Ўзбекистон | 07:52 / 26.09.2023
3744
2 дақиқада ўқилади

Нагоя шаҳрида Ўзбекистоннинг фахрий консуллиги очилди

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг турли хорижий мамлакатларда 40 га яқин фахрий консулликлари фаолият кўрсатмоқда.

Фото: Getty Images

Нагоя шаҳрида Ўзбекистон фахрий консуллиги очилди. Фахрий консулликнинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Нагоя шаҳридаги фахрий консули этиб тайинланган IM Corporation компанияси маслаҳатчиси, "Нагоя-Ўзбекистон" дўстлик ассоциацияси маслаҳатчиси Хироюки Итога тегишли консуллик патенти тантанали топширилди.

Ўзбекистоннинг Токиодаги дипломатия ваколатхонаси маълумотига кўра, тадбирда сўзга чиққан Япония томони вакиллари янги ташкил этилган Ўзбекистоннинг Нагоя шаҳридаги фахрий консуллиги президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабр ойида Нагоя шаҳрига ташрифининг амалий натижаларидан бири бўлганини қайд этди. 

Япония парламенти қуйи палатаси Қонунчилик ва суд масалалари қўмитасининг раиси Тадахико Ито Аичи префектурасида истиқомат қилаётган 500 нафардан ортиқ ватандош ва япон туристларини Ўзбекистонга кенг жалб қилиш мақсадида Фахрий консуллик билан биргаликда "Нагоя-Тошкент" ҳаво қатновларини тиклаш ва чартер қатновларини ишлаб чиқишга эҳтиёж катта эканини айтди.

Маълумот учун, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг турли хорижий мамлакатларда 40 га яқин фахрий консулликлари фаолият кўрсатмоқда.

Мавзуга оид