Ўзбекистон | 19:15 / 30.09.2023
5412
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларнинг 15 фоизи «Ташаббусли бюджет» учун овоз тўплашга жалб қилинган — «Юксалиш» 

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда ўқитувчиларни таътил вақтида мажбурий меҳнатга ноқонуний жалб қилиш фактларини аниқлаш бўйича ўтказилган аноним сўров натижаларини эълон қилди.

Фото: Kun.uz

Сўровда бутун мамлакат бўйлаб 5745 нафар ўқитувчи иштирок этган, уларнинг 3867 нафари аёл (67,3 фоиз) ва 1878 нафари эркак (32,7 фоиз).

Сўровнома иштирокчиларининг 7,7 фоизи ёзги таътил даврида мажбурий меҳнатга жалб этилганини маълум қилган.

Шунингдек, янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида шахсий маблағлари ҳисобидан харажат қилиндими деган саволга иштирокчиларнинг 10,1 фоизи ўз ҳисобидан 500 минг сўмга яқин, 3 фоиздан ортиғи 1 млн сўмдан кўп маблағ ишлатганини маълум қилган. Бу кўрсаткичлар Тошкент вилояти (48 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (45 фоиз) юқори экани айтилмоқда.

Алоҳида суҳбатларда маълум бўлишича, ўқитувчиларга синф хоналарини ўз ҳисобидан жиҳозлаш ва безатиш, биринчи синфларда ўйинчоқ бурчаклари ташкил этиш, синф хонасининг пол қисмидаги линолеумларни алмаштириш учун ўз ҳисобидан 3 млн сўмдан ортиқ маблағ ишлатишга тўғри келган.

Сўровнома орқали ўқитувчилар ўртасида дарс соатлари қанчалик адолатли тақсимланиши масаласи ҳам ўрганилган. Иштирокчиларнинг 15,6 фоизи тақсимот адолатли бўлмаганини билдирган. Бу бўйича эътироз, айниқса, Тошкент вилояти (42 фоиз), Навоий вилояти (33 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (31 фоиз) юқори даражада бўлган.

Сўровнома қатнашчиларининг 15 фоизи «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига овоз йиғиш вазифаси раҳбарият томонидан юклатилганини, 7 фоизга яқини маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ташкил этиладиган турли тадбирларга жалб этилганини маълум қилган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўрганишлар якуни бўйича Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, жамоат ташкилотлари ва меҳнат инспекциялари билан ҳамкорликда мониторинг тизимини йўлга қўйишни, шунингдек, мактабларда дарслар тақсимоти адолатли бўлиши мақсадида махсус электрон дастур ишлаб чиқиш, бу орқали дарслар тақсимотида инсон омилини камайтириш, kundalik.com платформаси орқали ўқитувчилар ва ота-оналар орасида мунтазам равишда мактабларда қўшимча пул йиғишларга оид аноним сўровномалар ўтказиб боришни таклиф қилмоқда.

Мавзуга оид