Жамият | 11:46 / 03.10.2023
15097
6 дақиқада ўқилади

«Даҳрийнинг ибодати» – асл инсонийлик акс этган ҳикоя

Йўқчилик инсонни ҳар кўйга солиши мумкин. Ажойиб режалар, юракда тошиб турган истаклар, балқиётган истеъдодлар аксар ҳолларда шу йўқчилик сабаб барҳам топади. Қанчадан қанча имкониятлар моддий етишмовчилик туфайли чиппакка чиқади. Бу ҳаётнинг шафқатсиз ҳақиқатларидан биридир. 

Илм-фан учун фойда келтирадиган ақлларни далада кетмон чопишга ёки қурилишга сарф бўлишга мажбур қиладиган омил ҳам йўқчилик. Аммо Оноре де Балзакнинг «Даҳрийнинг ибодати» ҳикоясидаги Депленнинг илмга интилиши, тиббиёт борасидаги истеъдоди сақлаб қолинди. Йўқчилик чангалида қолган йигитга ёрдам қўллари чўзилди ва Деплен моҳир шифокор бўлиб етишди.

Сюжет:

Ҳамманинг тилига тушган, ўз касбининг моҳир мутахассиси бўлган Деплен даҳрий эди. У умуман Худога ишонмас, унинг борлигини тан олмасди. Унинг дўсти ва яқин шогирди Бяншон бир куни устозини ибодатхонада кўриб қолади. Депленнинг даҳрийлигини ҳамма биларди. Ўзи буни ҳеч қачон инкор этган эмас. Бяншон устозидан ибодатхонада нима қилаётганини сўролмади. Орадан йиллар ўтиб сўрашга журъат этди. Деплен унга ибодатхонага бориш сабабини гапириб беради.

Бўлажак шифокор тиббиёт бўйича тайёрланиб юрган вақтлари жуда қийинчилик билан ҳаёт кечирар эди. Ҳар бир тийин пулини ўйлаб харжлашга, ҳар куни қотган нон ейишга, абгор кийим-бошда юришга мажбур эди. Ижара учун тўлашга пули қолмаган, кўчага ҳайдалиш арафасида турган чоғида Буржа исмли қўшни хонада яшовчи киши йигитчага ҳомийлик қилади.

Доплен ва Буржа бирга яшай бошлайди. Буржанинг ягона орзуси от ва сув ташийдиган бочка олиш эди. Бу учун у анчадан бери пул йиғарди. Шу пулларини ўйлаб ўтирмай Депленнинг ўқиши учун сарфлаб юборди. Буржа йигитчага пулдан ёрдам бериш билан бирга, унинг барча маиший юмушларинида бажарарди. Умуман олганда, чўридек хизматида бўларди. Унинг барча хизмати мутлақо беминнат эди.

Буржа кутган кунлар етиб келди. Деплен зўр шифокор бўлиб етишди. Тутинган отасига сув бочка ва от ҳам совға қилди. Аммо Буржа бирдан касал бўлиб қолди. Деплен унинг ҳаётини 2 йилга сақлаб қололди, бироқ касаллик ҳуруж қилиб, Буржа вафот этди. 

Деплен доим Буржанинг меҳнатларига яраша жавоб қайтаролмаганидан ўкинди. Тутунган отаси диндор эди. Биби Марямни қаттиқ севарди. Шу сабабдан ҳам йиллар давомида йилига тўрт марта ибодатхонага бориб, Буржа учун чин дилдан дуо қилишни одатга айлантирганди…

Таҳлил:

Депленда ҳам қашшоқлик сабаб орзуларига етолмаслик хавфи бор эди. Аммо тақдир унга «нажот фариштаси»ни юборди. Бу «фаришта»да на қанотлар, на ҳарир либос ва на олтин таёқча бор. Унда фақат соатига икки су* кира ҳақи бериш шарти билан ижарага олган аравачагина бор. Бу Буржа исмли Депленнинг халоскори фақат бир нарсани: сув ташийдиган бочка ва отни орзу қиларди. Буржа шу арзимас кўринган, аммо ўзи учун қадрли бўлган орзусидан Депленнинг келажаги учун кечди. Бир сўз билан айтганда, ёш талабага ҳомийлик қилди. 

Меҳнатлари самарасини кўрай, оғзи ошга етди деган пайтда Буржа касалланди. Деплен, гарчи, зўр шифокор бўлса-да, Буржа учун ҳамма ишни қилса-да, отасидек бўлиб қолган қадрдонини сақлаб қололмади. Тақдир ўз ишини қилди. Деплен қарзларини узолмаганлигидан ўтда ёнарди ва бу қарздан қандай бўлмасин қутулиш йўлларини қидира бошлади. Топди. Дуо! Ҳаққига дуо ўқиш керак. Ахир, Буржа чин насроний эди. Жаннатга киришни орзу қиларди. Аммо бир муаммо бор. Деплен даҳрий-ку! Шундай бўлса ҳам Деплен ибодатхонага борди. Ибодат қилди. Буни шунчаки эмас, балки чин дилдан бажарди. Чунки унинг юраги тубида ҳатто ўзи сезмаган, англамаган ишонч-эътиқод бор эди. Ақли инкор этса-да қалби Худога мойил. Агар шу мойиллик бўлмаганда ҳеч қандай куч уни ибодатхонага етаклаб келолмасди, ибодат қилишга мажбурлолмасди. 

Буржа бунга бир сабабчи холос. Даҳрий қачон Худога ишонишини қисман англайди? Қачонки ожиз қолса! Деплен ҳам қаттиқ ҳаракат қилди, бироқ Буржа барибир ўлиб қолди. Шунда Деплен ақлан инкор этса ҳам тан олмаган ҳолатда ожизлигига қалбан иқрор бўлди. Ҳикояда бу иқрори ибодати орқали кўрсатиб берилган. Толстойнинг «Иқрорнома»сида: «Инсон қалбида буткул бўшлиқ бўлмайди. Биз инсонлар ниманидир истайверамиз, ниманидир излайверамиз, нимагадир интилаверамиз. Шу пайтгача бу нарса нималигига жавоб изладим. Топдим. Бу Худо!» қабилидаги фикрлар айтилган. Худди шу каби буткул даҳрийлик мавжуд эмас.

Буржа гарчи бой бўлмаса-да, ортиб кетган жойи йўқлигига қарамасдан илм аҳлига қўлидан келганча ёрдам кўрсатди. Бу чинакам илмпарварлик эди. Ваҳоланки, молиявий жиҳатдан ўта яхши одамларнинг унча-мунчаси у журъат қилган жасоратга қодир эмас. Зеро илм аҳлига ёрдам бериш, энг аввало, инсонийликнинг асл белгиси ҳисобланади…

Деплен ҳам чинакам виждонли шахс эди. Унинг эътиқоди, унинг Худоси ва дин бўйича қонун-қоидаси йўқ эди. Аммо унда асл инсонийлик принциплари тўла мавжуддир. Ўзига қилинган яхшиликни унутмаслик, бу йўлда ҳар нарсага тайёр бўлиш ҳам ҳамманинг қўлидан келавермайди…

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид