Жаҳон | 09:57 / 19.09.2023
8242
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон ҳукумати мамлакатда тўнтаришга тайёргарлик кўрилганини маълум қилди

Гуржистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, бир гуруҳ шахслар Европа Иттифоқининг Тбилисига номзод мақомини беришдан бош тортишига умид қилиб, октябр-декабр ойларида тартибсизликлар уюштирмоқчи бўлган.

Фото: Максим Поляков / Коммерсантъ

Гуржистонда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрган гуруҳ фош этилди, деб хабар берди мамлакат Давлат хавфсизлик хизмати 18 сентябр, душанба куни. Унга кўра, тегишли шахслар ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда ҳаракат қилган. «Бузғунчи жараёнлар бошланиши учун танланган давр жорий йилнинг октябр-декабр ойлари бўлиб, ўшанда Европа комиссиясининг Гуржистонга Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомини бериш ёки бермаслик ҳақидаги қарори оммага эълон қилиниши керак», - дейди махсус хизмат.

Унга кўра, гуруҳ аъзолари Еврокомиссия Гуржистонга номзод мақомини бермаслигига умид қилган ва бу қарордан Тбилиси ҳукуматини россияпараст сиёсат юритаётганликда айблаш учун фойдаланиши мумкин бўлган. Махсус хизмат хабарида айтилишича, фитна ташкилотчилари - Гуржистон собиқ ички ишлар вазири Вано Мерабишвили, унинг собиқ ўринбосари, ҳозирда Украина ҳарбий аксилразведкаси бошлиғи ўринбосари Гиа Лордкипанидзе, Гуржистон собиқ президенти Михаил Саакашвилининг қўриқчиси Михаил Батурин, шунингдек, Украинада фаолият юритувчи «Гуржистон легиони» қўмондони Мамука Мамулашвили. 

«Фитначилар ўз режаларини хорижнинг молиявий кўмаги ҳамда Украинада жанг қилаётган, «Канвас» ва «Отпор» ташкилотларига аъзо бўлган гуржи миллатига мансуб ёшларнинг катта гуруҳи ёрдамида амалга ошириш ниятида бўлган. Айнан шу ташкилотлар Сербия ва бошқа мамлакатларда «инқилобий» жараёнларда фаол қатнашган», — дейилади Давлат хавфсизлик хизмати баёнотида. 

Саакашвилининг партияси барча айбловларни рад этди 

Мухолифатдаги Михаил Саакашвилининг «Бирлашган миллий ҳаракат» партияси давлат тўнтаришига тайёргарлик ҳақидаги барча айбловларни рад этди. Унинг таъкидлашича, бундай айбловлар орқали Тбилисидаги амалдаги ҳукумат жамоатчиликни «Европа Иттифоқи Гуржистоннинг россияпараст ҳукуматига номзод мақомини беришдан бош тортишига» тайёрламоқда. Мамука Мамулашвили ҳам Давлат хавфсизлик хизмати баёнотига муносабат билдирди, у Гуржистон оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида айбловларни «сохта» деб атаган. 

Украина ва Молдовага 2022 йил июн ойида Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақоми берилган бўлса-да, Гуржистон бу мақомни олиш учун муайян ислоҳотларни амалга ошириши керак. ЕИ томонидан санаб ўтилган ўн иккита энг долзарб йўналишлар орасида сиёсий қутбланишга қарши кураш, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, коррупцияга қарши мустақил орган яратиш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва «деолигархизация» бор. Октябр ойида Еврокомиссия Гуржистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиши бўйича кейинги қарорлар учун асос бўладиган ҳисобот тақдим этишни режалаштирмоқда. 

Мавзуга оид