Жаҳон | 15:01 / 04.10.2023
8301
3 дақиқада ўқилади

Кимё бўйича Нобел мукофоти квант нуқталарини ўрганган америкалик олимларга берилди

Кимё бўйича 2023 йилги Нобел мукофоти квант нуқталари бўйича тадқиқотлари учун уч америкалик олимга берилди. Улардан бирининг асли келиб чиқиши Россиядан.

Фото: Twitter / NobelPrize

2023 йил учун кимё бўйича Нобел мукофоти АҚШдан уч нафар олимга берилади – Мунги Бавенди, Луиc Брюс ва асли келиб чиқиши россиялик Алексей Екимов. Мукофот уларга квант нуқталарини кашф этгани ва синтез қилгани учун топширилади - «бу зарралар шунчалик кичикки, ўлчамлари уларнинг хусусиятларини белгилайди» Нобел қўмитаси ўз қарорини 4 октябр, чоршанба куни эълон қилди.

Лауреатлар ҳақидаги маълумот сизиб чиқиши

Бир кун аввал, ғолиблар эълон қилинишидан олдин, Швециянинг йирик оммавий ахборот воситалари Фанлар академияси томонидан юборилган электрон почта хабарларини эълон қилди. Бироқ, бундан кўп ўтмай, Нобел қўмитаси вакиллари Reuters ва SVT телеканалига бу хато эканини ҳамда кимё бўйича бу йилги мукофот бўйича қарор ҳали қабул қилинмаганини айтди. 

1901 йилдан бери кимё бўйича Нобел мукофоти 115 марта берилган, уни 190 киши қабул қилиб олган.

2022 йилда америкаликлар Каролин Бертоцци ва Барри Шарплесс, шунингдек, даниялик Мортен Мелдал молекулаларни яратиш воситаларини ишлаб чиққани учун кимё бўйича Нобел мукофоти лауреатлари бўлди. Мукофот уларга «клик-кимё ва биоортогонал кимё усулларини ривожлантириш учун» берилди. 

2021 йил учун кимё бўйича Нобел мукофоти ғолиблари германиялик Бенямин Лист ва Британияда туғилган америкалик олим Дэвид Макмиллан бўлди. Улар ушбу мукофотга ассиметрик органокатализни ривожлантиргани учун сазовор бўлди. 

2023 йил учун тиббиёт ва физика бўйича Нобел мукофоти лауреатлари 

Бир кун аввал, 3 октябр, сешанба куни физика бўйича Нобел мукофоти совриндорлари номи эълон қилинди. Улар Оҳайо университетидан (АҚШ) Пер Агостини, Макс Планк институти ва Мюнхендаги Людвиг Максимилян университетидан Ференц Краус (Германия) ҳамда Лунд университетидан (Швеция) Анн Л'Уле бўлди.

Нобел ҳафталигининг биринчи куни, 2 октябрда тиббиёт бўйича мукофот лауреатлари эълон қилинди. Мукофот Пенсилвания университетидан (АҚШ) Дрю Вайсман ва Каталин Карикога топширилди, уларнинг ишлари коронавирусга қарши мРНК вакциналарини яратишга асос бўлган. 

Мавзуга оид