Жаҳон | 10:00 / 23.09.2023
8613
3 дақиқада ўқилади

Россия ўз филмини кетма-кет иккинчи йил «Оскар»га номзод қилиб кўрсатмайди

Россия ўз филмларини «Америка киноакадемияси мукофоти»га номзод қилиб кўрсатишни номақбул деб ҳисоблади. Украинадаги урушдан олдин рус филмлари мунтазам равишда хорижий тилдаги энг яхши филм номинациясида мукофот учун кураш олиб борарди.

Фото: The New Yorker

2023 йилда Россия ўтган йилгидек ўз филмини нуфузли «Оскар» киномукофотига номзод қилиб кўрсатмайди, Россия Оскар қўмитасининг иши эса тўхтатилди. Бу ҳақда 22 сентябр, жума куни қўмита собиқ уч нафар аъзосига таяниб, ТАСС агентлиги хабар берди.

Хусусан, продюсер ва режиссёр Фёдор Поповнинг айтишича, «Россия санкцияларга дучор бўлаётган, рус маданияти, спорти ва бошқа нарсалари таъқиб ва тақиқларга дучор бўлган ҳозирги шароитда «Оскар» Америка киноакадемияси мукофотига номзод бўлиш жуда номақбул кўринишга эга бўлади». Агентлик исм-шарифини ошкор қилмаган яна икки суҳбатдош ҳам 2023 йилда Россия Федерациясининг филми «Чет тилидаги энг яхши филм» номинациясида иштирок этмаслигини тасдиқлади. Россия Миллий кино санъати ва фанлари академияси президиуми матбуот хизмати ТАСС сўровига жавоб бермади.

Украинада уруш бошланганидан кейин Россия Киноакадемияси бир томонлама равишда рус филмини «Оскар»га номзод сифатида кўрсатишдан бош тортди. Натижада, Россия Оскар қўмитаси раиси, бу қарор ҳақида ТАСС маълумотидан хабар топган Павел Чухрай ўз лавозимини тарк этди. Ушбу «ноқонуний қарор Оскар қўмитаси раҳбарлари билан келишилмасдан қабул қилинган» ва ташкилот аъзоларидан «нафақат маслаҳат олинмаган, балки улар бундай қарор ҳақида хабардор ҳам этилмаган», деди Чухрай миллий Оскар қўмитаси аъзоларига йўллаган мактубида. Ундан ташқари яна бир қанча машҳур россиялик киноижодкорлар 2022 йилда қўмита таркибини тарк этди. 

Россия, СССР ва «Оскар»лар

Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин Россия мунтазам равишда ўз филмларини «Чет тилидаги энг яхши филм» номинациясида «Оскар» мукофотига номзод қилиб кўрсатган. Улар бир неча бор академиянинг якуний рўйхатига киритилган. Биринчи «Оскар»ни Россияга 1995 йилда Никита Михалковнинг «Қуёшда толиққанлар» драмаси олиб келган. Беш йил ўтгач, сценарий муаллифи ва режиссёр Александр Петров «Энг яхши қисқа метражли анимацион филм» номинациясида Эрнест Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» ҳикоясига мослаштирилган филми билан ғолиб бўлиб, орзу қилинган ҳайкалчани олди.

СССРда биринчи «Оскар» 1943 йилда «Энг яхши ҳужжатли филм» номинациясида олинган. Мукофот «Москва яқинидаги немис қўшинларининг мағлубияти» филмини суратга олган 15 фронт операторининг иши учун берилган. «Хорижий тилдаги энг яхши филм» номинациясида СССР яна учта «Оскар» олган: Сергей Бондарчукнинг «Уруш ва тинчлик», Акира Куросаванинг «Дерсу Узала» ва Владимир Меншовнинг «Москва кўз ёшларга ишонмайди» филмлари учун. 

Мавзуга оид