Уруш ва пропаганда
Украинадаги уруш ҳақида гап кетар экан, Ўзбекистон халқи иккига бўлинади. Бу бўлиниш оилалар, ака-укалар, опа-сингилларни, яқин дўстларни қарама-қарши тарафга бўлиб ташлайди. Шу урушни деб, қанча яқинлар ўзаро узоқлашгани рост. Ўзбекистонликларнинг неча фоизи бу урушда Россия тарафдори, яна неча фоизи Украина тарафдори – аниқ социологик тадқиқотлар йўқ.
Лекин шу нарса аниқки, Россия тарафдорлари жуда кўп. Сабаби оддий: Россиянинг ўзбекистонликлар онгига таъсири жуда катта! Ниҳоятда катта. Ҳатто Ўзбекистон ОАВ таъсиридан кўра каттароқ! Чунки Ўзбекистон ОАВ, айниқса, ТВ каналларининг бу уруш борасидаги ўз қарашлари йўқ. Украина ОАВ ёки бошқа инглиз тилидаги халқаро телеканалларнинг Ўзбекистон халқига таъсири эса мутлақ мавжуд эмас.
Демак, 36 миллионлик катта майдон – Россия пропагандасига тўлиқ қўйиб берилган. Муқобил ахборот жуда заиф ёки деярли мавжуд эмас. Тўғри, йил бошида бошқа хорижий ОАВ ТВ пакетларига қўшилди. Лекин бу вазиятни кучли ўзгартирмади. Сабаби – тил барьери.
Айтиш керакки, ушбу уруш бошланган 2022 йил февралида, Россия тарафдорларининг сони ва салмоғи кўпроқ эди. Тахмин қиламанки, 90 фоиз аҳоли бу урушга Россия пропагандасининг кўзлари билан қарар эди. Ҳозир, назаримда, бу миқдор анча камайди: балки 55-65 фоиз ташкил қилар. Лекин барибир кўпчилик Россия аргументларига ишонади, қабул қилади.
Хўш, Россия пропагандасининг асосий қарашларига тўхталсак.
Биринчидан, нима учун Россия ахборот оқимини “пропаганда” деб аташ мумкин? Пропаганда – бу шундай ахборот оқимики, ҳақиқат эмас, ёлғон устувор бўлади. Онгли равишда баъзи маълумотлар яширилади. Инсонларга тўғри маълумот эмас, мақсадли маълумот берилади, уларни алдаш кўзланади.
Демак, Россия ОАВ пропаганда билан шуғилланяпти, сабаби, бугун Россия телеканалларида ахборот плюрализми йўқ. Давлатнинг ичкарисидаги барча ОАВ фақат битта позицияда, бошқа позициядаги қарашлар билан давлат курашяпти. Давлатда ахборот плюрализми йўқ бўларкан, бу давлат нодемократик ҳисобланади, ва ахборот пропаганда тусини олган бўлади.
Уруш бошлангач, жуда кўплаб мустақил ва танқидий ОАВ ёпилди, журналистлар ҳамда фаоллар Россиядан чиқиб кетди. Баъзилари қамалди. Россиянинг ахборот сиёсати жуда шиддатли ва аёвсиз кураш тусини олди. Кимки Кремл томонидан айтилаётган фикрларга қўшилмаса, ёки танқид қилса, давлатнинг бутун қаҳр-ғазабига учраяпти.
Давлат ахборот сиёсати бир ёқлама бўлмаслиги учун, ҳар хил қарашлар бўлиши керак. Бунинг учун, сиёсий плюрализм бўлиши керак. Мисол учун, АҚШда аксар ОАВ Украина тарафдори бўлса-да, Россия ва Путинни ҳимоя қиладиган сиёсатчилар, ОАВ ва фаоллар ҳам бор. Россиядан фарқли, АҚШда Путин тарафдорларини ҳеч ким репрессия қилмайди, қила олмайди.
Москва “Украинанинг НАТОга кириши – Россия учун таҳдид” дейди. Ҳақиқатда, собиқ СССР қулаши билан НАТО анча кенгайди. Лекин НАТОга кирган давлатларнинг ягона мотиви – ўзларини Россиядан ва бошқа таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўлди. НАТО бу янги аъзоларга яширинча ёки ошкора босим қилгани йўқ.
Украина айтадики: “Тарихан ким кимга таҳдид қилди? Украина Россияни босиб, икки аср давомида тутқин қилдими, ёки Россия Украинани босиб олдими?” Яъни Украинанинг асосий мотиви – ўзини Россиядан қутқариш, Россиядан ҳимоя қилиш эди. Украина ҳеч қачон Россияни босиб олмаган, лекин кейинги асрларда Россия Украинани ва бошқа кўплаб қўшниларини мустамлака қилган.
Россиянинг НАТО билан муаммолари қачон бошланди? Қачонки, Путин ҳокимиятда узоқ муддат қолишни ният қилди, ва Россия сиёсий тизими авторитаризм томон оғиша бошлади. 2000 йиллар бошида, Путин НАТО ва АҚШ билан жуда соз эди, ҳатто “НАТОга аъзо бўлсакми?” деган масалани кўтарган эди.
Пост-совет ҳудудида қайси давлат демократия томон йўл олса, шу заҳоти бу Россияга ёқмади. Православ Грузия демократик ислоҳотлар қилди ва Россиянинг қаҳрига учради. Украинада демократик сайловлар бўлди ва Россияга ёқмади. Ҳатто бир умр Россиянинг Кавказдаги асосий иттифоқчиси бўлган Арманистонда ҳам 2018 йилги демократик ўзгаришлар Москванинг Ереванга муносабатини салбийлаштирди.
Россия режими ва пропагандасининг Ўзбекистон тараққиётига салбий таъсирлари жуда кўп бўлди. Жумладан, бугун ҳатто ўзбек интеллектуаллари орасида ҳам “бундан кейин демократия яроқсиз!”, “либерализм замон талабларига жавоб бермайди!” деган қарашлар кучайди. Россия, нефт ва газга жуда бой давлат сифатида, ушбу ресурслардан олган жуда катта даромадни авторитар дунёқараш шакллантиришга сарфлади.
Бугун Россияда жуда кўплаб олимлар, давлатнинг буюртмасига кўра, либерал-демократияга қарши ғоялар, лойиҳалар излаш билан банд. Россия, 20-асрнинг иккинчи ярмидаги “совуқ уруш” давридаги каби, яна ғарб билан тўлиқ курашга киришди. Лекин бу сафар Ўзбекистон мустақил давлат бўлиб, ҳали Россиянинг ахборот таъсиридан чиқишга улгурмаган эдик.
Россия-Украина уруши жуда узоқ вақт, йиллар, эҳтимолки ўн йилликлар давом этадиган кўриняпти. Гарчи, урушнинг қизғин палласи тугаса-да, ғоявий-мафкуравий кураш ҳали ўн йилликлар давом этади.
Демак, Россиянинг пропагандаси ҳали-бери йўқолмайди. Мана шу фонда, Ўзбекистон давлати, ўзининг ахборот мустақиллиги ва ижтимоий фикр суверенитети ҳақида жиддий ўйланиши керак бўлади. Бошқа чора йўқ. Ахборот мустақиллигисиз, сиёсий ва геосиёсий мустақиллик ҳақида гапириш – мантиққа тўғри келмайди.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024