«Медуза» асосчиларидан бирини жосуслик дастури орқали кузатишган. Бунинг ортида Европа давлатлари турган бўлиши мумкин
Россиядаги энг йирик мустақил нашрлардан бири «Медуза» асосчиларидан бири Галина Тимченконинг телефони исроиллик собиқ разведкачилар яратган Pegasus жосуслик дастури орқали кузатилган. Бу ҳақда нашр эълон қилган суриштирувда айтилади. Агар чиндан шундай бўлса, Тимченко Исроилда фаолият юритувчи NSO Group яратган Pegasus дастури орқали телефони бузиб кирилган биринчи россиялик бўлган.
Пригожин исёни куни
2023 йил 23 июн куни Россияда ҳамма Евгений Пригожиннинг ҳарбий исёни ҳақида гапираётган бир вақтда «Медуза» асосчиларидан бири Галина Тимченкога нашрнинг Ригадаги офиси техник бўлимидан телефон қилишади. Тимченко у билан гаплашган бўлим бошлиғи Алексейнинг сўзларидан нимадир муаммо бўлганини сезади.
Фақат мана шу қўнғироқдан кейингина Тимченко аввалроқ Apple'дан келган «Телефон ҳукумат таъсиридаги ҳакерлар ҳужумига учраган бўлиши мумкинлиги» ҳақидаги смс хабарномани эслади. «Медуза» узоқ йиллар давомида Россияда турли хил ҳакерлик ҳужумларига учрагани сабаб Тимченко бунга эътибор қаратмаганди.
Ригадаги таҳририят офисига борганида Тимченкога уни телефони орқали кузатган бўлишлари мумкинлигини айтишади-да, телефони ва компютерини олиб текширишни бошлашади. Apple'дан келган смсни ҳам таққослаб, чиндан муаммо борлигига амин бўлишгач, бу борада мутахассис бўлган Access Now интернет бўйича ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилишади. Улар кўплаб ҳакерлик ҳужумига учраган журналист ва ҳуқуқбонларга ёрдам беришган.
Ёрдамга Citizen Lab техник мутахассислари ҳам жалб қилинади ва улар биргаликда Галина Тимченконинг телефони Pegasus жосуслик дастури орқали бузиб кирилганини аниқлашади. Бу дастур исроиллик собиқ разведкачилар томонидан яратилган ва дунёнинг кўплаб махсус хизматлари ундан фойдаланади.
Таҳлиллар натижасида Галина Тимченконинг телефони фақат ва фақат давлат махсус хизматлари ишлата оладиган жосуслик дастури орқали 2023 йил 10 феврал куни бузиб кирилгани аниқланади. Шу тариқа журналистнинг телефонида мавжуд бўлган барча маълумотлар кимлиги аниқ бўлмаган давлат махсус хизматлари қўлига тушиб қолади. Бу дастур сим-карта орқали телефонга кириш имконини қўлга киритгач, унга жойлашиб олиб экранда кўринадиган ҳар қандай маълумот, телефон геолокациясигача аниқлай олади. Бу дастур орқали курилмадаги алоҳида паролланган мессенжерлардаги ёзишмаларни ҳам бемалол кўриш мумкин.
Исроиллик собиқ разведкачилар ишлаб чиққан ушбу дастур асосчилари уни фақат давлат махсус хизматларига махсус рухсатнома билан сотишларини иддао қилади. Яна уларнинг иддаосига кўра, Pegasus дастури террорчиларни кузатиш учун яратилган, лекин ҳозиргача ушбу дастур орқали кузатилган террорчи қўлга олингани ҳақида маълумот йўқ. Аммо ўнлаб ҳуқуқ фаоллари, журналист ва мухолифатчилар ушбу жосуслик дастури қурбони бўлгани маълум. Масалан, саудиялик журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилишидан бироз аввал унинг хотинига тегишли телефон айнан Pegasus орқали бузиб кирилган.
Мексикалик журналист Сесилион Пинеду Бирто ҳукумат вакиллари унинг телефонини Pegasus дастури билан кузатишга қарор қилганидан бир неча ҳафта ўтиб отиб кетилган. БАА ва Таиландда эса бу дастур орқали кузатилган мухолифатчилар кўп ўтмай қамалган.
Ҳозиргача бу халқаро қонунларга зид бўлган дастур орқали неча кишининг телефони бузиб кирилгани Pegasus устида жиддий суриштирувлар олиб борганларга ҳам аниқ эмас. Лекин бу жосуслик дастури қандай тартибда сотилиши ҳақида маълумот бор. Масалан, ҳукуматлар махсус хизматлари Pegasus асосчиларидан ҳар бир вирус учун алоҳида шартнома олишади. Яъни 10 киши ёки 20 кишининг телефонини бузиб кириш учун алоҳида шартнома олинади. Ҳар бир бузиб кириш нархи ўнлаб миллион доллар туради.
Citizen Lab таҳлилчиларига кўра, Тимченконинг телефонига HomeKit ёки iMessage иловалари орқали бузиб киришган.
Германиядаги тадбир олдидан
Одатда Pegasus жосуслик дастури орқали кимнингдир телефони бу объект қандайдир йирик тадбирда иштирок этишидан аввал бузиб кирилади. Мутахассисларнинг айтишича, исроилликлар ўйлаб топган жирканч дастур ёрдамида бузиб кирилган телефондан кейинчалик атрофдагиларни эшитиш, ҳатто камерани офлайн ёқиш орқали кўриб туриш ҳам мумкин. Ва буларнинг ҳеч бири учун қурилма интернетга уланган бўлиши шарт эмас.
Тимченконинг телефонини 2023 йил 10 феврал куни бузиб киришади. Эртасига эса Тимченко бу ҳақда билмаган ҳолда Берлиндаги Россия мустақил ОАВлари учун ўтказилган конференцияда қатнашади.
Ким қилган? Катта эҳтимол, Россия эмас
Тимченконинг эслашича, телефонини бузиб киришганини эслагач, хаёлига келган ягона давлат Россия бўлган: «Яна қайси давлат махсус хизматларига керак бўлишим мумкин?» дейди журналист. Аммо ҳозиргача Россия Pegasus жосуслик дастури орқали кимнингдир телефонини бузиб киргани, умуман бу дастурни сотиб олгани ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Бу жирканч жосуслик дастури асосчиларининг айтишича, Россия уларнинг маҳсулотини сотиб олишни жуда хоҳлаган, лекин бунга Исроил томони рухсат бермаган. Ҳа, Pegasus асосчилари ўз дастурларини Исроил рухсатисиз ҳеч кимга сотмаслиги, «Исроил ва АҚШ манфаатларига зид иш қилмаслигини» иддао қилади. Бошқа версияга кўра, Россия томони бу дастур Исроил томони билан келишган ҳолда ишлаши учун уни сотиб олишни истамаган.
Citizen Lab мутахассислари 2016 йилда илк марта Pegasus жосуслик дастурининг изини аниқлашган ва улар шундан буён қайси давлатлар бу дастурдан кўпроқ фойдаланишини таҳлил қилиб келади. Бу компания техниклари ҳозиргача Россиядан туриб ҳам, Россиядаги объектга нисбатан ҳам бу дастур ишлаганини аниқламаган.
Россияга сотишмаган бўлса, бу ишни Москва сўрови билан бошқа давлат қилиши мумкин-ку, деган савол пайдо бўлади. Чиндан шундай, бу дастурдан фойдаланадиган давлатлар орасида «Россияга йўқ дея олмайдиганлар» ҳам топилади. Масалан, Қозоғистон ёки Озарбойжон. Масалан, Қозоғистон ҳеч қандай огоҳлантиришсиз «Медуза»ни икки марта блоклаб қўйган ва Тимченкога ҳам улар ҳужум қилган деб ўйлашга камида асос бор.
Лекин таҳлилчилар бу вариантни истисно қилади. Уларнинг сўзларига кўра, Қозоғистонга дастурнинг фақат мамлакат ичидаги телефонларга ҳужум қила оладиган версияси сотилган. Озарбойжон эса бу дастур орқали шу вақтгача фақат Арманистондаги нишонларга ҳужум қилиб келгани аниқланган. Қозоғистон ва Озарбойжон ҳозиргача Европадаги ҳеч бир нишонга ҳужум қилишдек таваккалга қўл урмаган. Техникларга кўра, уларда бундай имконият ҳам йўқ.
Латвия, Литва ёки Эстония
Кейинги вариант Россияни анчадан буён хушламайдиган Болтиқбўйи давлатлари. Access Now таҳлилида айтилишича, Латвияда Украинага босқиндан кейин ҳар қандай россияликни жиддий текшириш керак деб ҳисоблашгани сабаб Тимченко ҳужуми ортида айнан Рига турган бўлиши ҳам мумкин. Шу ўринда Чехия президенти Петр Павелнинг ушбу сўзлари эсга келади: «Агрессив уруш бошлаган давлат фуқароларини Ғарб махсус хизматлари обдан текшириши керак».
Citizen Lab ҳозиргача Латвия махсус хизматлари Pegasus орқали мамлакат ташқарисидаги нишонларга ҳужум қилганини аниқламаган. Тимченко эса ҳужум вақтида Берлинда бўлган. «Медуза» сўровига кўра Латвия Хавфсизлик хизмати Галина Тимченко телефонига амалга оширилган ҳужум ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини маълум қилган.
Яна бир гумондор давлат – Эстония. Citizen Lab мутахассиси Скотт-Рейлтоннинг айтишича, Эстония ҳам Pegasus дастурини сотиб олган ва ундан мамлакат ташқарисидаги нишонлар учун ҳам фойдаланган. Эстония разведкаси бу борадаги «Медуза» сўровини жавобсиз қолдирган.
Ва ниҳоят, охирги гумон Германиядан. Маълумотлар дахлсизлиги бўйича Европа комиссари ҳисоботида айтилишича, Германия Pegasus жосуслик дастурининг гўёки қонунларга зид бўлмаган «Pegasus-лайт» версиясини ишлатади. Лекин худди шу ҳисоботда Pegasus дастури Европа қонунчилигига зид экани айтилган.
Россиялик мустақил журналист телефонини Германия разведкаси бузиб киргани бўйича гумонни кучайтирадиган яна бир омил немислар тижорий жосуслик дастурларидан фойдаланмаслик бўйича келишувни имзоламаганидир. Масалан, Франция, Дания ва Швеция каби Европа давлатлари бу келишувни имзолаган.
Access Now таҳлилига кўра, Россия Украинага бостириб кирганидан кейин энг кўп руслар кўчиб борган давлатлар – Латвия, Эстония, Германия ва Нидерландия Pegasus дастуридан фойдаланади. Компания мутахассислари Тимченко телефонига қилинган ҳужум бу йилда Европадаги нишонларга амалга оширилган худди шу кўринишдаги тўртинчи ҳолат эканини аниқлаган.
Pegasus асосчилари жавоб бермади
«Медуза» бош муҳаррири Иван Колпаков сайт асосчиларидан бирининг телефонига бузиб киришганига муносабат билдирди: «Бу Европа ҳукуматларидан бирининг иши экани ҳақидаги версияни муҳокама қилаётганимизнинг ўзидан ҳайратдаман. Жуда содда одамдирман, лекин бунақаси бўлмайди деб ўйлардим. Бунинг оқибатлари ёмон бўлади, гап фақат бизнинг эмас, бутун Европа медиаси ҳақида кетмоқда. Россиялик журналист телефонига бундай дастур ўрнатган Европа ҳукуматини худди шу ишни европалик журналист билан ҳам қилишдан нима қайтариши мумкин?» деган у.
Галина Тимченконинг ўзи жим турмаслиги, юристлар айтган ишни қилишини айтди. Исроиллик Pegasus асосчилари бўлмиш NSO Group компанияси вакиллари эса «Медуза»нинг сўровларига жавоб бермади. Улар ҳатто бундай дастур Россия фуқароларига қарши ишлатилган ёки йўқлиги ҳақида саволга ҳам жавоб беришни истамаган.
Тимченконинг сўзларига кўра, унинг эски телефонидан Pegasus дастури ўчириб ташланган. Шунга қарамай, у телефонини хотира учун олиб қўйишини айтди: «Кузатаверинглар, лаънатилар. У телефонимда пардозчим билан ёзишмалардан бошқа ҳеч нарса йўқ», дейди журналист.
Ҳозирда NSO Group устидан судга иккита ариза тушган. Улардан бири Pegasus асосчиларини «ахлоқсиз ёлланма аскарлар» деб атайдиган Apple томонидан берилган. iPhone смартфонлари яратувчиси бўлмиш Apple компаниясининг дастурий таъминот бўйича вице-президенти Крейг Федериги бу ҳақда шундай деган: «Давлат қўлловидаги NSO Group каби ташкилотлар техникаларни кузатишга миллионлаб доллар сарфлаб, бу учун ҳеч қандай масъулиятни гарданига олмаяпти. Бу ўзгариши керак».
Маълумот учун, АҚШ NSO Group билан бизнес алоқа ўрнатишни мамлакатдаги барча тижорий ва давлат компаниялари учун тақиқлаган.
Мавзуга оид
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024