Спорт | 18:46 / 06.10.2023
44499
7 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари кундалиги. Хафа қилинган Анвар, йиғлаган Акбар ва ягона олтин

Бугунги баҳслар Ўзбекистон жамоасидан битта олтин медал «тортиб олиниши» билан ёдда қолди. Олимпиада чемпиони Акбар Жўраев ҳам олтинни кутилмаганда хитойлик атлетикачига бой берди. Бадиий гимнастика жамоаси эса кутилган олтинни ўзиники қилди.

Фото: Kun.uz

6 октябр куни Осиё ўйинларида спорт рақси, бадиий гимнастика ва синхрон сузиш дастурларида баҳслар бошланди. Ўзбекистон жамоаси учта олтин медал қўлга киритишга жуда яқин эди, аммо якунда фақат битта олтин, иккита кумуш ва битта бронза билан кифояланди.

Слаломда эшкак эшиш

Слаломда эшкак эшиш бўйича яримфинал ва финал босқичлари ўтказилди. Анвар Клевлеев 101.49 сония натижа билан финалга йўл олди, 105.54 сония натижа қайд этган Алибек Темургалиев эса иштирокини тўхтатди.

Анвар Клевлеев финалда ҳам кучли иштирок этди, Осиё ўйинлари сайти дастлаб уни ғолиб сифатида кўрсатди, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ҳам у олтин медал қўлга киритгани ҳақида хабар берди, аммо кейин барчаси ўзгариб кетди.

Ҳакамлар беллашув вақтида мезбон Хитой вакилига ёзилган 50 сониялик жарима балларини бекор қилишди ва у 98.20 сония натижа билан Клевлеевдан (98.63) ўтиб кетиб, биринчи ўринга чиқди.

Ўзбекистон делегацияси ҳакамларнинг бу қарорига апеляцция берди.

Вазият видеосида ҳам хитойлик спортчи қизил тўсиқни айланиб ўтмаганини кўриш мумкин эди, аммо ҳакамлар натижани бошқа ўзгартиришмади ва Клевлеевнинг олтин медали тортиб олинди.

Оғир атлетика

Токио олимпиадаси ғолиби Акбар Жўраев кутилмаганда олтин ола олмади. -109 кг вазн тоифасида иштирок этган Акбар Жўраев даст кўтаришда 189, силтаб кўтаришда 228 кг (Осиё ўйинлари рекорди) натижа қайд этди, аммо унинг бу натижаси (икки кураш якунига кўра 417 кг) фақат кумуш учун етарли бўлди.

Хитойлик Лиу Ҳуанҳуа даст кўтаришда 185 кг натижа кўрсатганди, аммо силтаб кўтаришда 233 кг тошни кўтариб, икки кураш натижасига кўра (418 кг) Жўраевдан ўзиб кетди. Шу тариқа, бунгача 102 кг вазн тоифасида қатнашган хитойлик спортчи катта вазндаги илк иштирокидаёқ рекордларни янгилаган ҳолда чемпион бўлди (унинг бу вақтгача қайд этган энг юқори натижаси 404 кг бўлган), Акбар Жўраев эса шоҳсупада кўз ёшларини тия олмади.

Худди шу вазнда иштирок этган Руслан Нурудинов эса 391 (175+216) кг билан бронза медални қўлга киритди.

Бадиий гимнастика

Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари яккалик дастурида саралаш ва жамоавий йўналиш бўйича финал баҳсларини ўтказишди. 

Тахмина Икромова, Вилана Савадян ва Евелина Аталянсдан иборат жамоа ҳалқа, тўп, булава ҳамда тасмадаги машқлар орқали умумий 324.800 очко жамғариб, барча рақибларини ортда қолдирди ва делегация ҳисобига олтин медални тақдим этди.

Шунингдек, бугунги чиқишлари орқали Тахмина Икромова ҳамда Эвелина Аталянс яккалик йўналишида кўпкураш дастурида медаллар учун курашиш имконини сақлаб қолишди.

Шахмат

Ўзбекистон йигитлар жамоаси 8-раундда Қозоғистон жамоасини 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди ва жами очколар сонини 22 тага етказди. Айни вақтда жамоанинг асосий рақобатчиси Ҳиндистонда ҳам шунча очко мавжуд.

Қизлар жамоаси эса Мўғулистон вакилларига қарши баҳсда 2,5:1,5 ҳисобида устун келди - жами очколар сони - 19,5.

7 октябр куни охирги турда йигитлар жамоаси таиландлик шахматчиларга, қизлар жамоаси қозоғистонлик рақибларга қарши дона суради.

Карате

Ўзбекистон каратечилар жамоаси кунни мутлақо муваффақиятсиз ўтказишди.

-60 кг вазн тоифасида Улуғбек Алибоев илк босқичда Кувайт вакили Абдуллоҳ Шабанга ютқазди (0:1). Ушбу рақиби финалга чиққани учун Алибоевда бронза учун курашиш имкони бўлди, у ўтиш баҳсларида биринчи босқичдан курашсиз ўтди, аммо иккинчи босқичда саудиялик Абдулазиз Албаширга ютқазди (3:6).

+84 кг вазн тоифаси вакили Самарбек Ҳамроев илк босқичда таиландлик Тереват Кангтонгга ютқазди (2:6).

-61 кг вазн тоифасидаги баҳсларда қатнашган Зулхумор Турсуналиева ҳам илк босқичдаёқ филиппинлик Жеми Кристинга ютқазиб (1:3), иштирокини якунлади.

Эркин кураш

Курашчилар ҳам кунни медалсиз якунлашди, шу куни баҳсларда иштирок этган беш нафар курашчидан бирортаси бронза медал учун баҳсларга ҳам етиб келолмади.

-62 кг вазн тоифасида Ўзбекистон номидан қатнашган Дилфуза Аимбетова илк босқичда Жанубий Корея вакили Ли Ҳанбитни мағлуб этди (3:1), аммо чоракфиналда КХДР вакили Мун Ҳёнгёнгга мағлуб бўлди (1:12). Шимолий кореялик спортчи финалга етиб бориб, олтин медални ҳам ўзиники қилиш баробарида ўзбекистонлик спортчида бронза учун курашиш имкониятини ҳосил қилди, аммо Аимбетова ўтиш баҳсларида хитойлик Жиа Лонгга ютқазди (0:12).

-68 кг вазн тоифаси вакили Фируза Эсенбаева илк босқичда япониялик Наруҳа Мацуюкига ютқазиб (0:5) иштирокини якунлади.

-76 кг вазн тоифасидаги баҳсларда қатнашган Светлана Оқназарова дастлабки босқичдаёқ қозоғистонлик Жамила Бакбергеновага ютқазди (0:7), бу рақиб финалга етиб борганидан кейин унда бронза учун курашиш имконияти пайдо бўлганди, аммо ўтиш баҳсларида мўғулистонлик Ганбатга ютқазди (2:14).

-57 кг вазн тоифаси вакили Нодиржон Сафаров нимчорак финалда тожикистонлик Ҳикматулло Воҳидовни енгганди (8:4), аммо чоракфиналда япониялик Тошиҳииро Ҳасегавадан енгилди (2:12), бронза учун ўтиш баҳсларида ҳам хитойлик Лиу Мингҳуга ютқазди (4:7).

-65 кг вазн тоифасида иштирокини саралаш босқичида бошлаган Аббос Раҳмонов эронлик Раҳмон Амузадхалилига ютқазди (6:12), эронлик спортчи финалга чиққанидан сўнг, Раҳмонов бронза медал учун ўтиш баҳсларига киришди, аммо илк жангдаёқ япониялик Каики Ямагучидан мағлуб бўлди (0:10).

Жиу-житсу

-77 кг вазнда иштирок этган Умид Сайдуллаев саралаш босқичидаёқ кувайтлик Фаҳад Алмаррига ютқазиб (2:2, қоидага кўра охирги баллни олган спортчи ғолиб деб топилган), иштирокини тўхтатди.

Шу вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ферузбек Ўроқов саралашда баҳрайнлик Маҳмуд Алнажжар тўсиғидан ўтди (7:2), нимчорак финалда саудиялик Абдуллоҳ Алғаннамни мағлуб этди (2:0), аммо чоракфиналда БАА вакили Маҳди Алавлақига ютқазди. Унда бронза учун курашиш имконияти пайдо бўлганди, аммо ўтиш баҳсида мўғулистонлик Давадорж Мунктурга ютқазди.

Футбол

Биринчи бор Осиё ўйинларида қатнашган футбол бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси мусобақани кучли тўртликда якунлади. Мидори Ҳонда бошчилигидаги жамоа бугун мусобақа мезбони Хитойга қарши бронза медали учун кечган баҳсда 0:7 ҳисобида имкониятни бой берди.

***

Кун якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сони 20 тага, кумуш медаллар сони 18 тага, бронза медаллар сони 26 тага етди. Айни вақтда Ўзбекистон жами 64 та медал билан умумий рейтингда Ҳиндистондан кейинги 5-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид