Жаҳон | 10:34 / 30.09.2023
8204
2 дақиқада ўқилади

Путин ЕКнинг миллий озчиликлар ҳимояси конвенциясидан чиқишни таклиф қилди

Европа кенгаши конвенцияси миллий озчиликларга нисбатан камситиш ва уларнинг иродасига қарши ассимиляцияни тақиқлайди. Россия президенти Давлат думасига конвенцияни денонсация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин 29 сентябр, жума куни Давлат думасига Европа кенгашининг миллий озчиликларни ҳимоя қилиш бўйича конвенциясини денонсация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат Россия парламенти қуйи палатасининг электрон маълумотлар базасига жойлаштирилган.

2022 йил сентябр ойида Европа кенгаши вазирлар қўмитаси, қонун лойиҳасига берилган тушунтириш хатига кўра, иштирокчи-давлатларнинг конвенция бўйича мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш учун тузилган қўмитадаги россиялик эксперт ваколатларини сезиларли даражада чеклади. Бундан ташқари, Москва қарорлар ишлаб чиқишда иштирок этиш ва миллий озчиликлар, биринчи навбатда, чет элдаги русийзабон аҳоли ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини кузатиш имкониятидан маҳрум бўлди, дея таъкидланади ҳужжатда. Конвенциядан чиқиш Россияга нисбатан «камситиш муносабатларининг олдини олишга ёрдам беради», дейди қонун лойиҳаси муаллифлари.

Конвенция, хусусан, миллий озчиликларнинг иродасига қарши ассимиляцияни, уларни камситишни тақиқлайди, шунингдек, миллий озчиликларнинг ўз тилларидан эркин фойдаланиш ҳуқуқини таъминлайди. Россия ҳужжатни 1996 йил феврал ойида имзолаган.

Россиянинг Европа кенгашидан чиқарилиши

2022 йил феврал ойида Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Европа кенгаши вазирлар қўмитаси Россиянинг кенгаш қонуний органларидаги ваколатини тўхтатди. Ўша йилнинг март ойида қўмита Россияни ташкилотдан чиқариш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади, Россия эса Европа кенгаши бош котибини ташкилотдан чиқиш нияти ҳақида расман хабардор қилди. 2023 йил феврал ойида Россия Давлат думаси ушбу ташкилот билан 21 та халқаро шартномани, шу жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича конвенцияни бекор қилиш тўғрисида қонун қабул қилди.

Мавзуга оид