Жаҳон | 22:30 / 07.10.2023
57536
7 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқда яна уруш. Асосий маълумотлар

ҲАМАСнинг 7 октябр тонгида бошланган ракета зарбалари ва кўча жанглари оқибатида камида 100 нафар исроиллик ҳалок бўлиб, 900 дан ортиқ киши яраланган. Аввалига кичик диверсияга ўхшаб кўринган ҳужум ёппасига ракета зарбалари билан кечди.

Фото: Reuters

Исроил ҳукумати уруш ҳолатида эканини эълон қилиб, фавқулодда сафарбарлик эълон қилди. Мамлакат армияси қақшатқич қарши ҳужумга тайёрланмоқда.

Исроил полицияси мамлакат чегарасини ҲАМАСнинг 200-300 нафар атрофидаги аъзоси кесиб ўтганини маълум қилган. Улар 14 та аҳоли яшаш манзилларига ҳужум қилган, ўнлаб исроилликлар асир олинган.

Исроил жанубидаги яшовчилар ҳудудга армиянинг қўшимча бўлинмаларини юборишни сўраган. «Бизни сўйишади, 6 соат ўтди, армиядан дарак йўқ», деган улардан бири.

Исроилнинг турли шаҳарларида юзлаб одамлар касалхоналарга бориб донор сифатида қон топширмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат уруш ҳолатида эканини маълум қилди.

 «Биз ҳарбий операция ўтказмаяпмиз, уруш ҳолатидамиз. ҲАМАС Исроил давлати ва фуқароларига қарши кутилмаганда ажалвор ҳужум бошлади. Исроил сарҳадларини террорчилардан тозалашга, захирадагиларни сафарбар қилишга буйруқ бердим. Душман ҳамма қилгани учун насибасини олади», деган Нетаняҳу.

Исроил президенти Ицхак Герцог ҲАМАС ҳужумлари ортида Эрон турганини айтган.

Ҳозиргача 100 нафар исроиллик ҳалок бўлгани, 908 нафар исроиллик турли даражадаги тан жароҳатлар билан касалхонага тушгани маълум қилинган. Яҳудийларда шанба куни дам олиш куни бўлгани учун фақат навбатчи шифокорлар ишлайди. Лекин ҳужум бошлангач, шифокорлар кўнгилли тарзда ишга чиққан.

Исроил томони ҲАМАС аъзолари қайси аҳоли яшаш пунктларига кирганини аниқлаган. Мамлакат армияси ҳарбийлари полиция ва махсус кучлар билан бирлашган ҳолда шу ҳудудларга юборилмоқда. Тинч аҳоли вакилларидан уйда эшикларни ёпиб ўтириш сўралмоқда.

Фаластинликларнинг ракеталаридан бири Ашкелондаги кўп қаватли турар жой биноси олдидаги автотураргоҳга келиб тушган

Исроил ҳарбийлари «Темир қилич» операциясини бошлаган

Исроил мудофаа вазири Йоава Галант захирадаги ҳарбийлар учун фавқулодда чақирув эълон қилган. «Бугун эрталаб ҲАМАС жиддий хато қилиб, Исроил давлатига қарши уруш очди», деган вазир.

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилингани, ҳуқуқ-тартибот органлари сафларига кўнгиллилар сараланишини маълум қилган. Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг суд ислоҳотига норозилик рамзи ўлароқ аввалги чақирув машғулотларида қатнашмаган захирадаги ҳарбийлар ҳам бу гал ўз ихтиёри билан армия сафига ёзилган. Мамлакат собиқ бош вазири Нафтали Бенет ҳам кўнгиллилар гуруҳига қўшилган.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ҲАМАСнинг Ғазодаги 21 объектига авиазарбалар йўллаган: 17 ҳарбий объект ва тўртта қўмондонлик пунктига. Исроил мудофаа армияси расмий вакили Ричард Хехт CNN учун берган интервюсида 7 октябр куни охирига қадар «Исроил ҳудудида бирорта тирик террорчи қолмаслиги»га умид билдирган. Исроил жануби полициячилар томонидан ўраб олинган, 20 дан ортиқ аҳоли яшаш манзилларида махсус бўлинмалар ҳаракатланмоқда. Ғазога яқин жойлашган Нирим шаҳрида ҲАМАСнинг тўққиз аъзоси ўлдирилгани хабар қилинган.

Охирги маълумотларга кўра, Исроил армияси ҲАМАС жангчилари кирган барча ҳудудларга етиб борган. Тармоқда ўнлаб фаластинликлар қўлга олингани тасвирланган суратлар пайдо бўлди. Исроил миллий хавфсизлик кенгаши Ғазо бўлгасида қуруқлик операцияси ўтказишга рухсат берган. Исроил авиацияси жавоб зарбалари беришга тайёргарлик жараёнидан видео эълон қилди.

Ўз навбатида, Фаластин мухторияти соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ғазо бўйлаб авиазарбалар оқибатида 198 киши ҳалок бўлган ва 1610 киши жароҳатланган. Вазирликнинг қайд этишича, Ғазо бўлгаси шимолидаги шифохонага ҳам зарба берилган.

Исроил махсус хизматлари «қовун туширди»ми?

Исроил армияси хабарида айтилишича, ҲАМАС мамлакат чегараларини қуруқликдан, ҳаводан ва денгиздан кесиб ўтган. Фаластинликлар Исроилнинг Сдерот шаҳри кўчаларида кўриниш берган. Бу Исроилнинг Ғазо билан чегарасига яқин жойлашган шаҳар.

Ҳарбий экспертлар ҲАМАС ҳужумга жуда жиддий тайёрланган деб ҳисобламоқда.

«Бу Исроил учун жуда жиддий муваффақиятсизлик. Айниқса разведка маълумотлари олиш масаласида. Ахир бу давлат Яқин Шарқдаги разведка маълумотлари тўплаш бўйича тенгсиз», дейди BBC эксперти Фрэнк Гарднер.

Ҳозирча юқори профессионаликка эга бўлмаган ҲАМАС жангчилари қандай қилиб дунёнинг энг зўр разведкаларидан бирини доғда қолдирганига экспертлар ҳам, Исроил ҳукуматидагилар ҳам жавоб топа олмаяпти.

ҲАМАС аъзолари исроилликларнинг ҳарбий техникаларини қўлга киритган

Исроил бўйлаб «минглаб» ракеталар

Исроил эрталабдан Ғазо секторидан амалга оширилган ёпирилма ракета зарбаси остида қолиб кетди. Мамлакат жануби ва ғарбида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар ишлаган. Ашкелонда ракета зарбасидан кейин ёнғинлар чиққан.

ҲАМАС қўмондонлари ҳужумнинг дастлабки 20 дақиқаси ичида Исроил томонга 5 мингта ракета ва снаряд отилганини айтган. ҲАМАСнинг юқори мартабали командири Муҳаммад Дайф фаластинликларни жанг қилишга чақириб, ракета зарбалари давом этишини маълум қилган.

Исроил жануби ва марказида яшовчилардан бомбапаналар яқинида бўлиш сўралган. Маҳаллий газеталардан бирига қўнғироқ қилган исроиллик синглисининг уйига ҲАМАС жангчилари кирганини айтган. Фаластинликлар Исроил армиясининг бир қанча зирҳли техникаларини ҳам эгаллаган. Улар катта эҳтимол билан ҳарбий база автотураргоҳида турган машиналарни ўлжа қилишган. Тармоқда ҲАМАС жангчилари исроиллик ҳарбийни танкдан тушириб, отаётгани акс этган видеолар ҳам тарқалди.

Бу галги эскалация ўзгача эканини ҲАМАС Қуддусга ҳам ракета отганидан билиш мумкин. Одатда ҳаракат мусулмон оламининг муқаддас масжиди Ал-Ақсо жойлашган ва фаластинликлар ҳам яшайдиган бу шаҳарга зарба беришда жуда эҳтиёт бўлади.

Ғазодан Исроил томон учиб бораётган ракеталар
Said Khatib / AFP / Scanpix / LETA

Халқаро реакция

Халқаро етакчилар Фаластин ва Исроил чегарасидаги воқеаларга муносабат билдирмоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳар икки томонни босиқлик билан иш кўришга чақирган. Миср эскалация кучайишининг салбий оқибатларидан огоҳлантирди. Миср ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри Европа Кенгаши ташқи сиёсат бўйича етакчиси Жозеп Боррел билан телефон суҳбати ўтказган.

АҚШ ва Буюк Британия Исроилга ҳужумни кескин қоралаган. Пентагон раҳбари Ллойд Остин Исроилга ўзини ҳимоя қилиш учун барча керакли воситалар берилишини айтди. Германия канцлери Олаф Шолц Исроил билан бирдамлигини билдирган.

Фаласинни эса кутилганидек биринчи бўлиб Эрон қўллаб-қувватлаган. «Биз «Ақсо тўфони» операциясини қўллаб-қувватлаймиз. Фаластин ва Қуддус озод қилунганга қадар фаластинлик мужоҳидлар билан биргамиз», дея эронлик генарал Раҳим Сафавининг сўзларини келтирган Mehr нашри.

Кейинроқ ОАВда «Толибон» ҳаракати ҳам Фаластинни қўллаши ҳақида хабарлар тарқалди. «Агар Исроилга чегарадаги араб давлатлари имкон беришса, биз Қуддусни эгаллашга тайёрмиз», дея ҳаракат баёнотини келтирган қатор нашрлар.

Мавзуга оид