Ўзбекистон | 19:32 / 04.10.2023
5360
1 дақиқада ўқилади

Сентябр ойида 111 млрд сўмлик электр энергияси ва табиий газ ўғирлангани аниқланди

Талон-торож қилинган табиий газ миқдори 94 млн 533 минг метр кубни, электр энергияси 42 млн 961 минг кВт⋅соатни ташкил қилган. 

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда сентябр ойида ўтказилган назорат тадбирларида 911 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. 

Бунда 94 млн 533 минг метр куб табиий газ (91 млрд 57 млн сўм) ва 42 млн 961 минг кВт⋅соат электр энергияси (20 млрд 371 млн сўм) талон-торож қилиниши оқибатида тизимга келтирилган зарар 111 млрд 428 млн сўмни ташкил қилган.

Қайд қилинишича, ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 472 минг 665 та хонадоннинг, электр энергияси эса 214 минг 805 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг. 

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилингани айтилмоқда. 

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Мавзуга оид