Ўзбекистон | 10:42 / 18.09.2023
30084
9 дақиқада ўқилади

Сувсизлик таҳдидлари: ечимлар муаммоларга мутаносиб эмас

Ўзбекистонда 1 литр энг арзон бензин – 6050 сўм, 1 литр идишдаги ичимлик суви эса 3000-4000 сўм. Бошқа кўплаб мамлакатларда эса бу қийматлар солиштирилганда “сув бензиндан ҳам қиммат” бўлган далиллар, ҳақиқатлар, хулосаларга дуч келамиз. Бутун дунёда кузатилаётган сув инқирози хавотирлари Ер юзи ва Ўзбекистон аҳолиси учун қанчалик яқин? Kun.uz сув билан боғлиқ асосли, хавотирли ва танқидий маълумотларни ушбу мақолада жамлади. Мавзу долзарб, ёзилишга ва ўқилишга эҳтиёж бор!

Сув – бу...

Мақола аввалидан сувнинг нима эканини эслатиб ўтишни жоиз топдик. Чунки унинг дунё ва мамлакатимиз миқёсида муаммога айланишида сиз ва биз – ҳаммамизнинг ҳиссамиз бор. Демак, сув бу:

  • инсон организмининг 55-65 фоиз (болаларда 80 фоизгача) таркиби...
  • Сайёрамизда энг кўп фойдаланиладиган ва камайиб бораётган ресурслардан бири...
  • XXI асрда давлатлараро таҳдид ва урушларга сабаб бўладиган омиллардан бири...
  • Ернинг 70 фоиздан кўпроқ қисмини қоплаган бўлса-да, шундан атиги 3 фоизи ичиш учун яроқли бўлган оби-ҳаёт...
  • Дунё бўйлаб иқлим миграцияси ва муҳожирларининг кўпайишига олиб келувчи сабаблардан бири...
Фото: Change.org

Сувсиз қолган одам энг узоғи 1 ҳафтагача яшаши мумкин. 2023 йилда 2 миллиард одам, яъни Ер юзи аҳолисининг чорак қисми тоза ичимлик сувисиз қолади ва яқин 10 йилликда буларга 700 миллион одам қўшилади. Демак, юқорида ёзилганидек – мавзу долзарб, ёзилишга ва ўқилишга эҳтиёж бор!

Дунё асосан сувдан иборат, лекин сув муаммо...

Сувнинг тузли (океан ва денгизларда), чучук (дарё, кўл, ер остида ва муз кўринишида), ёмғир, минерал ҳамда инсоният томонидан қайта ишлов берилган шаклдаги турлари бор. Дунёнинг ¾ қисми сувдан иборат. Шуни ичимлик сувига айлантириб қўйса бўлмайдими? Бўлади. Фақат бу жуда қиммат жараён. Масалан, ичимлик суви сарфи бўйича энг етакчи деб саналадиган давлат – Саудия Арабистонида (1 киши учун кунига 500 литр сув тўғри келади) 5,5 млн кубометр ичимлик суви ишлаб чиқариш учун 350 минг баррел нефт сарфланади. Парадокс ҳолат юзага келадики, 1 баррел нефт ишлаб чиқариш учун эса 159 литр сув ишлатилади. Шундан ҳам кўриш мумкинки, океан ва денгиз сувларини чучук сувга айлантириш ўзини деярли оқламайдиган қиммат жараён.

Qizdirib tuzsizlantirish / Youtube

Меъёр қанча, сарф қанча?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрига кўра, бир кишининг эҳтиёжлари учун кунлик 50-100 литр сув керак. Африканинг қишлоқ жойларида бир киши одатдагидан сезиларли даражада паст ва кунига 10-20 литр сув сарфлайди. АҚШда аксинча, нормадан анча даражада юқори – 450 л. Канадада – 340 л, Японияда – 320 л. Ғарбий Европада сув таъминоти хизматларининг юқори нархи туфайли у 130 дан 180 литргача ўзгариб туради. Руслар европаликларга қараганда кўпроқ исрофгар – 250 литр. Аммо сувни энг кўп сарфлайдиган давлат бу – Саудия Арабистони аҳолисидир: уларга бир киши учун кунига 500 литр керак бўлади.

Фото: Politico.com

Ўзбекистонда-чи?

“Ўзсувтаъминот” АЖнинг Kun.uz’га тақдим қилган маълумотларида республика бўйича кунлик бир кишига истеъмол ўртача 99,2 литр (Фарғона вилоятида – 200 литр, Тошкент шахрида – 174 литр, Навоий вилоятида-170 литр, Хоразм вилоятида – 143 литр, Жиззах вилоятида – 130 литр, Тошкент вилоятида – 126 литр, Сирдарё вилоятида – 103 литр, Самарқанд вилоятида – 96 литр, Андижон вилоятида – 84 литр, Наманган вилоятида – 75 литр, Сурхондарё вилоятида – 74 литр, Қорақалпоғистонда – 55 литр, Қашқадарё вилоятида – 42 литр)га тўғри келади.

Суви кўп ва суви кам давлатлар

Дунёда сув ҳар хил тақсимланган. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, энг катта чучук сув ресурсларининг эгалари Бразилия (8233 куб км), Россия (4507 куб км), Канада (2902 куб км), Индонезия (2838 куб км), Хитой (2830 куб км), Колумбия (2132 куб км), АҚШ (2071 куб км), Перу (1913 куб км) ва Ҳиндистон (1897 куб км).

Чучук сув муаммосига дуч келаётган давлатлар эса Яқин Шарқ, Шимолий Африка аҳолиси, Марказий Осиё, Корея, Австралия, Руминия, Молдова, Венгрия ва ҳатто АҚШнинг шимолий ҳудудларидир.

Сув нархлари энг арзон ва энг қиммат давлатлар

Numbeo таҳлилий портали дунёнинг 99 та давлатидаги 1,5 литр идишдаги сув нархларини маълум қилди. Унда Коста Рика 26 710 сўм билан суви энг қиммат давлат деб топилган бўлса, бу қиймат Мисрни 2566,52 сўм билан энг арзон давлатга айлантирди. Суви арзон сотилаётган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон 91-ўринни эгаллаган. 

 

Ўзбекистонда сув билан боғлиқ рақамлар ва фактлар

1.    Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурсларининг:

- 87 фоизи қишлоқ хўжалигида;

- 9 фоизи энергетика, саноат ва балиқчилик мақсадларида;

- 4 фоизи эса ичимлик сув ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилади.

Фото: "O'zsuvta'minot" AJ

2.    Ўзбекистонда ичимлик суви истеъмолчиларининг давлатдан қарздорлиги айни пайтда 1,36 триллион сўмга етган бўлса, шундан 644 млрд 41 млн сўмлик қарздорлик сув учун 1 млн сўмдан ортиқ пул тўламаган қарийб 281 минг нафар юртдошларимизнинг ҳиссасига тўғри келади.

Фото: "O'zsuvta'minot" AJ

3.    Ерости сувлари сатҳи ва захиралари камайиб бормоқда. Шу сабабли 23 та туманда қудуқлар бурғилашга мораторий жорий этилди.

Фото: "O'zsuvta'minot" AJ

Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларнинг қўлланмаслиги, суғоришдаги эскича ёндашувлар, сув ва сув оқова тармоқларидаги техник камчиликлар, кўчаларда тоза ичимлик сувининг беҳудага оқиб ётиши, аҳоли томонидан ҳам ичимлик суви билан томорқа суғориш, автомобилларни ювиш, кўчаларга водопроводдан сув сепиш, сув учун тўловларни вақтида қилмаслик, аномал иссиқ – буларнинг ҳаммаси копмлекс тарзда йилдан йилга мамлакатимизда сув ресурсларининг камайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, экспорт бўлаётган озиқ-овқат, кийим-кечак, текстиль ва бошқа маҳсулотлар билан ҳам виртуал кўринишдаги сувлар Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетмоқда.

Фото: "O'zsuvta'minot" AJ

Ечимлар сифатида кўрилаётган номуқобил вариантлар

Дунёда сувсизлик таҳдидларига ечим сифатида бир қатор вариантлар кўрилмоқда. Лекин уларни арзирли ва ишончли деб бўлмайди. Масалан, чучук сувларнинг энг асосий қисми, яъни 40 фоизи ерости сувларидир. Уларни қазиб чиқариш – биринчидан, қиммат, иккинчидан, оғир меҳнат талаб қилувчи, учинчидан эса тугаб борувчи ва барибир вақти келиб, ерости қудуқларини қуритувчи, сув инқирозига олиб келувчи вақтинчалик ечим.

Ичимлик сувининг яна бир муҳим манбаи ерусти тоза сувидир. Улар кўллар, дарёлар, тўғонлар ва сойларда сақланади. Дарёлар ва тўғонлар сув таъминоти учун муҳим бўлса-да, улар фақат 1 фоизгина чучук сувни ўз ичига олади. Чучук сувнинг тахминан 0,001 фоизи атмосфера буғи бўлиб, улар Ер сайёрасида ёмғир ва қор билан алмашиниб туради. Дунё олимлари томонидан ичимлик суви муаммосига бироз ечим сифатида атмосфера сув алмашинувини тартибга солиш учун ёмғир булутларига таъсир қилиш ёки тумандан сув конденсатини олиш каби хаёлий ғоялар ҳам илгари сурилмоқда.

Фото: Cbn.com

Сув омборларини ташкил қилиш  XX асрда сувсизликни камайтириш борасидаги ютуқлардан бири сифатида баҳоланади. Охирги 50-70 йил ичида сув омборлари сони ўн баравар кўпайган. Шу йиллар давомида ҳар куни ўртача иккита сув омбори ишга туширилган. Дунёда жами 60 мингдан ортиқ сув омборлари яратилган бўлиб, уларнинг умумий ҳажми (6500 куб км) Ер шарининг барча дарёларидаги бир марталик сув ҳажмидан 3,5 баравар кўпдир. Майдони жиҳатидан эса умумий кўламини Қора денгиз билан қиёслаш мумкин. Аммо сув омборларининг хавфсизлигини кафолатламайди. Чунки улар ифлосланишга, шу жумладан, қасддан ифлосланишга, шунингдек, табиий ва техноген офатлар таъсирига дучор бўлишлари мумкин.

Айсберглар ва музликлардан чучук сув олиш масаласи ҳам муҳокама қилинади. Аммо ҳозирда буни техник жиҳатдан амалга ошириш мумкин эмаслигидан ташқари, бундай лойиҳалар сайёрамиз экологиясига қандай оқибатлар олиб келиши номаълум.

Сувсизлик бу – асрнинг глобал муаммоси экан, бунга барча дунё давлатлари биргаликда курашиши, бир-бирига ёрдам бериши, аҳоли эса сувдан фойдаланиш маданиятини ҳис қилган ҳолда амал қилишлари керак. Чунки бир ерда сув билан боғлиқ муаммо катталашгани сари у ерда ҳаёт умиди сўниб бораверади. Сувга эҳтиёжи бор жамики жонзотлар эса сувли мамлакатларга қараб кўча бошлайди. Ва бу ўша давлатнинг ҳам муаммосига айланади. Кеч бўлса-да, вақтимиз бор, дунёни биргаликда бу инқироздан қутқаришимиз лозим!

Сардорбек Усмоний тайёрлади.

Мавзуга оид