Латвия Сейми россияликлар учун тил имтиҳонини топшириш муддатини узайтирди
Латвия ҳукумати 2003 йилдан кейин Россия фуқаролигини олган ва латиш тилидан имтиҳон топширишни сўраган шахсларга икки йил муддатга яшаш учун рухсатнома беради.
Латвия Европа Иттифоқининг доимий резиденти мақомини олиш учун мажбурий бўлган Россия фуқаролари учун латиш тили имтиҳонини топшириш муддатини узайтирди. 14 сентябр, пайшанба куни Ригадаги Сейм якуний ўқишда иммиграция тўғрисидаги қонунга мамлакатда яшовчи россияликларга ушбу имтиҳондан ўтиши учун яна икки йил муддат берадиган тузатишларни қабул қилди, деб хабар тарқатди Латвия парламенти сайти.
Қабул қилинган тузатишлар давлат тили имтиҳонига ёзилиб, лекин имтиҳондан ўта олмаган, шунингдек узрли сабабларга кўра имтиҳонда қатнашмаган шахсларга икки йил муддатга вақтинчалик яшаш учун рухсатнома беради. Бу вақт ичида улар имтиҳон топшириши ва А2 даражасида латиш тилини билиш сертификатини олиши керак. Ўтиш даврида яшаш учун рухсатнома олган россияликлар иш билан таъминлаш ва давлат хизматларини, шу жумладан пенсия ва нафақаларни олиш учун чексиз ҳуқуққа эга бўлади.
Сейм имтиҳондан озод қилиш ёшини 65 ёшга туширишни қўллаб-қувватламади
Имтиҳондан ўтмаган, уни топшириш ниятида бўлмаган ва Латвияни тарк этишни режалаштирган россияликлар яшаш учун рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги якуний қарор кучга киргунга қадар ушбу мамлакатда қолиши мумкин. Шу билан бирга, депутатлар тил имтиҳонидан озод қилиш ёшини 65 ёшга қисқартириш ҳақидаги қоидани қўллаб-қувватламади.
2022 йил октябр ойида Латвия Фуқаролик ва миграция бошқармаси 2003 йилдан кейин Россия фуқаролигини олган мамлакат резидентларининг доимий яшаш рухсатномаси бекор бўлишини эълон қилди. Латвияда доимий резидент сифатида қолиш учун россияликлар 1 сентябрга қадар янги доимий яшаш рухсатномаси – Европа Иттифоқининг доимий резиденти мақомини олиши керак.
Шу тариқа, 2023 йил сентябр ойида Латвия ҳукумати Латвияда доимий яшовчи бир неча минг Россия фуқаросидан ушбу мамлакатни тарк этишни талаб қилиши мумкин. Сеймнинг Фуқаролик, миграция ва ижтимоий ҳамжиҳатлик бўйича комиссияси раҳбари Ингмар Лидакининг сўзларига кўра, улар Европа Иттифоқи доимий резиденти мақомини олиш учун мажбурий бўлган латиш тили имтиҳонига ёзилмаганлар ва доимий яшаш рухсатномасини узайтириш учун ҳужжатларни тақдим этмаган. «Булар на имтиҳон топширишни, на вақтинчалик яшаш учун рухсатномани олишни истамаган одамлар. Яъни, жим ўтирганлар. Агар қонунга ҳозиргидек қаралса, унда уч ой ичида давлатни тарк этиш талабини юбориш шартлиги маълум бўлади», деди у август ойида.
Янги талаб 25 минг кишига тегишли
Латвия Ички ишлар вазирлиги мамлакатни тарк этишни талаб қилувчи хатлар ҳозирдан тайёрланаётганини ва уларнинг манзиллари сони 6000 га яқин киши бўлиши мумкинлигини тасдиқлади. «Чиқиб кетиш муддати - уч ой. Бу одам шошилмасдан чиқиб кетиши учун берилган. Агар бирор киши Латвияда ноқонуний яшашни давом эттирса, давлат идоралари бундан хабар топиб, уларга кетиш зарурлигини эслатиб қўйиши мумкин. Жиноий жавобгарлик йўқ, лекин маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, шунинг учун шахс жаримага тортилади», — деди ИИВ давлат котиби ўринбосари Вилнис Витолинш.
Янги қоидалар тахминан 25 минг кишига тааллуқлидир, улардан 7 мингтасида топширмаслик учун сабаблар бор, қолган 18 минг киши имтиҳондан ўтиши керак, деб ёзади Delfi расмий маълумотларга таяниб. Унга 13 мингдан ортиқ киши рўйхатдан ўтган. 11 минг киши аллақачон муваффақиятли топширган, аммо 61 фоизи имтиҳондан ўта олмади. Имтиҳондан 15 ёшгача бўлган ва 75 ёшдан ошган шахслар, шунингдек, латиш тилида таълим олган, аллақачон имтиҳондан ўтган ва тиббий сабабларга кўра имтиҳон топшира олмаганлар озод қилинади.
Мавзуга оид
13:52 / 20.11.2024
Франция Ўзбекистонда француз тилини ўргатиш жараёнини йўлга қўяди
00:33 / 09.10.2024
Латвия мудофаа харажатларини қоплаш мақсадида банклар учун солиқ жорий этади
22:05 / 05.10.2024
Швеция ўз ҳарбийларини Латвияга юборади
15:50 / 01.10.2024