Ўзбекистон | 12:52 / 20.09.2023
10861
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмайди»

Президент Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро маркази ташкил этишни таклиф қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлади.

Қайд этилишича, экстремизм балоси тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни кучайтириш зарур.

Ўтган йил март ойида Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши глобал стратегиясини Марказий Осиёда амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича Миллий стратегия доирасида бир масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. У - илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масаласи.

“Биз бу борада ўзига хос тажриба орттирдик, беш марта “Меҳр” инсонпарварлик миссиясини ўтказдик. Унинг доирасида 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болаларни Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли низолар ҳудудларидан юртимизга қайтардик. Уларнинг барчасига тиббий, психологик, ижтимоий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди.

Халқаро жамоатчилик жорий йилнинг июн ойида мана шу ерда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида мамлакатимизга олиб келинган ва янги ҳаёт бошлаган шахсларнинг тарихини уларнинг ўзларидан эшитди.

Биз бу йўналишдаги ҳаракатларни давом эттириш ва доимий тажриба алмашишни йўлга қўйиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида уруш ҳудудларидан қайтганлар билан тизимли ишлаш бўйича Минтақавий экспертлар кенгашини тузишга қаратилган амалий қадамларни ташладик”, деди президент.

Таъкидланишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар халқаро терроризм каби умумий таҳдидларга қарши курашда янада бирлашиб, ҳаракат қилишлари керак.

“Яна бир муҳим фикрни таъкидлашни истардим. Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қиламиз.

Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид