Ўзбекистон | 11:04 / 01.10.2023
38562
12 дақиқада ўқилади

Сирли портлаш, “чуқур кирилмайдиган” мавзу ва ЙТҲлар статистикаси — ҳафта дайжести

Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Йўлларда – кунига ўнта ўлим

Дайжестни ҳафтанинг энг муҳим хабари билан бошласак. Ўзбекистон йўлларида юриш ўта хавфлилигича қолмоқда. Расмий маълумотлардан маълум бўлишича, ўтган август ойида республикада йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 300 киши, қайтариб айтамиз уч юз нафар инсон ҳалок бўлган. Бу йўлларимизда кунига 10 киши вафот этяпти дегани. Бошқачароқ айтганда, ҳар куни юзлаб ватандошларимиз автоҳалокатлар сабаб ўз яқинларини йўқотяпти. Масалан, шу бугун ҳам, аниқки, юртимизнинг қайсидир нуқталарида кимдир фарзанд доғидан куйиб, кимдир турмуш ўртоғидан ажралиб аза очяпти. Ва бу ҳолат ҳар куни янгидан янги хонадонларда такрорланяпти.

Дунёда самолёт ҳалокатлари – учраб турадиган ҳолат, лекин уларга нисбатан муносабатга эътибор беринг. Ҳалокат рўй бериши биланоқ дарҳол мотам эълон қилинади, зудлик билан кенг миқёсда текширув ишлари бошланади, ҳалок бўлган бегуноҳ инсонларнинг ҳаётий ҳикоялари, рейсга чиқишдан олдин яқинларига айтган гаплари тилларда достон бўлади... Биз эса ҳар ойда битта самолёт қулагандек миқёсда қурбонлар бераётган бўлсак-да, бир жамият сифатида, афсуски, бунинг даҳшатини мутлақо сезмаяпмиз. Шунча ўлимлар, уларга қўшилиб яна сон-саноқсиз одамларнинг умрбод майиб-мажруҳ бўлиб қолаётгани ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузишга нисбатан тоқатсизлик кайфиятини шакллантириш учун етарли бўлолмаяпти. Қоидабузарликларни оқлаш, ҳатто қурбонларнинг ўзини айблаш одатий ҳоллигича қоляпти. Масъуллар эса энг ашаддий қоидабузарларни тийиши мумкин бўлган оддийгина жарима баллари тизимини ҳам пайсалга солишдан уялмаяпти.

Рақамларга қайтсак. Жума куни Сенат ялпи мажлисида берилган маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 8 ойида 8 миллионга яқин қўпол қоидабузарлик қайд қилинган. Яъни расмий рўйхатга олинган қўпол қоидабузарликларнинг ўзи ойига миллионта, рўйхатга олинмагани қанча – ёлғиз худога аён. 8 ой давомида содир бўлган 6 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисасида 1415 киши ҳалок бўлган, 5448 киши жароҳатланган. Бу ўринда ҳам бу фақатгина расмий рақамлар экани, ички ишлар органларига мурожаат қилинмаган ҳолатлар ҳам жуда кўплигини унутмаслик керак.

Сенаторларнинг айтишича, автоҳалокатларда жабрланаётганларнинг ҳаддан ташқари кўплигига пиёдалар ўтиш жойларининг етарлича жиҳозланмагани, ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермаслиги, машиналарни ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариш ва маст ҳолда рулга ўтириш одатий ҳолга айланиб қолгани каби омиллар асосий сабаб бўляпти.

Сенат 2 йилдан бери UzAirways'га сўзини ўтказа олмаяпти

Сенаторлар ЙТҲлар бўйича аянчли рақамлардан ташвишда эканини билдирган бўлса ҳам, Ички ишлар вазирлигига ваъда қилинган ва унутилган жарима баллари тизимини жорий этиш талабини қўя олмади. Бошқа томондан эса, Сенат бундай талабни қўйган тақдирда ҳам, бу талаб бажарилишини кутиш учун катта асослар бўлмайди.

Гап шундаки, Uzbekistan Airways компанияси парламент юқори палатасининг чипта сотишдаги бюрократияни йўқотиш бўйича талабини 2 йилдан бери бажармай келаётгани маълум бўлди.  Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновнинг айтишича, агар фуқаролар UzAirways'га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлишса, улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилиняпти. Паспортнинг асл нусхасини тақдим этмаган фуқароларга эса авиачипта сотилмаяпти. Бурҳоновнинг сўзларига кўра, бу ҳолат яқинлари бошқа вилоятларда яшаётганлар учун қийинчилик туғдиряпти, авиачипта савдосида коррупцияни юзага келтиряпти.

