Ўзбекистон | 13:52 / 20.11.2024
1418
1 дақиқада ўқилади

Франция Ўзбекистонда француз тилини ўргатиш жараёнини йўлга қўяди

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ва Франциянинг CAVILAM - Alliance française маркази вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.

Фото: Дунё

Мулоқот давомида Ўзбекистонда француз тилини ўргатиш ва тажрибали мутахассисларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган дастурлар, шунингдек, Ўзбекистонда ташкил этилган ижод мактаблари ва уларда яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб берилди.

Жумладан, жорий йилда Франция ҳукумати билан ҳамкорликда ўзбекистонлик ўқитувчилар учун Ницца шаҳрида малака ошириш курслари муваффақиятли ташкил этилгани ва ушбу йўналишда Франциянинг бошқа етакчи таълим муассасалари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиш талаби ортаётгани таъкидланди.

CAVILAM - Alliance française маркази раҳбари Магали Лепрон Ўзбекистон ижод мактабларининг француз тили ўқитувчилари ва ўқувчилари учун марказда малака ошириш ва таълим дастурларини ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликка оид меморандум лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолаш тўғрисида келишиб олдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид