Спорт | 00:19 / 29.09.2023
15121
3 дақиқада ўқилади

«Барселона» порахўрликда айбланди, клуб еврокубоклардан четлатилиши мумкин

Испаниянинг «Барселона» футбол клуби Каталония суди томонидан порахўрлик ва коррупцияда айбланди. «Барселона» ҳакамлар техник қўмитасининг собиқ раҳбари Энрикес Негрейрага кўп йиллар давомида «консултациялар учун» умумий ҳисобда 7,5 млн евро тўлаган.

Фото: Reuters

Испания суди шов-шувли «Негрейра иши» бўйича «Барселона»га ҳукм чиқарди.

El Debate хабарига кўра, Каталония пойтахти тергов суди раҳбари Хоакин Агирре «Барселона» клуби томонидан Испания футбол федерацияси (RFEF) ҳакамлари техник қўмитаси собиқ вице-президенти Энрикес Негрейрага 7,5 миллион евро тўланганини порахўрлик ва коррупция деб ҳисоблади.

Агирренинг таъкидлашича, ҳакамларни назорат қилувчи RFEF ҳам «юридик шахс мақомига эга ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин». Судя ўз ҳукмида Италия футбол федерациясидаги коррупция можароси юзасидан Европа Иттифоқи суди чиқарган қарорга асосланган.

Қарорда, жумладан, «Барселона» ҳакамлар техник қўмитасининг собиқ раҳбарига Энрикес Негрейрага кўп йиллар давомида «видео-консултациялар учун» умумий ҳисобда 7,5 млн евро тўлагани қайд этилган. Бундан ташқари, Негрейра 2018 йилда судялар қўмитаси вице-президенти лавозимидан кетганидан сўнг, «Барселона» президенти Хосеп Бартомеуни шантаж қилиб, агар тўловлар тўхтатилса, бир қатор нохуш фактларни ошкор қилиш билан таҳдид қилгани айтилган.

Клубдан ташқари, «Барселона»нинг собиқ президентлари Сандро Росел ва Хосеп Мария Бартомеу, шунингдек, Хосе Мария Энрикес Негрейра ва унинг ўғли ҳам айбланган.

Испания оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, 28 сентябр куни RFEF офисида тинтувлар бўлиб ўтган. Фуқаролик гвардияси вакиллари «Негрейра иши» бўйича ҳужжатларни, яъни собиқ ҳакам иштирок этган йиғилишлар баённомасини излаган.

AS нашрининг хабар беришича, УЕФА «Негрейра иши» бўйича янгиликни инобатга олган ва «Барселона»ни Европа кубокларидан четлатиш масаласини муҳокама қилишни бошлаган. Манбанинг таъкидлашича, УЕФА ҳукм чиқаришдан олдин расмий тергов тугашини кутишни афзал кўради. Аммо, агар этика инспекторлари клубга қўйилган айбловлар етарли даражада асосли ва айби амалда исботланган деб ҳисобласа, клуб еврокубоклардан четлатилади.

Суд ҳукмидан бир кун олдин Ла Лига президенти Хавиер Тебас «Негрейра иши» бўйича «Барселона» айби исботланса, клуб Испания чемпионатининг олий дивизионидан четлатилиши мумкинлигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил бошида Испания прокуратураси «Барселона»нинг собиқ президентлари Росел ва Бартомеу, шунингдек, иш бўйича асосий айбланувчи, Испания футбол федерацияси ҳакамлар техник қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейрага айблов эълон қилган эди.

Айбловлар орасида ҳужжатларни қалбакилаштириш, спортдаги коррупцион алоқаларда иштирок этиш ва ҳакамларнинг тарафкашлик қилиши кабилар бор.

«Барселона» тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлаб, коррупцияга алоқадорлигини мунтазам рад қилиб келмоқда.

Мавзуга оид