Бунинг мантиқсизлиги шундаки, авиакомпания сайтида истаган одам истаган одами учун бемалол чипта олиши мумкин. Бунинг учун паспортнинг асл нусхаси тугул, ксерокопияси ҳам керакмас, ундаги маълумотлар киритилса бўлди. Маълум бўлишича, Сенат авиакассалардаги бу бюрократик талабни бекор қилиш бўйича UzAirways'га 2021 йил 19 мартдаёқ мурожаат қилган, ўшанда компания муаммони ҳал этиш чоралари кўрилаётганини маълум қилган. 2023 йил июнида эса, авиакомпания Сенатга жавоб йўллаб, бу муаммони ҳал қилиш имконсиз эканини билдирган.

Парламентга оид яна бир янгилик. Шу ҳафта депутатлар Олий Мажлисга доир қонунчиликни янги конституцияга мослаштириш бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлади. Унга кўра, сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга туширилади, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари сони 7 нафардан 2 нафарга қисқартирилади, юқори ва қуйи палатанинг ваколатлари қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, Қонунчилик палатаси ва Сенатга ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати бериляпти.

Юзлаб болалар касалланганидан кейин, вазир: “Бу мавзуга чуқур кирманглар...”

Ўтган ҳафтанинг бош мавзуси – юзлаб болаларнинг ҳозирча номаълум этиологияли заҳарланиши бўйича воқеалар ривожи бу ҳафта ҳам кун тартибида турди. Шукрки, Наманганда касалланган болаларнинг барчаси соғайиб, уйига қайтди. Бу ҳақда сешанба куни ёпиқ матбуот анжумани ўтказган соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов маълум қилди.

Иноятов “ҳеч бир боланинг аҳволи оғир эмас”лигини урғулаб, ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилгани, барча саволларга “тез орада жавоб берилиши”ни айтди. Лекин ҳафта охиригача ваъда қилинган жавоблар бўлмади. Аксинча, вазирнинг ўзи ўша анжумандаги сўзлари билан саволларни кўпайтирди.

“Битта нарсани илтимос қиламан. Бу мавзу билан шуғулланаётган одамлар бор. Майда, бўлмағур гаплар… Нима бўлса ҳам, ўзи текширади, ўзи жавобини беради. Бу мавзуга чуқур кирманглар. Бу билан шуғулланадиган ташкилотлар бор. Улар ҳаммасини очиқ ўрганяпти”,деди Амрилло Иноятов.

Вазирнинг “бу мавзуга чуқур кирманглар” дейиши, табиийки, резонансга сабаб бўлди. Юзлаб болаларнинг бир кунда бир хил белгилар билан касалланиши, бу воқеа болаларни йод билан таъминлаш дастури бошланиши фонида рўй бергани, йод препаратларининг давлат томонидан харид қилиниши билан боғлиқ масалалар, аксинча, мавзуга имкон қадар чуқурроқ киришга катта зарурат борлигини кўрсатиб турибди. Унинг устига, фармацевтикадаги коррупция оқибатларидан бир марта куйиб, жуда аччиқ тажриба орттириб бўлдик. Одамларнинг бефарқ бўлмаслиги – бундай фожиалар такрорланмаслиги учун ҳам керак.

Амрилло Иноятов сешанба кунги матбуот анжуманида йод препаратлари нархи шиширилгани ҳақидаги хабарларни “нотўғри, провокацион” деб атади. Лекин вазирлик ҳеч қанақа тендер ўтказмасдан, 3,5 млн қутисининг ҳар бирини ўртача 6200 сўмдан улгуржи нархда сотиб олган “Антиструмин” препарати чакана бозорда бундан икки баробар арзон нархда сотилганини Kun.uz ва Gazeta.uz нашрлари боғланган дорихоналар тасдиқлаб турибди. Акси бўлганида, расмий манбалар зудтар раддияларга тўлиб кетган бўларди, эҳтимол.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги йод препаратларини қиммат нархларда “Samo” МЧЖдан харид қилган. Бу компаниянинг 7 фоизлик улушдори бўлган Нодир Юнусов исмли шахс бутун Ўзбекистонга машҳур бўлиб кетди. Маълум бўлишича, у 2009 йилдан бери АҚШда одам савдоси ва молиявий жиноятларда айбланиб, қидирилмоқда. Kun.uz манбалари Америка ҳуқуқ органларининг қидирув рўйхатида турган Нодир Юнусов ва Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида болаларнинг касалланиши фонида жамоатчилик эътиборини тортган йод ишлаб чиқарувчи “Samo” фирмасининг мулкдорларидан бири айни бир шахс эканини тасдиқлади.

Бу маълум бўлиб қолгач, Юнусов бир неча кун ичида “Samo” таъсисчилари қаторидан чиқди. Айни пайтда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази компаниянинг фармацевтик фаолияти бўйича текширув бошланган.

Шу ўринда, денгиздан узоқ жойлашган Ўзбекистон аҳолиси учун йод истеъмоли фавқулодда муҳим аҳамиятга эгалиги, бу микроэлемент инсоннинг ақлий ривожланиши, қалқонсимон без ва овқат ҳазм қилиш органлари фаолияти учун бирламчи зарурат эканини эслатиб ўтишни истардик. Шу маънода рўй берган можаро болаларни йод билан таъминлаш дастури давомийлигига рахна солмаслиги, фақатгина бу дастур коррупциядан холи, тиббий жиҳатдан профессионал тарзда йўлга қўйилиши керак.

Сергелидаги омбор портлаши

“Антиструмин” шов-шувини пайшанба куни Сергелидаги портлаш босиб кетди. 28 сентябрга ўтар кечаси пойтахтнинг Қурувчилар даҳасидаги омборда қўзиқорин шаклини олган кучли портлаш рўй берди. Расмийларга кўра, оқибатда шу яқин атрофдаги уйлардан бирида бўлган 17 ёшли йигит вафот этган, 163 киши турли даражаларда жароҳатланган.

Воқеа видеоларида портлашдан олдин омбор ёнаётганини ва яқин атрофдан сирена овозлари келаётганини кўриш мумкин. Расмий маълумотларга кўра, ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 02:48 да етиб борган. Кузатув камераларидаги ёзувлардан кўринишича, портлаш шундан 4 дақиқа ўтиб, соат 02:52 да рўй берган.

Бунчалик йирик портлашга нима сабаб бўлгани, яъни омборда нима сақлангани маълум эмас. Расмийлар бирламчи тахминлар ҳақида ҳозирча маълумот бермади. Очиқ маълумотларга кўра, логистика маркази тез бузиладиган маҳсулотлардан тортиб, то йирик ҳажмгача бўлган товарларни қабул қилиш, сақлаш, божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ва жўнатиш бўйича хизматлар кўрсатган. Унга Ўзбекистонда 1995 йилда очилган Benif ва Дубайда рўйхатдан ўтган Integra benefit investments номли компаниялар эгалик қилади.

Маълум қилинишича, портлаш натижасида 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ва бошқа объектларга зарар етган. Масъуллар талафот кўрган аҳолига ҳар томонлама керакли ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор чоралар кўряпти. Бош вазирнинг матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятовнинг айтишича, кечиктириб бўлмайдиган ва ижтимоий аҳамиятга эга харажатлар кейинчалик логистика маркази эгаларидан ундириб олинади. “Буни албатта МЧЖга тўлатамиз, давлатнинг пули кўчада қолмаган”, – деди ҳукумат расмийси.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан 5 йиллик терговни якунлади. Каримова халқаро жиноий ташкилотда иштирок этиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, порахўрлик ва бошқа жиноятларда айбланяпти. Суд бу сафарги жиноят иши доирасида музлатилган 440 млн франкдан ортиқроқ маблағларни мусодара қилиш масаласини ҳам кўриб чиқади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон томони Каримованинг чет эллардаги жиноий активларини жами 1,3 млрд долларга баҳолаган.

Афғонистонда Қўштепа канали қурилишида бошқа кучларнинг ҳам қўли бор. Бу ҳақда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев маълум қилди. “Катта иқтисодий қудратга эга давлатлар бу масалага аралашиб, маблағ беришини айтяпти”, – деди у. Хорижий матбуотда бу ерда гап Хитой ҳақида кетаётгани тўғрисида маълумотлар тарқаган. Айни пайтда, расмий Пекин Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши учун пул ажратишни кейинроққа қолдиргани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Шайхонтоҳур туман суди “Компромат иши” бўйича ҳукм чиқарди. Иш доирасида Telegram'даги “Kompromatuzb” каналига алоқадор экани айтилган журналист Хуршид Далиев ва “Ўзбекнефтгаз”нинг собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов товламачилик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Меҳнат вазирлиги матбуот хизматининг собиқ раҳбари Мавжуда Мирзаевага 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, у суд залидан озод қилинди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари бу сафар биргаликда Германияга борди. Улар Германия президенти ва бош вазири билан ҳам икки томонлама, ҳам биргаликдаги музокараларни олиб борди. Расмий Берлин бешта республика билан стратегик минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, “Марказий Осиё – Германия” форматидаги саммитни доимий тарзда ўтказиб боришни таклиф қилди ва бу таклиф қабул қилинди. Келаси йили Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мавзуга оид