Ўзбекистон | 12:47 / 04.10.2023
5336
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида корхоналар сони 3 мингга яқинлашди” – Ботиржон Асадов

Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида корхоналар сони 2 баробар ошиб, уларнинг сони 3 мингга яқинлашган. Шунингдек, яқин келажакда икки мамлакат савдо айланмаси 10 миллиард долларга етказилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов маълум қилди.

Фото: Sputnik

“Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2022 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасида товар айланмаси 9 миллиард доллардан ошди ва ўсишда давом этмоқда.

Россия бунда ташқари иқтисодимиз учун энг катта инвесторлар қаторида туради. Хусусан, охирги 3 йилда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони 2 баробар ошди. Бугун уларнинг сони 3 мингга яқинлашди. Тоғ-кон саноати, кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда саноат кооперацияси лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда”, — дея элчининг сўзларини келтирмоқда маҳаллий нашр.

Ботиржон Асадовнинг айтишича, яқин келажакда Россия билан савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжуд.

Дипломатик ваколатхона раҳбарига кўра, Россиядан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилнинг биринчи ярмида 185,6 минг киши келган бўлса, жорий йилда 345 минг россиялик сайёҳ Ўзбекистонга келган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид