Ўзбекистон | 18:34 / 13.09.2023
47660
5 дақиқада ўқилади

Россиялик депутат постсовет давлатларининг мустақиллигини шубҳа остига олди. Ўзбекистон сиёсатчилари унга жавоб қайтарди

Дума депутати Евгений Фёдоров 14 та республиканинг барчаси собиқ иттифоқдан гўёки ноқонуний тарзда ажралиб чиққани ва Россия улар билан “эртами-кечми низолашиши ёки урушиши”ни иддао қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг уч нафар депутати унинг фейк ва фитна назарияларига асосланган даъволарига муносабат билдирди.

Евгений Фёдоров / Фото: ТАСС

Россия Давлат думаси депутати Евгений Фёдоров постсовет давлатларининг СССР таркибидан ажралиб чиқиши ноқонуний бўлгани ҳақида фейк иддао билдириб, эртами-кечми Россия ва улар ўртасида низо ёки уруш келиб чиқишини башорат қилди.

“Фан назарияси нуқтайи-назаридан, совет иттифоқи таркибидан ноқонуний чиққан барча республикалар эртами-кечми Россия билан низолашади ёки урушади. Бу – назария масаласи. Айримлари ҳозир эмас: масалан, Беларус. Айримлари – Грузия, Украина аллақачон урушиб бўлди. Бу Арманистонга ҳам тўла-тўкис равишда тегишли”, – деди Фёдоров.

Унга кўра, Россия халқаро ҳуқуққа ва СССР қонунларига мурожаат қилган ҳолда, собиқ совет республикалари билан дипломатик мулоқотлар орқали ҳарбий низоларнинг олдини олиши мумкин.

“Яъни халқаро ҳуқуқ ва совет иттифоқи қонунларини ҳисобга олган ҳолда, улар билан ҳозирги статуслари бўйича қайтадан келишувга эришамиз. Масалан, 1991 йилда бузилган 14/09-сонли қонун”, – деди россиялик депутат.

Евгений Фёдоровнинг баёнотига Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг икки ўринбосари ва “Юксалиш” ҳаракати раиси жавоб қайтарди.

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодировнинг фикрича, россиялик сиёсатчиларнинг бундай ёндашувлари “Россиянинг бошига етади”.

“Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади, шекилли…

Бундан биз фойда кўрамизми, йўқми, вақт кўрсатади.

Ёнғинга қарши чоралар кўриб, совуққонлик билан кузатамиз…” – деди Қодиров.

Парламент қуйи палатаси спикерининг яна бир ўринбосари Одилжон Тожиев Фёдоровнинг баёнотини “ғоят оригинал” деб таърифлади.

“Халқ вакили ўзини геосиёсатнинг етук мутахассиси сифатида кўрсатиб, ҳар хил ҳеч кимга номаълум “назариялар”ни келтирибди.

Унинг айтишича, совет иттифоқини барча республикалар ноқонуний тарк этган, аллақандай 14/09-сонли қонунни бузган ҳолда. Афтидан, Фёдоров Конституция барча қонунлардан устун эканлигини тушунмайди. Модомики, СССР Конституциясининг 72-моддасида шундай дейилган эди: “Ҳар бир иттифоқ республикаси СССРдан эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади”, – дея ёзди Одилжон Тожиев ўз саҳифасида.

Унинг қайд этишича, агар Фёдоровнинг мантиғидан келиб чиқилса, ўтган 32 йил давомида Россия Федерацияси номидан иш тутган президентлар Елцин ва Путин, Россия парламенти ва ҳукумати, Россия давлат ҳокимиятининг барча институтлари бу республикалар билан ноқонуний муносабатларда бўлган.

“Яъни, икки томонлама (суверен тенглик асосидаги сиёсий-дипломатик, иқтисодий, ҳарбий, маданий ва бошқа соҳалардаги) алоқаларнинг барчаси ҳамда кўп томонлама форматлар, битимлар, шартномалар (МДҲдан бошлаб турли хил Шанҳай шартномаларигача) ноқонуний эди. Бу ҳолда, бутун дунёга ишонч билан эълон қилиш мумкинки, бундай ноқонуний ҳуқуқий маконда ишлайдиган Россия ҳокимият институтлари ўз моҳиятига кўра ноқонуний ҳисобланади.

Шундай қилиб, ҳурматли депутат билвосита, аммо нозик тарзда Россия давлатидаги барча давлат ҳокимияти институтларини ноқонуний муносабатлари учун тарқатиб юборишга чақирдими?

У ҳазиллашяпти, ҳойнаҳой”, – деди сиёсатчи.

Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Москвадан янграган баёнот муаллифини “навбатдаги фантазёр” деб атаб, унинг иддаолари “соғлом фикр маҳсули эмас”лигини таъкидлади.

“Бугунги кунда Россия ташқи кучлар колонияси эканлигига ишонувчи, конспирологик назарияларни илгари сурувчи Дума депутатининг сўзларига қандайдир жиддий муносабат билдириш шарт эмас, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон мустаҳкам суверенитет ва кучли давлатчиликка эга мамлакатдир.

Қолаверса, биз Россия билан иттифоқчи мамлакатлармиз, халқларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган.

P.S: Яқинда Ярослав Евдокимовнинг “Фантазёр” деган қўшиғини Азамат Мусагалиев янги оранжировкада ижро этди”, – деди Бобур Бекмуродов.

Евгений Фёдоров – Россияда ҳукмрон “Единая Россия” партияси вакили, 1993-1996 йилларда ва 2003 йилдан то ҳозиргача Дума депутати, айни пайтда Думанинг бюджет ва солиқ масалалари қўмитаси аъзоси. Фёдоров Россиядаги “Миллий-озодлик ҳаракати” номли сиёсий бирлашма координатори ҳамдир. Бу бирлашма Россиянинг 1945 йилги чегараларига қайтишни, СССР тарқаб кетишига дохил воқеаларни тергов қилишни тарғиб этиб келади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили бошқа бир россиялик депутат Константин Затулин Ўзбекистон президентининг Шаҳидлар хотираси майдонидаги маърузасининг рус ОАВдаги асоссиз талқинига суяниб, хато баёнот берган. Бунга Алишер Қодиров ва Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев жавоб қайтарганди.

Мавзуга оид