Алифбо бўйича таклиф, 2 соатлик контрактация ва боғчалардаги нохушлик — ҳафта дайжести
Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.
Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича узоқ вақтга чўзилиб кетган жараён ниҳоят якунига етиши бўйича янги умидлар пайдо бўлди. 22 сентябр куни алифбо ислоҳоти бўйича ишчи гуруҳ конференция ўтказиб, алифбонинг янги лойиҳаси бўйича келишиб олди. Таклиф этилаётган ўзгаришлар энг муаммоли тўртта ҳарфга тааллуқли. o‘, g‘ ва sh ҳарфларини 1993 йилги шаклларига (õ, ğ, ş) қайтариш, ch ундошини эса лотинча c ҳарфининг айнан ўзи, яъни думсиз шакли билан ифодалаш кўзда тутилган.
Доимгидек, илгари сурилган таклиф яна кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бизнингча, бу галги баҳсларнинг аввалгиларидан муҳим фарқи бор. Ҳозир узоқ йиллик қўшалифбо тизими ва саводсизликдан чарчаган фаоллар орасида ҳаммага маъқул келадиган идеал алифбони яратиш имконсиз эканини тан олиб, муросага келишга чақираётганлар сони кўпайгандек. Чунки бир нарса аниқ: лотин алифбомиздаги қусурларни тузатмай туриб, қўшалифбо тизимидан қутулиб бўлмайди; томонлар компромиссга бормас экан, ҳозиргидек муаммоли ҳолат давом этаверади.
Ёзувни тўғрилашга қарши бўлган кўпчилик масаланинг молиявий томонига мурожаат қиляпти. Лекин бу икки омилга кўра асоссиз. Биринчидан, тўртта ҳарф ўзгариши фақат янги ҳужжатлар, дарсликлар, пешлавҳалар ва бошқаларга тааллуқли бўлади, амалдагилари эса қачонки янгиланадиган пайти келганида ўзгаради холос. Алмаштирилмайдиган ҳужжатлар эса шунчаки ўз ҳолича қолаверади. Бу ўринда миллионлаб аҳолимиз СССР пайтида берилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалардан фойдаланаётгани, 1000 сўмлик купюра ҳозир ҳам кирилл алифбосида экани ҳеч қанақа муаммо туғдирмаётганини эслатиш ўринли. Иккинчидан эса, тўртта муаммоли ҳарфнинг ўзгариши ёзувга кетадиган вақт ва типография харажатларини камайтиради. Ҳисоб-китобларга кўра, амалдаги лотинча алифбода ёзилган 100 бетлик роман янги алифбода нашр этилса, 95 бетга тушади.
Муҳими, бир неча қутбларга бўлинган ўзбек лингвистикасининг элитаси бу сафар ниҳоят келишувга эриша олгани, энди гап сиёсий қарорни қабул қилишда қолгани айтиляпти. Эслатиб ўтамиз, президент июл ойида тошкентлик сайловчилар билан учрашувида лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш бўйича ишларни якунига етказиш кераклигини айтганди.
Максимал балл олиб контрактга кирган ёшларга президент гранти ажратилди
Ҳафта давомида ижтимоий муҳокамаларга сабаб бўлган яна бир мавзу – олий таълимга киришдаги имтиёзлар. Бу мавзу кўтарилишига кириш имтиҳонида максимал 189 балл тўплаганига қарамай, контракт асосида ўқишга қабул қилинган билимли ёшларнинг ОАВдаги чиқиши сабаб бўлди.
Гап шундаки, “Темурбеклар мактаби” деб аталувчи ҳарбий-академик лицейлар битирувчиларига ҳарбий олийгоҳларда ўзлари тўплаган балга 30 фоиз, бошқа ОТМларда 15 фоиз миқдорида балл қўшиб берилади. Натижада улар максимал 189 дан ҳам кўпроқ балл тўплаши мумкин. Бу эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига топшириб, максимал балл олган 6 нафар ўғил-қизнинг контракт асосида ўқишга қабул қилинишига олиб келган.
Журналистлар бу адолатсизликни кўтариб чиққач, бу ёшлар президент томонидан берилган алоҳида имтиёз бўйича давлат гранти асосида ўқийдиган бўлди. Маълум бўлишича, муаммо фақат дипломатия университетига топширган 6 нафар абитуриент билан рўй берган, яъни бошқа бундай ҳолатлар йўқлиги айтиляпти. Расмийларга кўра, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун “Темурбеклар мактаби”га ажратилган квоталар бундан кейин умумий квотага қўшилмайди.
UzAuto Motors 2 соатда 28 мингта автомобил сотдими?
Доимий тарзда шов-шувлар марказида турувчи UzAuto Motors бу сафар ўзгача тарзда жамоатчилик диққатини ўзига тортди. Компания душанба куни тушдан кейин Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo каби оммабоп моделлари учун шартнома бериш бошланганини эълон қилиб, орадан 2 соат ўтар-ўтмай сотувни тўхтатди. Компания хабарига кўра, бу жараёнда 28 мингта автомобил учун шартнома очилган ва улар қисқа вақтда ўз эгаларини топиб бўлган.
Лекин математик ҳисоб-китоблар UzAuto Motors рост гапираётганига шубҳа уйғотади. Компания расмий сайтида ишлаб чиқарувчининг Ўзбекистон бўйлаб 93 та расмий дилери борлиги кўрсатилган. Улар 28 мингта шартномани 2 соатда тарқатиб бўлган деб ҳисобланса, ҳар бир дилер соатига 150 та шартнома берган бўлади. Ҳар бир автосалонда айтайлик 10 нафардан ходим тўхтамасдан фақат шартнома расмийлаштириш билан шуғулланган деб олсак, ҳар бир ходим соатига 15 тадан ёки ҳар 4 дақиқада битта шартнома тузган бўлиб чиқади.
Жараён харидорларга автомобиллар учун харид битимларини онлайн тузиш имконияти берилмагани билан ҳам ажралиб турди. Яъни аввал илова орқали уйдан чиқмай туриб олиш мумкин бўлган шартнома бу сафар фақат дилерлик марказларида берилди. У ерга борган харидорларнинг аксарияти эса хафсаласи пир бўлган ҳолда ортга қайтди.
Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors оммабоп моделлари сотувини 8 ойлик танаффусдан кейин шу йил август ойи бошида қайта тиклаган, ўшанда автосалонларда кузатилган ажиотаж фонида 50 мингдан ортиқ автомобил учун шартномалар бир сутка ичида тарқатиб бўлингани айтилганди.
Тошкент марказидаги яна иккита бино хусусийлаштирилмоқда
Тошкентнинг модернизм услубидаги рамзларидан бирига айланган Миллий ахборот агентлиги ва унга туташ “Шарқ” нашриётининг бинолари хусусийлаштириш мақсадида аукционга чиқарилди. Давлат активларини бошқариш агентлиги буни “бино ва ишлаб чиқариш ускуналари маънан эскириб, таъмирталаб ва яроқсиз ҳолатга келгани” билан изоҳлади. Агентликка кўра, шаҳарнинг қоқ марказидаги 3 гектарлик майдонга эга объектлар негизида “замонавий шаҳарсозлик талабларига мос келувчи ягона мулкий мажмуа” яратилади.
Бу ҳақда эълон берилганидан кўп ўтмай, Давлат активларини бошқариш агентлиги айрим масалаларни эътиборга олмагани маълум бўлди. Бу борада Маданий мерос агентлиги баёнот билан чиқиб, “Шарқ” нашриёти биноси маданий мерос объектлари рўйхатига киритилгани, шу сабабли қонун бўйича уни хусусийлаштириш мумкин эмаслигини билдирди.
Давлат активлари агентлигига кўра, маданий мерос объекти сифатида рўйхатга киритилган Буюк турон кўчаси 41-уй манзили 3 та алоҳида маъмурий бинодан иборат. Эндиликда бу бинолардан қайси бири ёки ер майдонининг қайси қисми маданий мерос объекти ҳисобланишига аниқлик киритилади. ЎзА биноси эса тегишли рўйхатга киритилмаган, шунга қарамай, бинони сотиб оладиган тадбиркорга унинг модернизм ёдгорлиги қиёфасини сақлаб қолиш мажбурияти ҳам қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Буюк турон кўчасидаги собиқ МХХ биноси ҳам икки йил олдин хусусийлаштириш мақсадида сотувга қўйилганида маданий мерос объектлари рўйхатида эди. Ўшанда, бино сотилгани эълон қилинган куни объект маданий мерос рўйхатидан чиқарилган. Ҳозирга келиб бузиб ташланган собиқ МХХ биноси ўрнида йирик меҳмонхона қурилиши эълон қилинган.
