Ўзбекистон | 17:43 / 04.10.2023
6301
2 дақиқада ўқилади

Қарийб 6 ой давом этадиган халқаро кўргазмада Ўзбекистон павилйони иш бошлади

Қатарда бўлиб ўтаётган “ЭКСПО Доҳа-2023” бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистонда етиштирилган 112 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

«Яшил саҳро, янада яхши атроф-муҳит» шиори остида ўтказилаётган “ЭКСПО Доҳа-2023” бутунжаҳон кўргазмасида иштирокчи давлатлар миллий павилйонларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz’га Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Доҳа шаҳридаги Ал Бидда паркида ташкил қилинган кўргазмада иштирокчи давлатлар миллионлаб ташриф буюрувчиларга ўз имконият ва ташаббусларини намойиш қилиши кутиляпти. 

Ўзбекистон кўргазмада ўз салоҳиятини замонавий қишлоқ хўжалиги, технология ва инновациялар, экологик хабардорлик ва барқарор ривожланиш мавзуларида намойиш этиши белгиланган. Кўргазмада халқаро, маданий ва оилавий зоналар, деҳқон бозори ҳамда биологик хилма-хиллик музейи сайёҳлар ихтиёрида бўлади.

Миллий павилйонда микрокўкатлар, чорва учун яшилликдан иборат озуқа базаси, бир йилда бир неча маротаба ҳосил бериши мумкин бўлган гибрид навлар, боғдорчилик ва мева-сабзавотчиликдаги сўнгги селекция навлари намойиш этилмоқда. Кўргазма учун 112 турдаги 5 тонна экспортбоп ва сархил маҳсулотлар олиб борилган. Айниқса, полиз экинлари, дуккакли, қуритилган ва ҳўл мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, кенг турдаги саноат маҳсулотлари намойишига алоҳида ўрин берилган.  

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Шу билан бирга илмий-тадқиқот институтлар томонидан пахтачилик, ғаллачилик, уруғчилик, “In vitro” каби янги ишланмалар ҳам намойиш қилиняпти.

“ЭКСПО Доҳа-2023” бутунжаҳон кўргазмаси 2024 йилнинг 28 мартигача давом этади. 

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Олдинроқ Қатарга давлат ташрифи билан борган президент Шавкат Мирзиёев “ЭКСПО Доҳа-2023” бутунжаҳон кўргазмасининг очилишида иштирок этганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид