Рамзон Қодировнинг каналида у “тирик ва соғлом” экани маълум қилинди
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг Telegram-каналида у “тирик ва соғлом” экани айтилган пост эълон қилинди. Сўнгги вақтларда ОАВда унинг жиддий хаста экани, ҳатто комага тушган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар урчиганди.
“Яратганга шукр, мен тирикман ва соғломман. Ва умуман тушунмаяпман, нега мен ҳатто касал бўлиб қолсам ҳам шов-шув кўтарилиши керак? Лекин бунинг ўз плюси ҳам бор – энди қайси ОАВ ва қайси шахслар ўз ўқувчиларини очиқчасига алдашини аудитория билиб олди”, – дея ёзилган постда.
Аввалроқ матбуотда ва Telegram-каналларда Чеченистон раҳбари соғлиги ёмонлашгани сабаб Москвадаги Марказий клиник шифохонага олиб борилгани ҳақида хабарлар тарқалган, Кремлда бунга жавобан Қодировнинг “соғлигининг ҳолати ҳақида маълумотнома бера олмасликлари”ни айтишганди.
Қодиров 20 сентябр кунги постида ҳақиқатан ҳам шу шифохонада бўлганини тасдиқлади, лекин бошқа мақсадда – у ерда даволанган бобоси Магомед Қодировни кўриш учун борганини билдирди.
Постга илова қилинган видеода Қодиров шифохона палатасида бобосининг ёнида ўтиргани кўринади. Видеода шифокор Чеченистон раҳбарининг бобоси 2 ҳафтадан буён шифохонада эканини айтиб, “Бугун 20 сентябр” дея таъкидлайди.
Рамзон Қодировнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар сентябр ойи ўрталарида пайдо бўлди. Айрим манбалар у кома ҳолатида эканини ёзди. Украина разведкаси Қодировда аллақандай касаллик зўрайгани ва у “оғир ҳолатда” эканини даъво қилди. “Эхо Москви” собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов Чеченистон раҳбарида “типик оғир буйрак етишмовчилиги” кузатилгани, шу сабабли “тез-тез гемодиализ олишига зарурат борлиги ва бу, афтидан, Марказий клиник шифохонада бўлаётгани”ни ёзди.
17 сентябр куни Қодировнинг Telegram-каналига у боғда сайр қилаётгани акс этган видео жойланди. “Интернетда ростни ёлғондан ажрата олмайдиган ҳаммага тоза ҳавода сайр қилиб, ўй-хаёлларини тартибга келтириб олишни жуда ҳам маслаҳат бераман. Ёмғир яхшигина тетиклаштиради”, – дея ёзилганди видео остига. Ролик қачон ва қаерда ёзиб олингани маълум эмас.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024
Россияда картошка ва сариёғ нархи кўтарилишда давом этмоқда
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
13:49 / 09.11.2024