Аёл кишини хизмат автомобилига ўтқазишда ортиқча қўполлик ишлатган ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланди
Фарғонада рўй берган воқеада аёл чорраҳада тиланчилик билан шуғулланиб, машиналар ҳаракатига халал бергани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари аёл кишига нисбатан қўпол ҳаракат қилгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат 18 сентябр куни Фарғона шаҳрида содир бўлган.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, аёл автомобил йўли кесишмасида тиланчилик билан шуғулланиб, машиналар ҳаракатига халал берган. Ходимлар унинг шахсига аниқлик киритиб, маъмурий чора кўриш мақсадида бўлимга олиб боришга ҳаракат қилганларида аёл уларга қаршилик кўрсатган. Шундан сўнг икки ходим қўпол ҳаракатлар билан аёлни автомобил ичига киритишган. Бу ҳаракатлар видеотасвирга тушиб қолиб, ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.
“Ҳозирги вақтда йўлларнинг қатнов қисмида, бозорларда тиланчилик қилишда ота-оналар, қариндошлари, яқинлари томонидан чақалоқлар ва вояга етмаган болалардан фойдаланилишининг олдини олиш учун комплекс профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Видеода ППХ ходими уларнинг талабига бўйсунмаган, 1 ёшли боласи билан йўлнинг қатнов қисмида тиланчилик қилаётган аёлни олиб кетаётгани тасвирланган.
Аёл бошқа вилоятда яшайди, турмушга чиққан, икки боланинг онаси. Бу ҳолатгача уни оғзаки огоҳлантиришган, бироқ у йўлнинг қатнов қисмини тарк этмаган. Кейин ходимлар унинг шахсини аниқлаб, маъмурий чора кўриш учун қўлидаги гўдак билан бирга олиб кетмоқчи бўлишганида аёл қаршилик кўрсатган. Жараёнда аёл боласини ерга ташлаб юборишига озгина қолган. Шундан сўнг эса ходим аёл кишига нисбатан қўпол муносабатга йўл қўйган.
Бундай хатти-ҳаракат раҳбариятимиз ва ҳамкасбларимиз томонидан кескин қораланади”, дейди Шоҳрух Ғиёсов.
Қўшимча қилинишича, аёл ходим устидан ҳеч қандай шикоят қилмаган. Бироқ ҳозирда ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланган ҳамда қонуний чора кўрилади.
Мавзуга оид
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
11:59 / 05.11.2024
Ўзбекистонлик олимлар Фарғона водийсидан янги балиқ турини топди
11:36 / 04.11.2024
Тошкент шаҳар ИИББ ходимларига 8 та BYD ва 15 та Damas берилди
09:40 / 02.11.2024