Водийдаги тантана, Бойсундаги мавҳумлик ва АЭС бўйича якуний битим — ҳафта дайжести
Ўзбек-қирғиз чегарасида яна иккита пост очилди: келаси йил икки халқ ўртасида ёпиқ дарвозалар қолмаслиги айтиляпти. Вазир даражасидаги амалдорнинг илк марта ошкора судланиши тўхтатилди: Азиз Воитов иши ёпиқ судда кўрилади. Кондаги авария бўйича масъуллар ҳамон сукутда: бойсунликлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганми? Ортда қолаётган ҳафтанинг муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Ҳафтанинг энг яхши янгилиги – Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги иккита муҳим постнинг очилгани бўлди. 12 сентябр куни Андижон ва Наманган вилоятларини Жалолобод вилояти билан боғловчи “Қорасув” ва “Учқўрғон/Кенсай” назорат-ўтказиш пунктлари тантанали равишда очилди. Қайта қурилган бу постлар орқали кунига 20 мингдан ортиқ фуқаро ва юзлаб транспорт воситалари чегарани кесиб ўтиши мумкин.
Бундан 14 йил олдин ёпилган “Қорасув” пости – Марказий Осиёдаги энг йирик улгуржи бозорлардан бири бўлган Ўш вилоятидаги Қорасув бозоридан атиги 2 км масофада жойлашгани билан катта аҳамиятга эга. 90-йиллардаёқ Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлган Қирғизистон бозорлари рақобатли нархлари билан ўзбекистонликларни ўзига жалб этиб келади. 2010 йили “Қорасув” пости ёпилганида, бу ердаги улгуржи бозорда савдо ҳажми кескин тушиб кетгани ҳам бежиз эмас.
“Учқўрғон/Кенсай” назорат-ўтказиш пункти эса йўловчи оқими билан бирга, водийдаги халқаро транспорт ташувларида ҳам муҳим ўринга эга. Хусусан, Қирғизистон ва Хитойга энг қисқа транзит йўл шу пункт орқали ўтади. Тожикистоннинг Хўжанд вилоятидан Россия, Хитой ва Қирғизистон давлатларига олиб ўтиладиган транзит юклар ҳам шу ердан ҳаракатланиши натижасида, “Дўстлик” постидаги транспорт оқими 30-40 фоизга камайиши кутилмоқда. Ўзбек расмийларига кўра, қайтадан қурилган божхона пости кунига 500 дан ортиқ юк машиналари ва 300 дан ортиқ енгил автомобилларни ўтказа олади. Бу ерда хитойликлар билан бирга “Учқўрғон-Кенсай” логистика марказини барпо этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2017 йилда ўзбек-қирғиз чегарасини 2,3 миллион киши кесиб ўтган бўлса, 2023 йилда бу рақам 16 миллионга етган. Иккита муҳим постнинг очилиши ўзаро борди-келдини янада кўпайтиради. Хусусан, қирғизистонликлар энди Ўшдан Жалолободга бориш учун 120 км масофа босиш ўрнига, Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳаракатланиб, атиги 19 километр йўл босиши кифоя. Ўтган йилдан бошлаб чегарани ID карта билан кесиб ўтишга рухсат берилгани трансчегаравий ҳаракатланишни анча осонлаштирган.
Маълумот учун, ўзбек-қирғиз чегараси бўйлаб жами 16 та назорат-ўтказиш пунктлари жойлашган. Ҳозирда уларнинг 13 таси фаолият олиб бормоқда. Қирғизистон томонининг маълумотига кўра, ҳозирча ёпиқ қолаётган 3 та пунктни ҳам келаси йили очиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, икки мамлакат ўртасидаги дарвозаларнинг аксарияти Қирғизистонда 2005-2010 йилларда рўй берган инқилоблар ва этник низолар фонида Ўзбекистон томонидан беркитилган, ҳатто деворлар қурилганди. Ўтган йили ўзбек расмийлари Хонобод постидаги ана шундай деворлардан бирини бузаётгани акс этган видеолар тарқалган, кўп ўтмай мустақиллик байрамида “Хонобод/Бек-обод” ва “Мингтепа/Қора-Боғиш” постлари тантанали очилган эди.
Тошкент ва Бишкек муносабатлари анча илиқлашгани ҳафта давомида бошқа бир контекстда ҳам яна бир бор эътироф этилди. 11 сентябр куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзбекистонлик бокс мураббийи Акмал Ҳасанов билан учрашиб, қирғизистонлик Мунарбек Сейитбек ўғлининг олимпиадада совриндор бўлишига қўшган ҳиссаси учун унга Chevrolet Tracker автомобилини совға қилди. Марказий Осиё халқларининг бир-бирини қўллаб-қувватлаши, бирдамлиги ва дўстона муносабатларини бутун дунё кўрди, деди Қирғизистон раҳбари.
Бойсунда вазият қандай?
СССР пайтида рўй берган кўплаб йирик авариялар имкон қадар бости-бости қилинганидан кўпчиликнинг хабари бор. Техноген офатларнинг гувоҳларига бу ҳақда гапириш қатъиян тақиқланган, нохуш воқеалар ҳақида кенг аҳоли бир неча йиллар ўтганидан кейингина хабар топган. Бойсундаги конда 1 сентябр куни рўй берган авария атрофида бўлаётган ҳолатларни кузатиб, шундай ўйлаш мумкин: агар ҳозир интернет замони бўлмаганида, ўша совет пайтларидаги каби кўпчилик бойсунликларнинг бошига тушган бу кулфатдан бехабар қолган бўларди.
1 сентябр куни рўй берган авария натижасида тарқалаётган заҳарли газни жиловлашнинг ҳозирча уддасидан чиқилмади. Бойсун шаҳрига кўчирилган Кофрун ва бошқа қишлоқлар аҳолисини бир томондан шамол билан шаҳаргача бораётган газ, иккинчи томондан эса мавҳумлик қийнаяпти: улар қачонгача бировнинг уйида ёки ҳар хил ташкилотларнинг биноларида яшашини билишмайди. Эвакуация қилинган аҳолига яратилаётган, аниқроғи яратилмаётган шароитлар, қолаверса, аварияни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолати ҳақида на ҳукумат комиссияси, на давлат идоралари ва на хусусий пудратчилар маълумот бермаяпти.
Ҳозирда конга яқин жойлашган бир неча қишлоқ ҳувиллаб қолган. Кўчирилган аҳоли сони маълум эмас. Масъуллар уларнинг ҳаммасига ҳам турар жой топиб бермагани, сарсон-саргардон юрганлар ҳам борлиги айтиляпти. Маҳаллий ҳокимият аҳоли саволларига жавоб бериш учун колл-марказ ёки Telegram-ботга ўхшаш алоқа каналларини йўлга қўймаган. Кўчирилганларга тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш масалалари, мактаб болаларининг ўқиши нима бўлаётгани, авария билан боғлиқ харажатлар кимнинг зиммасига тушаётгани, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ким қоплаши ва бошқа кўплаб саволлар очиқ қолмоқда. Расмий маълумот бўлмаганидан кейин, табиийки, ҳар хил миш-мишлар ҳам тарқаляпти.
Интернетда журналистлар билан гаплашган бойсунликлар таъқиб қилиниши ҳақида гап-сўзлар юрибди. Кон яқинида бўлиб қайтган Kun.uz мухбирининг айтишича, одамлар ҳақиқатан ҳам вазият ҳақида гапиришдан қўрқишяпти. Микрофонсиз гапиришга рози бўлган саноқли аҳоли вакиллари вақтинча даромадсиз қолган одамларнинг ейиш-ичишидан хабар олинмаётгани, одамлар қишлоққа мол-ҳолидан хабар олиш учун вақтинча келиб тургани, заҳарли газдан товуқлар нобуд бўлаётгани, қишлоқ қаровсиз қолгани учун онда-сонда ўғриликлар ҳақида ҳам гап бўлаётганини айтишди. Мухбиримизнинг сўзларига кўра, кондан чиқаётган олтингугурт гази тарқалиши шамол йўналишига қараб ўзгариб турибди, палағда тухумнинг қўланса ҳидига ўхшаш ачқимтир газ кўнгилни айнитади, бошни оғритиб, димоғни ачиштиради.
Чоршанба куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий вакили конни жиловлаш ишлари “яқин кунларда” амалга оширилишини айтди. Айнан қачон деган аниқлаштирувчи саволга эса қуйидагича жавоб берди:
“Асосий ишимиз – профилактик тадбирларни амалга ошириб, аҳолини ўша жойларга боришининг олдини олишимиз керак. Ҳукумат комиссияси ишлаяпти, халқаро тажриба ўрганилган. Қисқа вақт деб айтамиз-ку, лекин аниқ вақти, неча кун ичида жиловлаб олиш... Чунки у ерда жудаям юқори босим бор, катта босимда чиқяпти. Бу бўйича ишлар амалга ошириляпти. Қисқа кунлар ичида олди олинади”.
Коррупционер рецидивистлар сони қанча?
Ўзбекистонда коррупцияга қўл урган давлат хизматчилари яна давлат ишига кириб олиши, кейин яна такроран коррупцияга қўл уриши янгилик эмас. Лекин шу пайтгача жамоатчилик хабар топган бундай ҳолатлар сони кўп эмасди. Маълум бўлишича, бу борадаги рақамлар анчагина катта. Депутат Умида Раҳмонованинг парламентдаги йиғилишда маълум қилишича, коррупцион жиноят учун судланган нақ 566 киши 2023 йилда давлат хизматига қайта қабул қилинган ва яна коррупцияга қўл урган.
Депутат бу маълумотни айтаркан, коррупционерларнинг очиқ электрон реестрини ишга тушириш ва бу реестрдаги шахсларга давлат ишида ишлашни тақиқлаш масаласини кўтарди. Президент фармонига кўра, бундай реестрга оид қонун лойиҳаси 2021 йилдаёқ ишлаб чиқилиши керак эди. Коррупцияга қарши курашиши агентлиги директори Акмал Бурҳонов ўша йил охирида бу қонун устидаги ишларнинг чўзилиб кетишига “бир-иккита идораларнинг эътирозлари” сабаб бўлаётганини айтганди.
Акмал Бурҳонов сешанба кунги парламент йиғилишида берилган саволга жавобан, агентлик қонун лойиҳасини ишлаб чиққани, лекин ўтган вақт давомида уни такомиллаштириш бўйича администрациядан топшириқлар бўлганини айтди. Шу ой охиригача лойиҳани парламентга киритамиз, деди Бурҳонов.
Эслатиб ўтамиз, коррупцияга қарши курашиш бўйича бошқа бир муҳим ҳужжат – давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш ҳақидаги қонунни қабул қилиш ҳам уч йилдан бери кечикяпти. Декларациялаш 2022 йил 1 январдан бошланиши керак эди. Акмал Бурҳонов бу жараён бошлангач, қайси амалдорнинг қанча бойлиги борлиги ҳаммага очиқланишини айтган. У ўз баёнотларида агентлик декларациялаш тизимининг техник томонларини тайёрлаб қўйгани, гап фақат тегишли қонунни қабул қилишда қолаётганини айтиб келади.
Кечикаётган қонунларни эслатиш билан бирга, ўтган вақт давомида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги муҳим қонун кучга кирганини ҳам эътироф этишимиз керак. Бу қонун билан, давлат ишида ишлайдиганларга бизнес билан шуғулланиш тақиқланган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу тақиққа риоя этилиши устидан назорат ўрнатган. Агентликнинг шу ҳафта маълум қилишича, 6 та вазирликнинг жами 514 нафар бошқарув ходими 556 та компанияда таъсисчи экани аниқланиб, қонунбузилиши ҳолатларига чек қўйилган.
Собиқ вазирнинг суди журналистлар учун ёпилди
Бир неча ой олдин собиқ уй-жой коммунал хўжалиги вазири Музаффар Солиев 7 йилга қамалганида, жамоатчилик бунақа жиноят иши борлиги ҳақида негадир жуда кеч, апелляция ҳукми чиққанидан кейингина хабар топган эди. Бундан фарқли равишда, яқинда бошланган собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов устидан суд очиқ бўлиши кутилаётганди. Бу билан, ўзбекистонликлар сўнгги ўн йилликларда илк марта вазир даражасидаги амалдорнинг очиқ-ошкора судланишига гувоҳ бўларди. Лекин бу кутилмалар ўзини оқламади: йилнинг энг катта коррупциявий кейсларидан бири ёпиқ судда кўриладиган бўлди.
Юнусобод туман суди 12 сентябр куни жами 50 киши устидан бораётган суд жараёнларини ёпиқ режимга ўтказишга қарор қилди. Суд бу борада даъвогарлардан бирининг илтимосномасини қаноанлантирди. Жараённи очиқ ўтказишни сўраган айрим судланувчилар ва адвокатларнинг илтимослари эса рад этилди. Судя Сардор Содиқов бу қарорини суд жараёнида хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар янграши билан изоҳлади. Шундан кейин журналистлар суд залидан чиқариб юборилди.
Ҳафта мобайнида, шунингдек, собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тўраев устидан ҳам суд ҳукми ўқилгани маълум бўлди. 5 сентябр куни Мирзо Улуғбек туман суди уни салкам 10 млрд сўмлик узум кўчатларини етказиб беришда коррупцияга йўл қўйган деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган. Сохта тендерда “ютган” компания раҳбари бўлмиш вазир ўринбосарининг қизи эса 5 йил-у 1 ой муддатга озодликдан этилган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Ўзбекистон паралимпиадада ҳам 13-ўринни қўлга киритди. “Олимпиадада 13-ўрин, Паралимпиадада 13-ўрин! Балки кимларгадир 13-рақам ёқмас, лекин Ўзбекистонга жуда ҳам ёқяпти”, деди бош вазир Абдулла Арипов кутиб олиш маросимида. Пара-атлетларимиз ҳам олимпиадачилар каби тақдирланди, президент улар билан учрашиб, давлат мукофотларини топширди. Эслатиб ўтамиз, паралимпиячилар Париждан 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза билан қайтишди.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 11 сентябр кунги селекторда эълон қилди. Президентнинг сўзларига кўра, ҳозирда “Камбағалликдан фаровонлик сари” номли катта дастур тайёрланяпти. Оғир маҳаллаларга республика даражасидаги амалдорлар шахсан бириктирилиши кутилмоқда. Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага ҳар битта камбағал оиланинг камида бир аъзоси олий маълумотли бўлиши учун шароит яратиш вазифаси топширилди.
Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг ўғли экани тасдиқланди. Учтепа туманлараро фуқаролик суди 11 сентябр куни Қодировнинг даъвосини қаноатлантириш ҳақида қарор чиқарди. Хонанда суддан кейин берган интервюсида укалари унинг онасининг шаънини булғагани учун судлашишга қарор қилганини айтиб, яна бир бор Шерали Жўраевнинг меросига даъво қилмаслигини таъкидлади. Иш апелляцияда ҳам кўрилиши кутилмоқда. Зоҳиршоҳ Жўраевнинг фикрича, суд “етарли далил ва исботларсиз” қарор қабул қилган.
Тошкентда йўл ҳаракати қоидаларини 363 марта бузган Spark хатловга олинди. Жарималарнинг умумий суммаси 240 млн сўмдан ошиб кетган. Мажбурий ижро бюросидан хабар беришларича, автомобил қарздорликни қоплаш учун аукционга чиқарилади. МИБнинг бошқа бир хабарига кўра, Тошкент вилоятида алимент бўйича ноодатий ҳолат қайд этилган: алиментдан қарздорлиги сабаб чет элга чиқа олмаган аёл 3 нафар фарзанди учун собиқ эрига бирйўла 1,7 млрд сўм алимент тўлаб берган.
Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистонга келди. У ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишида қатнашди, давлат раҳбарининг қабулида бўлди, шунингдек, президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева билан учрашди. Шу куни Жиззахда кам қувватли АЭС қурилишини бошлаш бўйича баённома имзоланди. Бу – жараённинг фаол қурилиш босқичига ўтилганини англатади. Ҳар бири 55 мегаваттли 6 та реактордан иборат станцияда биринчи реактор 5 йилдан кейин ишга тушиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024