“Қатар биз учун Хитой сармояси фонида алтернативлардан бири” — эксперт
Қатар билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистонга Форс кўрфазига чиқувчи коридор ташкил этиш, қатор соҳалар, хусусан энергетикага инвестициялар жалб қилиш ҳамда “Толибон” билан музокаралар учун қўл келади, дейди сиёсатшунос Фарҳод Каримов.
1-2 октябр кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатарга давлат ташрифини амалга оширди. Kun.uz мухбири бу араб давлати билан ҳамкорликка доир саволлар билан “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунос Фарҳод Каримовга мурожаат қилди.
— Ўзбекистон ва Қатар муносабатлари тарихи ва ҳозирги босқичи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.
— Охирги 5 йил ичида Ўзбекистон жуда фаол ташқи сиёсат олиб боряпти. Ташқи сиёсатнинг бир йўналиши сифатида араб, Форс кўрфази давлатлари билан ҳам алоқалар яхшиланмоқ, хусусан, Қатар билан ҳам. Саудия, БАА каби давлатлар билан анча олдин муносабатлар ўрнатганмиз, сўнгги йилларда Қатар ҳам булар қаторига қўшилди.
Ўзбекистон ва Қатар муносабатлари мустақилликнинг илк йилида бошланган. 1991 йил 30 декабрда Қатар Ўзбекистон мустақиллигини тан олган ва алоқалар бошланиб кетган. Аммо кенг кўламли ишлар бўлгани йўқ. Чунки собиқ иттифоқ тарқалгач, аҳолиси мусулмон бўлган Марказий Осиёга Форс кўрфази давлатлари қизиқиб, ҳаддан ташқари фаоллик кўрсатди, шунинг учун минтақа давлатларида масофа сақлаш бўлди. Ваҳобийлик каби ҳаракатлар ортидан ўртага бироз совуқчилик тушган пайтлар ҳам бўлди.
Қатар Ўзбекистон билан муносабатларни Москвадаги элчихонаси орқали мувофиқлаштирарди. Кейинги 2010 йилдан бошланган фаоллик ҳам бор, яъни сўнгги 20 йилда Қатар жуда катта капиталга эга бўлди ва ташқи сиёсатда ҳам фаоллик кўрсата бошлади. Қатар томони таклифи 2010 йилда биринчи президент Ислом Каримов Қатарга давлат ташрифи билан борган эди. Ҳозирги алоқаларимизнинг ҳуқуқий асоси ўша ташриф доирасида ҳужжатлаштирилган. Аммо бу ташрифдан кейин ҳам ҳамкорликда кескин бир ўсишлар бўлмади.
2016 йилдаги иккинчи ҳукумат давридан энди кескин ўзгаришлар бўла бошлади. Ва Қатар Ўзбекистонга яна қизиқа бошлади. 2017 йилдан бошлаб турли доирадаги учрашувлар бўлди, Ўзбекистон томонидан ҳам Қатар капиталига қизиқиш кучайди. 2010 йилда таклиф этилган Туркманистон, Эрон, Уммон орқали Форс кўрфази давлатларига чиқадиган транспорт коридорини фаоллаштириш ҳам кўзда тутила бошланди. Умуман, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Қатар муносабатлари янги босқичга кўтарилди, асосан иқтисодий йўналишларда. 2023 йил май ойида Ўзбекистонда Қатар элчихонаси очилди.
— Ўзбекистон ва Қатар алоқаларининг устувор йўналишлари қайсилар?
— Форс кўрфази давлатлари билан кучли иқтисодий алоқаларимиз йўқ аслида. Улар нефт, газни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати кабиларга қизиқиш билдиради. Бундан ташқари, Қатар туризм соҳасида бизга катта қизиқиш билдиряпти ва Ўзбекистон салоҳиятини юқори баҳолаб, катта анжуманларда ҳам буни таъкидлаб келяпти. Мусулмон дунёси учун муҳим бўлган Ўзбекистон туризми ўз потенциалида эмас, биз бу соҳага катта инвестиция киритишни кўриб чиқяпмиз, деган фикрларни билдиришяпти. 2023 йил июн ойида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний илк маротаба давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган ва 12 млрд доллар миқдоридаги лойиҳаларни тасдиқлаб кетган.
Айтганимдек, туризмга эътибор катта. Чунки мусулмон дунёси учун муҳим саналган Ал-Бухорий, Термизий, Мотуридий каби алломалар бор, биламизки, Ал-Бухорийни улар ўзгача қадрлашади ва зиёрат туризмини жуда хоҳлашади. Аммо бу бўйича етарлича структура шакллангани йўқ. Шунинг учун Қатар мана шу структурани биз шакллантирайлик ва бутун араб дунёси давлатларидан зиёратга келувчилар биз орқали келсин, деган таклифни беряпти. Бу ишни Қатар қилмаса, Саудия қилади. Чунки ҳозир араб давлатлари ўртасида ижобий маънодаги иқтисодий рақобат кучайган.
