Ўзбекистон | 17:00 / 07.10.2023
8655
2 дақиқада ўқилади

Ботаника боғини ҳокимликка беришни Давактив таклиф қилган. Агентлик таклифидан воз кечди

Жамоатчилик эътирозлари ортидан, Ботаника боғини Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш ҳақидаги таклиф Фанлар академиясининг сўровига биноан тегишли қарор лойиҳасидан чиқарилди. Бу ҳақда лойиҳа ташаббускори – Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Агентликка кўра, давлат маданият ва истироҳат боғларининг бино-иншоотларининг мол-мулки ва ер майдонларининг ноқонуний бегоналаштирилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республика ҳудудидаги барча маданият ва истироҳат боғлари хатловдан ўтказилган.

“Хатлов натижасида ҳудудлардаги 262 та боғлар 153 та ташкилотлар тасарруфида бўлиб, уларнинг айримлари ташландиқ ва қаровсиз ҳолга келиб қолгани, уларни бошқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаётгани аниқланди ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Ишлаб чиқилган таклифлар тегишли қарор лойиҳаси кўринишида келишиш учун 11 та вазирлик ва идораларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали юборилган.

Лойиҳада боғларни хусусийлаштириш ёки бошқача тартибда бегоналаштириш кўзда тутилмаган”, – дейилади Давактив изоҳида.

Қайд этилишича, бу лойиҳа барча вазирлик ва идоралар, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қайта ишланган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритилади.

Агентлик қайта ишланган лойиҳанинг кенг жамоатчилик муҳокамасига чиқарилиши масаласига аниқлик киритмаган.

Эслатиб ўтамиз, қарор лойиҳасида республикадаги 196 та истироҳат боғини Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ҳузурига ўтказиш белгиланган. Ботаника боғи бу рўйхатдан чиқарилса, 195 та боғ Қорақалпоғистон ҳукумати ва ҳокимликлар қўл остига ўтиши мумкин.

6-7 октябрлар куни Ботаника боғини ҳокимлик ихтиёрига ўтказмасликни талаб қилиб қатор фаоллар, шунингдек, Фанлар академияси, Ботаника институти ва Сенат муносабат билдирган эди.

Бунинг ортидан пойтахт ҳокимлиги бу ташаббус муаллифи эмаслиги ва Ботаника боғи истироҳат боғига айлантирилмаслигини айтиб баёнот берди.

Мавзуга оид