Ўзбекистон | 14:29 / 25.09.2023
13084
3 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков: Кўкйўтал касаллиги бўйича юртимизда эпидемиологик вазият барқарор

Ўзбекистонда йил бошидан буён 2 миллионга яқин бола ушбу хасталикка қарши вакцина қабул қилган. Бундан ташқари, 16 ойлик ўғил-қизларнинг 98,9 фоизи ревакцинация босқичида қайта эмланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда кўкйўтал касаллиги авж олгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабеков мазкур ҳолат юзасидан ССВ матбуот хизматига маълумот берди.

«Кўкйўтал — ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўта юқумли хасталик бўлиб, қўзғатувчиси Bordetella pertussis бактерияси ҳисобланади. Унга чалинган беморларда ўткир респиратор вирусли инфекциялар аломатлари, шунингдек, кучли йўтал хуружлари ва қусиш кузатилади.

Бу касаллик асосан ёш болалар ва ўсмирларда аниқланади, лекин катта ёшли одамларда ҳам учраши мумкин. 

Ўзбекистонда миллий эмлаш календарига асосан, чақалоқлар 2, 3 ва 4 ойлигида 3 марта пентавалент вакцина билан (кўкйўтал, дифтерия, қоқшол, гепатит В ва ХИБ инфекцияларга қарши) эмланади. Бир йилдан сўнг, яъни 16 ойлик даврида АКДС-4 билан қайта ревакцинация қилинади», дейди мутахассис.

Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакат бўйича жами 2 миллионга яқин бола ушбу хасталикка қарши вакцина қабул қилган. Хусусан, январ-август ойлари давомида пента-1 билан эмланиши керак бўлган болаларнинг 97,6 фоизи, пента-2 билан 98,5 фоизи, пента-3 билан эса 98,5 фоизи эмланган. 

Бундан ташқари, 16 ойлик ўғил-қизларнинг 98,9 фоизи ревакцинация босқичида қайта эмланган.

«Айтиш жоизки, кўкйўтал мавсумий характерга эга бўлиб, куз-қиш даврида кўпроқ қайд этилиши мумкин ва аксарият ҳолларда эмланмаганлар (тиббий чеклов ва рад этиш), тўлиқ эмлаш курсини олмаганлар ҳамда баъзи ҳолларда эмлашдан кейин иммунитет шаклланмаган (сероманфий) болаларда кузатилади. 

Қисқа қилиб айтганда, эмланмаган ўғил-қизлар ўртасида касаллик тарқалиш хавфи сақланиб қолади. Шу боис кўкйўтал кам миқдорда бўлса-да, аҳоли ўртасида қайд этилиб туриши табиий ҳол. 

Чунки ушбу хасталикни фақат жамоавий иммунитет ҳосил қилиш орқали енгиш мумкин. Бунинг учун Миллий эмлаш календарига мувофиқ, ёш болалар эмланиши зарур», дея Отабековнинг сўзларини келтирган вазирлик матбуот хизмати. 

Ҳозир Ўзбекистонда бу борадаги эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирланишга асос йўқлиги, шунингдек ушбу касаллик ҳеч қандай асоратларсиз даволаниб кетиши маълум қилинган.

Мавзуга оид