Ўзбекистон манфаатларига келадиган бўлсак, биз учун ўша 2010 йилдаги транспорт коридори асосий нуқта. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Форс кўрфази давлатларидан, хусусан, Қатардан шу коридорни йўлга қўйишда инвестиция киритишини кутяпти. Бундан ташқари, умуман, Марказий Осиёда Хитой инвестициясини кўп кўрамиз, шу сабабли бизга алтернатив инвестор давлатлар керак, бу имкониятни араб давлатлари бера олади. Биргина Қатарнинг ўзи 12 млрд долларлик инвестиция киритамиз деганининг ўзи анча катта нарса, ҳали бошқа араб давлатлари ҳам бор. Қатар капитали бутун Европада юрибди, нега энди биз бу имкониятлардан фойдаланмаслигимиз керак.
— Ташриф давомида асосан инвестиция масалалари муҳокама қилинди ва яшил энергетикани ривожлантириш учун 9 млрд АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиши айтилди, бу мамлакатимиз энергия эҳтиёжларини қондиришда қандай рол ўйнаши мумкин?
— Марказий Осиёда энергетика муаммоси кун тартибига чиқиб боряпти. Бир томондан сув муаммоси ҳам бор, шунинг учун бу пайтда бизга алтернатив энергия манбалари керак бизга. Яна 10 йилдан кейин Марказий Осиёда жуда бошқача ҳолат бўлиб қолади, шу 10 йил ичида муқобил энергия манбаларини жорий қилиб олишимиз керак. Марказий Осиёга геосиёсий ричаг сифатида фойдаланиладиган соҳа – энергетика, шунинг учун бизга алтернативлар зарур. Қатар шу соҳага инвестиция киритмоқчи экан, биз бундан фойдаланиб қолишимиз керак.
— Қатар билан музокаралар вақтида Афғонистон масаласига ҳам тўхтаб ўтилди.
— Сўнгги 10-15 йил ичида Қатар геосиёсий жараёнларда ўзини платформа сифатида доим таклиф этиб келяпти. Яқин Шарқдаги муаммоларда ҳам музокара майдони бўлишни таклиф этган эди ва муваффақиятга эришди ҳам. Қатар сиёсий хавфсизликни таъминлагани учун ҳам у ерда кўплаб тан олинмаган сиёсий кучларнинг офислари жойлашган, шулар қатори “Толибон”нинг ҳам.
Воситачи сифатида баъзида Туркия ва Саудия эришолмаётган натижаларга Қатар эришди. Шу сабабли халқаро муносабатларда обрўси ошиб боряпти. Марказий Осиёга ҳам шуни таклиф этяпти, чунки “Толибон” кўп вақт Доҳада фаолият юритгани учун Қатар билан муносабатлари яхши, шунинг учун ҳам Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасида воситачи бўлишни таклиф этяпти. “Толибон” билан тўғридан тўғри гаплашолмайдиган мавзуларни Қатар орқали гаплашиб олишимиз ҳам мумкин. Дейлик, Қўштепа канали масаласидаги музокараларда ҳам конфликт чиқиб қолиши мумкин, шунинг учун Қатар орқали мулоқот қилса бўлади. Хавфсизлик масалалари ҳам бор. Яхши воситачи бўлган Қатар ўзини таклиф этаётган экан, Марказий Осиё давлатлари бундан фойдаланиб қолиши мумкин.
Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари ўртасида минтақавий интеграцияси кетяпти. Марказий Осиёда Ўзбекистон ва Қозоғистон лидер бўлгани учун Форс кўрфази давлатлари билан мулоқотга киришади. Умуман, Марказий Осиёни бир интеграцион минтақа сифатида кўришяпти, бу қувонарли. Бутун дунёда геосиёсий трансформация кетаётган пайтда, сиёсий коридорлар орқали чиқиб кетиб, ўзимизни иқтисодий ва сиёсий томондан мустаҳкамлаб олишимиз керак, Ўзбекистон ҳам, минтақа давлатлари ҳам. Бундай ташрифлар эса шунга ҳаракат борлигини билдиради.
Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:46 / 10.11.2024
Қатар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воситачиликни тўхтатди
23:01 / 06.11.2024
Қатар аҳолиси парламент сайловларидан воз кечишга овоз берди
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
21:16 / 31.10.2024