Боғча болаларида – номаълум сабабли заҳарланиш
Наманган вилояти Чуст туманида 71 нафар боланинг заҳарланиши ҳафтанинг энг нохуш воқеаси бўлди. Улар 21 сентябр куни тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари билан шифохонага ётқизилган. Расмийларга кўра, болаларнинг ҳеч бирида реанимацион, яъни оғир ҳолат кузатилмаган. 22 сентябрда уларнинг 10 нафарига, 23 сентябрда эса кўпчилигига0 уйига жавоб берилгани маълум қилинди. Кейинчалик маълум бўлишича, шу кунларда Андижон шаҳри ва Пахтаобод туманида 12 нафардан, Марҳамат туманида эса 4 нафар бола заҳарланиш аломатлари билан шифохонага олиб келинган. Уларнинг ҳам барчасининг аҳволи яхши экани айтилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати давлат раҳбари ҳолат юзасидан қаттиқ ташвишда экани, уларга тез фурсатда соғайиб кетишни тилаганини хабар қилди. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёев шанба куни Чустга бориб, шифохонадаги болалар ва уларнинг ота-оналари ҳолидан хабар олди, масъуллар билан вазиятни ва текширувнинг боришини муҳокама қилди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, заҳарланиш сабабларига тергов давомида аниқлик киритилиши айтилмоқда. Асосий тахмин – болаларга берилган йод препаратлари. Воқеадан бир кун олдин, 20 сентябр куни Ўзбекистонда болаларни йод билан таъминлаш дастури бошланган, дастур доирасида ҳар чоршанба кунлари мактаб ва боғчаларда болаларга профилактик дозада йод препаратлари берилиши йўлга қўйилган эди. Заҳарланишдан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги дастурни вақтинча тўхтатди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Шавкат Мирзиёев АҚШга ташриф буюрди. Ўзбекистон раҳбари С5+1 форматида илк марта ўтказилган Марказий Осиё – АҚШ президентлари саммити доирасида Жо Байден билан учрашди. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаб, Ўзбекистоннинг глобал масалалардаги позициясини баён қилди. Шавкат Мирзиёев ташриф давомида БМТ, Европа иттифоқи, Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Америкадаги зиёли ватандошлар билан ҳам мулоқот қилди. Ташрифдан олдин бўлиб ўтган Ўзбекистон–Америка бизнес-форумида 10 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон Қорабоғ устидан Озарбойжон назорати тикланганини олқишлади. “Биз Озарбойжоннинг ўз ҳудудий яхлитлиги ва адолатни тиклаш борасида эришаётган ютуқларидан мамнунмиз”, деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. Маълумот ўрнида, 20 сентябр куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси озар ҳарбийларининг бир кунлик ҳужумларидан кейин таслим бўлди. Айни пайтда расмий Боку ва Қорабоғ арманлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтмоқда.
Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ўзига ўзи 75 млн сўм мукофот пули тайинлади. У бу борадаги қарорида ўзи бошқараётган сектор вилоят бўйича “энг ташаббускор сектор” деб топилганини асос қилиб келтирган. Ҳокимнинг матбуот хизмати жамоатчилик олдида уни ҳимоя қилишга ҳаракат қилди, лекин бу фойда бермади: Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг аралашуви билан мукофот бекор қилинди.
Аввалроқ порахўр экани айтилган амалдор янада юқорироқ лавозимга тайинланди. Гап шундаки, соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов феврал ойидаги йиғилишда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг бўлим бошлиғи Аъзам Нортоевни “фирмалардан бир дори учун 1000 долларгача пул ундириб келади” деганди. Орадан 7 ой ўтиб, Нортоев шу ташкилотга айнан Иноятовнинг буйруғи билан директор этиб тайинланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатга ҳозирча изоҳ бермади.
Гулнора Каримованинг Швейцариядаги бойликларидан 43,5 млн долларлик қисми қаерга сарфланиши маълум бўлди. БМТ шафелигидаги фонднинг қарорига асосан, бу маблағ Ўзбекистонда болалар ўлимини камайтиришга қаратилган лойиҳага йўналтириладиган бўлди. Лойиҳа билан кам вазнли чақалоқларнинг омон қолиш даражасини ҳозирги 75 фоиздан 90 фоизга ошириш мақсад қилинган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон ва Швейцария расмийлари Каримовадан мусодара қилинган 131 млн долларни қайтаришга келишиб олганди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 19 сентябр кунги ялпи мажлисида иштирок этмаётган 3 нафар депутат номидан овоз берилди. Мажлисда Хоразмдаги студиядан туриб 3 нафар депутат қатнашаётган бўлса-да, мажлис бошидаги иккита масалага 6 тадан овоз берилган. Хоразмдаги расмий шахс бунга изоҳ бераркан, қолганлар ҳали йўлда эканини айтди. Спикернинг танбеҳидан кейин навбатдаги овоз беришларда Хоразмдан берилган овозлар сони 3 та деб ҳисобга олина бошлади.
Мавзуга оид
22:05
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024