Жаҳон | 10:10 / 18.09.2023
4910
3 дақиқада ўқилади

Одесса портига вақтинчалик йўлак орқали дастлабки иккита кема кирди

Черноморск порти сувларига Палау байроғи кўтарилган юк кемалари етиб келди. Улар Африка ва Осиё мамлакатлари учун қарийб 20 минг тонна буғдой олиб кетади. 

Фото: Stringer/AFP

Украинанинг Одесса вилоятидаги Черноморск портига Россия «ғалла битими» деб аталмиш шартномадан чиққанидан кейин Қора денгизда ўрнатилган вақтинчалик йўлакдан фойдаланган ҳолда дастлабки иккита юк кемаси етиб келди. Бу ҳақда 17 сентябр, якшанба куни MarineTraffic ресурси маълумотларига таяниб. «Интерфакс-Украина» агентлиги хабар берди.

Палау байроғи кўтарилган Туркиянинг Aroyat ва Resilient Africa юк ташувчи кемалари бир кун аввал мос равишда соат 18:00 ва 22:00 лар атрофида портга кирди. Украина жамоалар, ҳудудлар ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Александр Кубраковнинг аниқлик киритишича, кемалар портга Осиё ва Африка мамлакатлари учун салкам 20 минг тонна буғдойни олиб кетиш учун келган. 

Қора денгиздаги вақтинчалик йўлаклар

Украина ҳарбий-денгиз кучлари 10 август куни Қора денгизда вақтинчалик йўлаклар яратилганини маълум қилди. Маҳкама хабарида таъкидланишича, йўналишларда россиялик ҳарбийлар, шунингдек, миналар таҳдиди сақланиб қолмоқда, шунинг учун фақат капитанлари ёки эгалари хавфли шароитларда сузишга тайёрлигини расман тасдиқлаган кемаларга ўтишга рухсат этилади. 

16 август куни 2022 йил февралидан буён портда бўлган «Йозеф Шулте» контейнер кемаси Одесса портини тарк этди. Кўп ўтмай яна тўртта кема янги маршрутдан фойдаланди. 

Россиянинг «ғалла битими»дан чиқиши 

Июл ойи ўрталарида Россия ҳукумати «ғалла битими»дан чиқишини эълон қилди. Шундан сўнг, Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгиз бўйлаб Украина портларига йўл олган барча кемаларни ҳарбий нишонлар, бу кемаларда байроқлари ўрнатилган давлатларни Киев томонидаги уруш қатнашчилари деб атади.  

Эртаси куни Украина Мудофаа вазирлиги ҳам худди шундай баёнот бериб, Қора денгизда Россия портлари ва Россия томонидан эгаллаб олинган Украина ҳудудларига кетаётган барча кемаларни ҳарбий юкларни олиб ўтувчи сифатида кўриши ҳақида огоҳлантирди. 

Мавзуга оид