Ўзбекистон | 21:29 / 13.09.2023
9162
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўли қурилиши 5–7 млрд долларга тушиши мумкин

Ҳозирда учта давлат бирламчи техник-иқтисодий асослари тайёр бўлган лойиҳани ким, қандай молиялаштириши масаласини кўриб чиқяпти. Трансафғон темирйўли лойиҳаси эса дастлабки техник топшириқни ишлаб чиқиш босқичида қолмоқда.

13 сентябр куни Тошкентда “Халқаро автомобил транспорти: барқарор ривожланиш ва фаровонлик сари” номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 11 та халқаро ташкилот, 29 та мамлакатдан 93 нафар делегация вакиллари иштирок этишди. Унда халқаро юк ташувларида юзага келаётган муаммолар, логистика масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида Транспорт вазирлиги департамент раҳбари Абдусамад Мўминовнинг журналистлар саволига жавобан айтишича, ҳозирда Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўли лойиҳасини амалга ошириш учун пул топиш ҳаракати кетяпти.

“Бугунги кунда ташқи савдони ривожлантириш, Ўзбекистоннинг экспорт, импорт юкларини ташқи дунёга олиб чиқиш учун 6-7 та маршрутларимиз бор. Қўшимча равишда алтернатив вариант сифатида бизда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон мултимодал коридоридан фойдаланилмоқда.

Май ойида президентнинг Циан шаҳрига ташрифи чоғида келишувлар бўлди. Шунда Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўли қурилиши бўйича дастлабки техник-иқтисодий асос тайёрланди. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа учун пул топиш ҳаракати кетяпти. Ҳамда бу лойиҳани бошқариш шартлари келишиляпти”, – деди Абдусамад Мўминов.

Вазирлик вакилига кўра, лойиҳа қиймати 5–7 млрд доллар атрофида баҳоланяпти. Қурилажак темирйўлда йилига 8-10 млн тонна юк, хусусан транзит юклар ташилиши мўлжалланмоқда.

Мўминов Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар темирйўли лойиҳаси ҳақида ҳам гапираркан, бугунги кунда бу йўналишда ҳам мултимодал ташувлар йўлга қўйилгани, Ўзбекистонга Афғонистон ҳудуди орқали кириб келаётган юклар ҳажми бир неча баробарга ошганини қайд этди.

“Лойиҳа бошланиш босқичида, техник-иқтисодий асосларини тайёрлашимиз учун дастлабки техник топшириқ тайёрланяпти. Бунинг учун 3 та томон лойиҳага пул жалб қилишни келишяпти”, – деди у.

“Толибон” ҳукуматини ҳеч бир давлат тан олмагани лойиҳага халқаро молия ташкилотларини жалб этишни қийинлаштирмоқда.

“Тўғри, лойиҳа учун Жаҳон банки пул бермаслиги мумкин, аммо бошқа халқаро молия интитутлари бор. Масалан, Осиё тараққиёт, Ислом тараққиёт банклари бор. Ҳозирда шулар билан ишланмоқда”, – деди Транспорт вазирлиги расмийси.

Аввалроқ 600 км узунликдаги Трансафғон темирйўли қурилиши 4,8 млрд долларга баҳоланган эди. Лойиҳа устидаги ишлар “Толибон” ҳокимиятга келгач тўхтаб қолган, лекин 2022 йилнинг июлига келиб темирйўлнинг йўналиши ва техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланганди.

Қирғизистон орқали Хитойга ва Афғонистон орқали Покистон портларига чиқиш Ўзбекистон учун стратегик муҳим аҳамиятга эга.

“Тасаввур қилинг, Худо хоҳласа шу кунлар барибир келади, иккита темирйўл қурилса, иқтисодиётимиз қандай барқарор бўлади. Биз бировга қарам бўлмаймиз. Агар мана шу иккита катта темирйўл бўлса, биз ҳам тариф орқали манфаат кўрадиган давлатга айланамиз”, – президент Шавкат Мирзиёев ўтган ойдаги нутқида бу икки транзит коридорининг аҳамиятини шундай тушунтирган эди.

Европалик ҳамкорлар билан юк машиналари ҳайдовчилари тайёрланмоқда

13 сентябр кунги конференцияда айтилишича, ҳар йили Ўзбекистоннинг маҳсулотларни импорт ҳамда экспорт қилиш ҳажми 15-20 фоизга ошиб бормоқда. Уларни халқаро доирада ташишдаги энг қулай транспорт воситаси эса автомобил ҳисобланади. Боиси, юк автомобиллари бошқа воситалардан фарқли ўлароқ “эшикдан эшиккача” тамойили асосида ишлайди.

Транспорт вазирлиги вакили Абдусамат Мўминовнинг айтишича, бу жараёнда халқаро юк ташувчи, яъни автомобил ҳайдовчиларининг соҳадан қанчалик бохабар бўлиши ҳам аҳамиятли.

“Ҳайдовчи деганда автомобилга ўтириб, ҳайдаб кетадиган инсонни эмас, балки халқаро ташувларни ҳам биладиган одамни тушуниш керак. Чунки у 4-5 та мамлакатга кириб, шу давлатларнинг чегараларидан ўтади. Шунчасидан ўтганидан кейин бу давлатларнинг транспорт тизими, ҳужжатларни расмийлаштириш, ўзининг тақиқлари, рухсатлари бор. Умуман олганда, ҳайдовчи эсли, ҳушли бўлиши, халқаро ташувни билиши шарт.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон халқаро юк ташувчилари ассоциацияси ҳамда Латвия, Литва мамлакатлари билан биргаликда катта лойиҳа қиляпмиз. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги 100 нафар одамни ўқитдик, уларни Европага амалиёт ўташлари учун юборяпмиз. Улар яхши ўқиб қайтгач, Ўзбекистонда ишлаши, агар эплашса, Европада қолиши мумкин. Бундай режаларни ҳам ўйлаяпмиз.

Қўпол қилиб айтганда, уларнинг ойлиги 200-300 доллар бўлмайди, ҳайдовчилар камида 1,5 ёки 2 минг евро маош олишади. Бу пул Европада қолмайди, балки Ўзбекистонга келади. Келгусида шундай катта лойиҳа учун ўқув марказларини кўпайтирмоқчимиз ва ўзимизнинг йигитларни ўқитмоқчимиз.

Ҳозирги ташувчилар камида минг доллар ойлик олади. Лекин унинг азоби катта. Чунки автомобиллар чегара божхона постларида 3-5 кунлаб, бир хил кунлари 10 кун қолиб кетишади. Ташилаётган юк қиммат бўлиб қолса, айнийдиган бўлса, автомобил доим ёқиқ бўлиши лозим. Бу осон эмас. Шунинг учун ҳам буни ёши катталар эмас, асосан ёшлар орасида тарғиб қиляпмиз. Масалан, Бухородаги чегараларда кўп ёшлар ҳайдовчи бўлиб ишлаш ниятида юрибди, ҳатто ишлашмоқда ҳам”, – дейди Мўминов.

Мавзуга оид