Нуқтайи назар | 19:53 / 18.09.2023
187498
2 дақиқада ўқилади

Арманистонда Қорабоғ бўйича янги умид пайдо бўлганми?

Россиядан узоқлашиб, НАТОга яқинлашаётган Арманистон Ғарбдан Қорабоғ бўйича худди Исроил каби бошқача норасмий мақом умид қилаётган бўлиши мумкин, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Фото: Sergei Grits / AP

Бир неча кун олдин Қорабоғда этник арманлар томонидан президентлик сайлови ўтказилди. Аммо дунё давлатлари, шунингдек, Россия ҳам бу сайловларни тан олмади. Лекин сайловнинг ўтиши расмий Ереван янги геосиёсий ўйин бошлаганини билдиради.

2020 йилдаги 44 кунлик урушда Арманистоннинг ютқазиши Еревандаги элита томонидан жуда оғриқли қабул қилинди. Бундан кейин минтақавий қудратли кучлар бўлмиш Туркия, Хитой ва Россия иштироки ва босимида Қорабоғни берамиз деган тафаккур пайдо бўлган эди. Аммо бугун уларда янги бир умид пайдо бўляпти.

Арманистон Россиядан узоқлашяпти, бу стратегик узоқлашув, Пашиняндан бошқа сиёсатчи келса ҳам, шундай давом этади, чунки Россиядан кучли аразлаган. Россия ҳар қандай ҳолатда ҳам Қорабоғ Арманистонга тегишли деган позицияда бўлади деб ўйлашган эди. Ўша вақтда Россия ҳукумати ҳам аралашмади ва Қорабоғни Озарбойжонга тегишли деб тан олди. Агар Озарбойжон Арманистоннинг ҳудудига таҳдид қилсагина КХШТ аралашади, деган маънода баёнот берди.

Сайловлардан кейин Арманистонда умид пайдо бўляптики, Ғарб билан яқинлашув фонида Қорабоғга янги мақом берилар, деган. Лекин менимча, бунинг иложи йўқ. Бамисоли Арманистон Исроилга ўхшаб (Исроил йиллар давомида Фаластин ерларини эгаллаб олгандек) Қорабоғни сақлаб қолиш имконияти бўлади деган умиди бўлиши мумкин, лекин ўйлайманки, бунинг иложи йўқ. Чунки асосий ўйинчи бўлмиш АҚШ сайловни мутлақ тан олмади ва бундай кейин ҳам шундай бўлади. Агар тан олса, АҚШ ва коллектив Ғарб манфаатлари учун зиддиятли вазиятлар кўпайиб кетади.

Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи

Юқоридаги фикрлар Камолиддин Раббимовнинг Kun.uz сайтига берган интервюсидан олинган.

Мавзуга оид