Жаҳон | 19:11 / 14.09.2023
8800
2 дақиқада ўқилади

Молдованинг биринчи президенти вафот этди 

Мирча Снегур чоршанба куни кечқурун 83 ёшида оламдан ўтди. 

Фото: ТАСС

Молдованинг биринчи президенти Мирча Снегур чоршанба куни кечқурун 83 ёшида вафот этди. 

«13 сентябр куни Молдова Республикаси президенти Мирча Снегур бедаво касалликдан вафот этди», деб ёзди собиқ бош вазир ўринбосари Константин Тампиза. 

Снегур 1940 йил 17 январда Руминиянинг Трифанешти қишлоғида туғилган. 1990 йил 3 сентябрда у Олий Кенгаш томонидан Молдова ССР президенти этиб тайинланди. 1990 йил 3 сентябрдан 1996 йил 1 декабргача Молдова Республикаси президенти лавозимида ишлади. 

Мирча Снегур президентлик даврида Молдова мустақиллигини 130 дан ортиқ давлат тан олди. Молдова БМТ ва бошқа 40 дан ортиқ халқаро тузилмаларга аъзо бўлди. Бироқ, ўша пайтда мамлакатда ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб, эмиграция кучайди. Ғарб сармояси ва Молдова маҳсулотларининг Ғарб бозорларига кириши бўйича режалар амалга ошмади. Ишлаб чиқаришнинг таназзулга учраши оқибатида ишсизлик ортди. 1995 йилда расмий ва яширин ишсизлик 200 минг кишидан ошди. Таълим соҳаси катта зарар кўрди. Етарлича молиялаштирилмаганлиги сабабли 1991-1995 йилларда мактабгача таълим муассасаларининг 28,2 фоизи ёпилди. 1990-1994 йилларда ўрта мактабни тамомлаганлар сони 32,3 мингдан 19 минг кишигача камайди. 

1996 йилги президентлик сайловида Мирча Снегур биринчи турда нисбатан кўпчилик овозни (38,7 фоиз) олди. Пётр Лучинский 27,7 фоиз овоз билан иккинчи бўлди. Бироқ, иккинчи турда чап ва марказий кучлар томонидан қўллаб-қувватланган Лучинский Снегурга (45,98 фоиз) қараганда кўпроқ (54,02 фоиз) овоз тўплади. Шу билан Снегурнинг президентлик даври тугади.

Мавзуга оид