Ўзбекистон | 14:35 / 17.09.2023
29387
12 дақиқада ўқилади

“Менинг йўлим” хушхабари, россиялик депутатга жавоблар ва конвертация шов-шуви — ҳафта дайжести

Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Тадбиркорлик субъектлари учун конвертацияга техник чекловлар киритиш ҳақида қарор қабул қилиниб, кейин бекор қилингани ҳафтанинг энг кутилмаган ва энг хавотирли воқеаси бўлди. Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 15 сентябр, жума куни қабул қилган қарор билан, 18 сентябрдан бошлаб тижорат банклари учун валюта операцияларига қўйиладиган талаблар кучайтирилган эди, хайриятки, бир кун ўтиб, у қарор бекор қилинди.

Янги қоидаларда, юридик шахслар хорижий валютани фақат битта – асосий ҳисобварағи очилган банкдан сотиб олиши мумкинлиги ёзилганди. Бу талаб валюта билан боғлиқ бошқа операцияларга ҳам тааллуқли бўлиши кўзда тутилганди. Агар қарор бекор қилинмаганида, тадбиркорларнинг валютани манфаатлироқ курс таклиф этаётган банкдан сотиб олиш имконияти йўқолган бўларди.

Бундан ташқари, қарорда юридик шахслар хорижий валютани нафақат битта банкдан, балки ўша банкнинг тегишли органи розилиги асосидагина харид қилиши кўзда тутилганди. Жума куни банкларга шу ва бошқа янги талабларга риоя қилмаса, валюта биржасидаги иштироки чеклаб қўйилиши ҳақида огоҳлантириш берилганди.

Бу янги чекловлар кўп ўтмай бекор қилинди. Шанба куни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов матбуот анжумани ўтказиб, бундай қарор нотўғри бўлганини таъкидлади. Кўзда тутилган чекловлар санкциявий комплеанс билан боғлиқ бўлгани айтиляпти. Расмийларга кўра, охирги кунларда айрим чет эл банклари Ўзбекистон Марказий банкига мурожаат қилиб, ўзбек банкларига ўз мижозларини етарлича текшириш бўйича талабларни кучайтиришни сўраган. Маълум қилинишича, санкциялар талабларига риоя этилиши бўйича назоратни кучайтирган хориж банклари Ўзбекистон банкларининг ўз мижозларини лозим даражада текширганига ишонмаяпти, натижада тадбиркорларнинг тўловлари “осилиб қолиб”, хориждаги ҳамкорларининг ҳисобварақларига тушмаётган ҳолатлар кузатиляпти. Тадбиркорлар ўзларининг валюта операцияларини фақат битта – асосий ҳисобварағи очилган банкда ўтказишига доир талаб шу ҳолат билан изоҳланди.

Бу воқеа миллий валютанинг йил бошидан бери 8 фоизга қадрсизланиши ортидан рўй беряпти. Август ойидаги сўровларга кўра, аҳоли ва тадбиркорларнинг валюта курси ўзгаришидан хавотирлари кескин ошган. Айни пайтда, олтин-валюта захиралари кетма-кет 5 ойдан бери қисқаришда давом этяпти. Захиралар ҳажми йил бошидан буён 3 млрд долларга камайган.

Энергетикада табақалашган тарифларга 1 майдан ўтилиши мумкин

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. 1 октябрдан бошлаб бизнес учун энергетика тарифлари ўзгаришига қарамай, жорий йил учун инфляция прогнози 8,5–9,5 фоиз даражасида сақлаб қолинди. Регуляторга кўра, янги тарифларнинг истеъмол секторидаги нархларга таъсири шу прогноз доирасидан четга чиқмайди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, аҳоли хонадонлари учун электр энергияси ва табиий газнинг табақалаштирилган тарифлари 2024 йил май ойидан жорий этилиши мумкин, лекин бундан олдин электр энергиясининг узлуксиз етказиб берилиши таъминланиши керак.

“Яъни нарх ошса-ю, лекин электрда узилиш бўлаверса, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади, шу сабабли генерацияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиряпмиз”, – деди Мирзамаҳмудов.

“Табақалаштирилган тариф деганда белгиланган ижтимоий нормадан кўп электр истеъмол қилаётган, айтайлик уйида бассейни, саунаси, кўплаб маиший техникалари бор хонадонлар, яъни нисбий олганда бой ва ўзига тўқ хонадонлар учун нарх ошади”, – дея кейинги йилги режага изоҳ берди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Маълум қилинишича, ҳозирда 1 kWh электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш таннархи 800 сўмдан ошади. Лекин ток аҳолига 295 сўм, юридик шахсларга 450 сўмдан сотилмоқда. Етмаган қисмига эса давлат бюджетидан субсидия ажратиляпти. Шу билан бирга, эскирган тармоқларни янгилаш учун ҳам маблағ керак, давлат бюджети эса ҳамма харажатларни ҳам кўтара олмайди. Хусусий инвесторлар кириб келиши учун эса тарифларни эркинлаштириш керак бўлади.

