Ўзбекистон—Америка бизнес-форумида 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди
Президентнинг АҚШга ташрифи арафасида Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди. Энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техникавий ҳамкорлик соҳалари бўйича 12 та ҳужжат имзоланди.
Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи арафасида — 15 сентябр куни Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси бошқаруви раиси Кэролин Лэмм, АҚШ Эксимбанки президенти Рета Жо Люис ва давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Дас Марк Поммершайм сўзга чиқди.
Унда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва инвестиция тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, АҚШнинг АКТ, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, банк иши ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.
Форум давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар жадал суръатларда ривожланиб бораётгани ва бунга раҳбариятнинг сиёсий иродаси, ҳукуматлар ва тадбиркор доиралар орасидаги доимий ҳамкорликнинг ўрни катта экани таъкидланди.
Шунингдек, унда Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, савдо, саноатни ривожлантириш ва сармоявий муҳитни яхшилаш бўйича эришган муҳим ютуқлари тақдим этилди. Хусусан, бошқа фактлар қаторида эркин бозор ва соғлом рақобат механизмлари яратилгани, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш, энергия ресурслари билан таъминланганлик, иқтисодиётда давлат иштирокининг қисқариши ва кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнлари бошлангани қайд этилди.
Бундан ташқари, форумда тоғ-кон, кимё ва энергетика, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электроника, ахборот технологиялари каби қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди. Юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишда катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Тадбир давомида глобал рақобат, таъминот занжири барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш, стратегик прогнозлаш, хусусийлаштириш ва молиявий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича алоҳида сессиялар ўтказилди.
Бизнес-форум иши Ўзбекистон ва АҚШ вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва етакчи компаниялари раҳбарларининг G2B ва B2B форматидаги учрашувлари билан давом этди. Иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишга муваффақ бўлди.
Тадбир якунида энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда 12 та ҳужжат имзоланди.
Мавзуга оид
00:37 / 25.11.2024
Олимлар қаҳванинг ичакдаги бактериялар таркибига таъсирини аниқлади
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
14:30 / 01.10.2024
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Саудия инвестициялар вазири билан музокара ўтказди
08:50 / 14.09.2024