. Улар ватанни ҳимоя қилиш йўлида жонини ҳам аямаган, ягона мақсадлари – эрк, озодлик, халқ тинчлиги эди. Афсуски, душманлар қўли баланд келиб, икки миллиондан ортиқ дов йигитлар қурбон бўлиб, мағлубиятга учради. Қизиллар уларни халққа ва тарихга «босмачилар» сифатида танитди. «Босмачи» деб таништирилган юрт ҳимоячиларининг аслида кимлигини кўрсатишга қаратилган асарлардан бири Баҳодир Мурод Алининг «Кўктўнликлар» қиссасидир.

Сюжет:

Асарда Кўктўнлида яшовчи одамлар ҳақида гап боради. Бош қаҳрамонлардан бири Асқарали Умаралибек исмли қўрбоши қўлида тарбия топиб, Умаралибек вафотидан кейин қўрбоши этиб тайинланади. Кўктўнликлар қирғий номли миллатдан қаттиқ нафратланарди. Уларни ҳеч кимга дўст бўлмайди деб ҳисоблашарди. Чунки азал тарихда кўктўнликлар ирғий деб аталган ва уларга қирғийлар доим душманлик қилиб келганди. Асқаралибек Қирғий қизни, Нисорани бир кўришда севиб қолганди, у қаршиликларга қарамасдан қизга уйланади.

Бироз муддатдан сўнг бир етим қирғий болага ҳам раҳми келиб хизматига олади. Обдaн синайди. Бора-бора қирғий боладан шубҳаси қолмайди. 

Нисора қайнонаси билан келишолмай ўз қишлоғига кетиб қолаверади. Бир сафар Асқаралибек ортидан излаб борган пайт қайнотасиникида бир уй қирғий куёвни ўлдирмоқчи бўлади. Аммо Асқаралибек чапдастлик билан у ердан қочиб қутулишга улгуради. У буни Нисора уюштирган деб ўйлаб хотинидан қаттиқ хафа бўлади. Йигитни онаси қўярда қўймай бошқа қизга уйлантиради. 

Нисора ҳомиладор эди. Туғгач болани Асқаралибек ўз қармоғига олади, исмини Умаралибек қўяди ва уни янги аёли Саломатга топширади. Яна бир сафар Асқаралибекнинг ҳаётига қасд қилинади. Далиллар бу суиқасднинг ҳам Нисорага боғлиқлиги борлигини кўрсатарди. Асқаралибек Нисорани ўлдиришга чоғланади, буни амалга оширади ҳам (муаллиф ўқувчини Нисоранинг ўлимига ишонтиради).

Бир куни Асқаралибекнинг уйига ўт тушади. Боласи ёниб кетади, отаси жинни бўлиб қолади. Булардан қўрбоши қаттиқ изтиробга тушади. Аммо юрт учун ҳаракатдан тўхтамайди. Шомирзабек, Исмойилбек сингари қўрбошиларга бирлашишни таклиф қилади. Бироқ сардорликка ким сайланиши ҳақида келишишолмай, бирлашиш режаси амалга ошмай қолади. Бўлинганни бўри, айрилганни айиқ ер деганларидек, Исмойилбек қўшини мағлуб бўлади. Асқаралибекни айнан ўша қўл остига олгани қирғий бола тутиб беради. Шомирзабек эса йигитлари билан қочиб юради.

Асқаралибекни анча вақт ўрада сақлаб сўроқ қилишади. Шериклари қаердалигини айтишини талаб қилишади. Лекин у ҳар гал бўйин эгмайди. Охири унга аёли ва ўғлининг яқинда тушган суратини кўрсатишади. Қўрбоши оиласининг тирик эканини кўриб ҳайратга тушади ва душманлар шартига рози бўлади. Уни ўз уйида Нисора ва ўғли Умаралибек билан учраштиришади. Асқаралибек отган ўқ Нисоранинг юрагидан четроққа теккани сабабли уни қутқариб қолишганди. Умаралибек ҳам ёнғиндан айнан шу кун учун асраб қолинганди.

Асқаралибек ўғли ҳар вақт ўзини эслаб юриши учун боланинг битта бармоғини тишлаб узади. Оиласи билан хайрлашгач Шомирзабек ёнига отланади. Душманларнинг режаси бўйича у қочиб юрган қўрбошининг олдига бориб, таслим бўлишга кўндириши керак эди, аммо ўз бурчига собит Асқаралибек гап орасида Шомирзабеккина англай олувчи «илмоқли» гаплар билан ҳозирги ўрнашган жойини тарк этишга ундайди ва кетади...

Шомирзабек собиқ қўрбошининг гапларига тушунади ва йўлга отланади. Яширинча қайнотасиникига боради. У ердан тўғри тоғга чиқиб кетади. Тоғда уларга Асқаралибек етиб олади.

Асқаралибек Шомирзабек билан гаплашгач уйга қайтганди. Албатта, ўзи эмас, бир қанча шўро одамлари билан. Уйига кириб ётгач шўролар аёли Саломатни ҳақорат қилишади. Буни эшитиб ётса-да, эри индамайди. Бу эса аёлга таҳқирдек туюлади. У эрининг шўроларга сотилгани ҳақида эшитганди, аммо ишонмаганди. Энди бунга амин бўлгач эрини ўлдиришга қарор қилади. Асқаралибек сандал совиганини баҳона қилиб, Саломатни ўтинга чиқаради. Ўзи эса мўридан қочади. 

Тоғда Шомирзабекларга етиб олгач уларга ёрдам бермоқчи бўлади. Айни пайтда Шомирзабеклар тоғнинг нариги томонига ўтишга қийналиб турганди. Қўрбоши бир нечта ёрдамчилари билан тоғдан ўтиб кетади, қолганлар эса чекинишга мажбур бўлади. Чекинганларни шўролар алдаб, ҳаммасини отиб ташлайди. Бу қўрбошилар мағлубияти эди...

Таҳлил:

Асқаралибек сотқинлик қилмади. У хиёнатдан нафратланарди. Хиёнат сабаб жондан севган Нисорасини «ўлдиради». Аммо кейин аён бўлишича, у ишларга Нисоранинг дахли бўлмаган. Нисора эрига ҳеч қачон хиёнат қилмаган. Душманлар эрининг кўзига атайдан шундай кўрсатган. Бу ҳам шўроларнинг макрларидан бири эди. 

Асқаралибекнинг пешонасига икки аёл битди. Иккиси-да ўзи каби мағрур, матонатли ва содиқ эди. Бири – шўролар юзига туфлаган, эрига қарши боришни гуноҳ санаган Нисора бўлса, иккинчиси – эрининг сотқинлигини билгач сотқиннинг хотини бўлгандан кўра қотили бўлишни афзал билган Саломат эди. 

Асқаралибек аёли ҳақорат қилинишига тишини тишига қўйиб чидади, албатта, жаҳли чиқди, ғазаби қайнади, аммо у қочиб кетишни, бориб ўзиникиларга ёрдам беришни режа қилганди. Қочиб кетганини билишгач бунда Саломатни айблашларини, бечора аёлнинг бошига ит кунини солишларини ҳам биларди. Аммо ватани олдидаги бурч у учун ҳар кимдан, ҳар нарсадан ортиқ эди.

Асарда Жалолиддин, Мансур, Шамсиддин сингари шахслар ҳукуматга хизмат қилувчилардир. Қўрбошилар ҳам айнан шулар орқали маҳв этилади. Бу билан ёзувчи ўша даврдаги ҳолатни, яъни болтанинг сопи ҳам ёғочдан бўлишини кўрсатиб бермоқчи бўлади.

Авлодларга «босмачи» қилиб кўрсатилган ўша қўрбошилар ҳам аслида ватан, озодлик, эрк дея кўксига муштлаган, халқ орасидан отилиб чиқиб, бу шарафли йўлда жонини тиккан мардлар эди. Фақат уларнинг кучлари мустамлакачиларнинг макрларига етмади. Бирлаша олишмади. Айнан шу нозик нуқталаридан душманлар маккорларча фойдаланди. Оқибатда, ўзларининг чиркин мақсадларига етишди: халқни истаган кўйига солдилар...

Бир бошга бир ўлим. Бу ўлим қачондир барибир келади. Аммо инсон қандай яшаши, ўзидан қайси яхши ёки ёмон амалларни қолдириши муҳим аҳамиятга эга. Бу дунё юрт бошига иш тушганда эрйигитдек туриб берган, юртини ҳимоя қилган мардларни ҳам, жони кўзига кўриниб сотқинлик қилган, ёвга ёндош бўлган номардларни ҳам, ҳаммасига бепарво қараган, оқимга қараб сузган лоқайдларни ҳам кўп кўрган. Танлов инсон қўлида. Истаса юртга хизмат йўлида шарафли ўлим топсин, хоҳласа юртни сотиб шармандаларча яшаб қолсин…

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мавзуга оид