Тарифларни ошириш давлат бюджетининг имкониятлари билан боғлиқ бўляпти. Йил бошидаги қаттиқ совуқ вақтида ҳукумат хориждан газ импорти бўйича шошилинч чоралар кўришига тўғри келган эди. Натижада, шу ҳафта маълум бўлишича, йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон газ импортини нақ 7 баробарга оширган. Импорт қилинган 2,6 млрд куб метр газни бозор нархида сотиб олиб, ички истеъмолчиларга арзон нархда сотиш, ўртадаги фарқни бюджетдан қоплаш ва яна бошқа харажатларнинг ҳам ошиши натижасида консолидациялашган бюджет тақчиллиги режадагидан 2 баробарга ошиб кетиб, ЯИМга нисбатан 5,7 фоизга етган. Юзага келган дефицит бир нечта манбалар, хусусан қарз олиш ҳисобига қопланган.

Йўл хўжалигида янгиликлар

Ўзбекистонда қайси маҳалланинг йўлини асфалт қилишни энди ҳокимлар эмас, аҳолининг ўзи ҳал қилади. Президент Шавкат Мирзиёев ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш тўлиқ “Менинг йўлим” лойиҳасига ўтказилишини эълон қилди. “Ташаббусли бюджет”га ўхшаш, лекин фақат ички йўлларга оид таклифлар киритилиб, овозга қўйиладиган бу лойиҳага келаси йили 800 млрд сўм ажратилади. Дарвоқе, шанба куни “Ташаббусли бюджет”да овоз бериш якунланиб, ғолиблар эълон қилинди.

Йўлсозлик бўйича йиғилишда президент қурилган йўлларни фойдаланишга қабул қилиб олишда “ресурс” усулидан “ҳажм” усулига ўтиш бўйича ҳам топшириқ берди. Давлат раҳбарининг айтишича, ҳозир техник назоратчилар асосий вақтини қурилган йўлнинг сифатини текширишга эмас, пудратчининг ҳужжатларини ўрганишга сарфлайди. Янги усулда эса назоратчилар асосий эътиборни йўлнинг ўзига қаратади, қурувчи қанақа техника билан қуришни ўзи ҳал қилади.

Бундан ташқари, йўлларнинг сифатини сақлаш учун дунё давлатларида қўлланадиган усул – юк машиналарига мўлжалланган тарозилар ўрнатиш бошланади. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, йўлларда хусусий шериклик асосида ўрнатиладиган тарозилардан фойда олиш учун эмас, йўллар сифатини сақлаш ва аварияларнинг олдини олиш мақсадида фойдаланилиши керак.

Йиғилишда маълум қилинишича, республика йўлларида бугунги кунга қадар ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи жами 2,5 мингдан зиёд камера ва радарлар ўрнатилган. Аҳоли жойларида ҳаракатланиш 60 км/соатга туширилиши ҳисобига, камера ўрнатилган ҳудудларда авариялар 30 фоизга камайган. Шавкат Мирзиёев тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисалари кўп кузатиладиган йўлларда светофорсиз эстакадалар қуриш, бу борада уч йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Эслатиб ўтамиз, президент аввалроқ Тошкент шаҳрида яна 12 та йўл-ўтказгич қурилишини айтганди.

Шу ҳафта тасдиқланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясига асосан, 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали йўлларда пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон бўйича энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитаси тузилиб, харитага киритилган жойларда хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор берилиши айтиляпти.

Экологик экспертиза мажбуриятга айланмоқда

Президент фармони билан, шу йил 1 ноябрдан эътиборан ижобий экологик экспертиза хулосаси бўлмаган объектларга нисбатан молия операцияларини тўхтатиб туриш бошланади. Бу билан қурилиш соҳасини назорат қилишда Экология вазирлигининг ваколати кенгаяди. Бунда, экология органлари экологик экспертизанинг ижобий хулосасини ололмаган объектларга нисбатан молиялаш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш тўғрисида банкларга мажбурий тақдимномалар юборади.

Бундан ташқари, 1 ноябрдан бошлаб экологик ҳуқуқбузарлик содир этганларнинг зиммасига янги мажбурият юкланади. Улар етказилган зарарни молиявий тарзда қоплашдан ташқари, зарар етказилган табиат объектини тиклаши ва унинг муайян муддат давомида муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт бўлади. Соддароқ айтганда, дарахт кесганлар фақат жаримани тўлаб, зарарни қоплаш билан қутулмайди, улар худди шунча миқдорда дарахт экиб, уни парваришлашга ҳам мажбур бўлади.

Жиддийлашиб бораётган экология муаммоси 11 сентябр куни яна бир марта ўзини эслатиб қўйди. Шу куни водий вилоятларидан ташқари Ўзбекистоннинг деярли ҳамма ҳудудларида чанг бўрони кузатилди. Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича дунё шаҳарлари рейтингида 1-ўринга кўтарилди. “Ўзгидромет”га кўра, шу куни пойтахт ҳавоси таркибидаги PM2,5 зарралари миқдори меъёрдан 43 бараварга кўп бўлган.

Россиялик депутат СССРни қайта тикламоқчи

Россияда 2000 йилдан бери ҳокимиятни эгаллаб турган Владимир Путин СССР тарқалиб кетганидан афсусда эканини кўп марта айтган. Уни бу масалада 2003 йилдан бери Дума депутати бўлиб ишлаб келаётган Евгений Фёдоров ҳам қўллаб-қувватлайди. Россиянинг 1945 йилги чегараларига қайтишини тарғиб қилиб келадиган Фёдоров бу борадаги охирги баёнотига ўзбекистонлик сиёсатчилардан кескин жавоблар қабул қилиб олди.

Фёдоровнинг даъво қилишича, собиқ совет республикалари иттифоқ таркибидан ноқонуний ажралиб чиққан. Шунинг учун Россия эртами-кечми уларнинг ҳаммаси билан, ҳатто Беларус билан ҳам низолашади ёки ҳатто урушади. У СССРни урушларсиз тиклаш учун собиқ совет республикалари билан дипломатик мулоқотлар олиб бориш кераклигини айтган.

Россиялик сиёсатчининг иддаосига ўзбекистонлик уч нафар депутат – Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосарлари Алишер Қодиров ва Одилжон Тожиев, ҳамда “Юксалиш” ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов муносабат билдирди. Қодиров “Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади” деган бўлса, Бекмуродов россиялик ҳамкасбини “навбатдаги фантазёр” деб атади. Одилжон Тожиевнинг кинояли фикрича, агар Фёдоровнинг мантиғидан келиб чиқилса, Россия президентлари ва барча сиёсий тузилмалари 32 йилдан бери собиқ совет давлатлари билан ноқонуний муносабатда бўлиб келаётган бўлади.

Эслатиб ўтамиз, СССР конституциясининг 72-моддасига кўра, иттифоқ таркибидаги ҳар бир республикада иттифоқдан эркин ажралиб чиқиш ҳуқуқи бўлган. Яъни иттифоқнинг тарқалиб кетиши юридик жиҳатдан тўла қонуний тарзда рўй берган. Қўшниларига уруш очадиган давлатнинг янги урушларни тарғиб қилаётган сиёсатчиси берган баёнот эса, Бобур Бекмуродов айтганидек, соғлом фикр маҳсули эмас.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Шавкат Мирзиёев Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали бўйича илк марта муносабат билдирди. Президентга кўра, агар канал ишга тушса, Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанати тубдан ўзгариб кетиши мумкин. Мирзиёев Душанбеда бўлиб ўтган маслаҳат учрашуви доирасидаги саммитда, Қўштепа каналининг Амударё сувига таъсири бўйича давлатлараро ишчи гуруҳ тузиб, Афғонистонни бу борадаги минтақавий мулоқотга чорлаш кераклигини айтди.

АҚШдан 25 нафар инглиз тили ўқитувчиси Ўзбекистонга келди. Улар республиканинг 11 та ҳудудида 10 ой давомида маҳаллий ўқитувчилар малакасини ошириш дастурини амалга оширади. Дастур доирасида америкалик педагоглар айрим мактаблар ва университетларда ўқувчи ва талабаларга бевосита дарс бериши ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Қорабоғда ўтказилган президент сайловини тан олмайди. Расмий Тошкент дўст Озарбойжон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлаши ва унинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралашини маълум қилди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 9 сентябр куни Степанакертда бўлиб ўтган жараён “қўштирноқ ичидаги сайлов” деб аталган.

Ўзбекистонда Chevrolet Captiva сотуви қайта тикланиши мумкин. UzAuto Motors хабарига кўра, ҳозирда синов жараёни ўтказиляпти. Сотув октябр охиригача бошланиши айтилмоқда. Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 2021 йилда ҳам Captiva–5 сотувини бошлаб, бироздан кейин тузилган шартномаларни бекор қилган, бунга сабаб сифатида бу автомобил Ўзбекистон иқлимига тўғри келмагани айтилганди.

Мавзуга оид