Ўзбекистон | 14:33 / 21.09.2023
4220
2 дақиқада ўқилади

8 ойда 39 та ҳолатда овқатдан гуруҳли заҳарланиш қайд этилган

Ушбу заҳарланиш ҳолатларидан 414 нафар фуқаро жабрланган, улардан 86 нафари болалар.

Ўзбекистонда жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 39 та ҳолатда овқатдан гуруҳли заҳарланиш қайд этилиб, уларда 414 нафар фуқаро жабрланган, жабрланганларнинг 86 нафари болалардир. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, кейинги пайтларда республика аҳолиси ўртасида умумий овқатланиш шoхобчалари, тўйхоналар, мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, уй шароитида тайёрланган, сифатсиз маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ гуруҳли овқатдан заҳарланиш ва “Ботулизм” касалликлари қайд этилиши ортиб бормоқда.

Қайд этилган овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг келиб чиқиши сабаблари таҳлил этилганда: 

аксарият умумий овқатланиш объектлари, нодавлат таълим муассасалари ошхоналари санитария қоида ва меъёрлари талабларига мос келмаган ҳолда фаолият юритаётгани (ошхоналар лойиҳа бўйича қурилмаган, асосий ва ёрдамчи цехлар ташкил этилмаган, иссиқ сув билан таъминланмаган ва ҳ.к.); 

ошхоналарнинг жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган ва мавжудлари эса маънан эскирган ёки носоз ҳолатда экани;

таом тайёрлаш учун сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлатилиши;

умумий овқатланиш объектлари ошпазларининг кўпчилиги соҳа бўйича ўқимагани, уларнинг таом тайёрлаш технологияларини, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва реализация қилиш қоидаларини билмаслиги; 

аксарият ҳолларда “Санитария минимуми” ўқув курсларида ўқимаган,  санитария қоида ва меъёрлари, эпидемияга қарши элементар талабларни билмайдиган, тиббий кўрикдан ўтмаган ходимлар ишга жалб этилаётгани аниқланган.

Мавзуга оид