“Россия ва Хитой АҚШнинг ўрнини эгаллаш пайида” — ўзбек экспертлари Афғонистондаги вазият ҳақида
Сентябр охирида “Толибон” расмийлари ва ўнга яқин давлатнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари Москва форматидаги 5-учрашувга йиғилди. Хўш, толиблар билан бу каби мулоқотлардан фойда бўляптими, улар билан нималар гаплашиляпти, Афғонистонда кимнинг қанақа манфаати бор? “Геосиёсат”нинг навбатдаги сонида ўзбек экспертлари шу ҳақда сўз юритди.
Суҳбатдошларимиз – сиёсатшунослар Сайфиддин Жўраев, Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов.
— Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамиятнинг устувор кун тартибидан тушиб қолгани қайси омиллар билан боғлиқ?
Сайфиддин Жўраев: Сўнгги 3 йил ичида Афғонистон муаммосига муносабат ўзгаргани йўқ, лекин эътиборнинг пастга тушиши бўлди. Биринчи сабаб, албатта, дунёдаги ўзгаришлар, Украина кризиси, АҚШ-Россия тирашуви, Хитойнинг ўсиб келиши каби масалалар фонида қолиб кетаётгандек. Иккинчи сабаб эса Афғонистоннинг ўзидаги жараёнлар, яъни маълум даражада ўзгаришлар бор: терроризмга қарши кураш, бутун мамлакатни бошқариш. Лекин жаҳон ҳамжамияти қўйган талабларнинг катта қисми бажарилмасдан қолиб кетяпти. Учинчи бир сабаб эса Афғонистондаги бўлаётган ишлар дунёнинг бошқа давлатларига унча таъсир қилмай қўйди. Аммо қўшни давлатлар учун, хусусан, Марказий Осиё давлатлари учун Афғонистон масаласи доимий кун тартибида. Президентимиз ҳам БМТда Афғонистонни ўз муаммолари билан қолдириб бўлмайди, деди. Умуман, Афғонистон Осиё учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудуд, кун тартибидан тушмайди барибир.
Дунёда ҳеч қачон бўшлиқ бўлиб қолмайди, ўзаро боғлиқ. Охирги бир неча ой, айниқса сўнгги бир ҳафтада Афғонистон масаласи яна кўтариляпти. АҚШ конгрессида ҳам бу муаммо кўтарилди. Россия томонидан ҳам шундай ҳаракатлар бўляпти, Давлат думасида кўрилди бу масала. Бу дегани ҳар давлат ўз манфаати томонидан яна Афғонистон муаммосини кўтаряпти.
Камолиддин Раббимов: Афғонистон масаласида дунёда геосиёсий чарчоқ бор. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонда 20 йил урушди. Олдига 3 вазифа қўйганди: «Толибон»ни йўқотиш, Ғарбга мойил бўлган сиёсий тизимни ўрнатиш ва дунёвий давлатга айлантириш. Лекин бирортасига ҳам эришилмади.
Афғонистон дейилганда жуда чуқур илдиз отган муаммолар мажмуаси тушунилади бутун дунёда. Шавкат Мирзиёев ҳам шу ҳолича ташлаб бўлмайди, қайтадан фуқаролик уруши бошланса, барчамиз ютқазган бўламиз, деган позицияни билдирмоқда. Яъни вазият жуда мураккаб. «Толибон» сиёсий тизими идеал сиёсий тизим эмас, ўта инжиқ ва мураккаб тизим. Лекин сўнгги 40-50 йил ичида биринчи марта битта куч Афғонистонни назорат қиляпти ва бу – имконият. Лекин Украина уруши фонида Афғонистонга эътибор табиий равишда тушиб кетди.
Суҳроб Бўронов: Афғонистон – Евросиёнинг юрагида жойлашган давлат. Покистонлик ёзувчи Муҳаммад Иқбол «Афғонистон – Осиёнинг юраги. Унинг тараққиёти Осиёнинг тараққиёти, унинг таназзули Осиё таназзулидир», деган.
Ҳозир Афғонистонни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ўтмишдаги ишларнинг такрорланишига сабаб бўлиши мумкин. СССР қўшинлари чиқиб кетгач, худди вазият юмшагандек, глобал муаммодан минтақавий муаммо даражасига тушиб қолди Афғонистон масаласи ўша пайтда. Шундан сўнг фуқаролар уруши бўлди, «Толибон»нинг ҳокимият тепасига келиши бўлди. Ҳозир ҳам шу вазият такрорланяпти. Яъни ҳали муаммолар ҳал бўлмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйиляпти ва яна глобал муаммо бўлади бир куни. Юқорида айтилгандек, Украина уруши фонида ҳам қоляпти.
— «Толибон» (Афғонистон ислом амирлиги) ТИВ раҳбари Муттақий «биз минтақа давлатлари Афғонистонда ҳукумат тузиш бўйича кўрсатмалар беришдан кўра, Ислом амирлиги билан ҳамкорлик қилишини кутамиз», деди Қозонда. Бу баёнот «Толибон» билан муносабатлар учун тўсиқ бўладими?
Суҳроб Бўронов: Дунё ҳамжамияти ҳозир «Толибон» масаласида иккига бўлинган. АҚШ бошчилигидаги Ғарб хотин-қизлар ҳуқуқи чекланишига асосий урғу беряпти. Қўшни минтақавий давлатлар эса инклюзив ҳукуматга урғу беряпти. Россия президентининг Афғонистон масалалари бўйича маслаҳатчиси айнан шунга аҳамият қаратди, Қозон декларациясида ҳам шунга урғу берилди. Ғарб томони эса баъзан инклюзив ҳукуматни энг асосий талаб сифатида кўрмаяпти.
Муттақийнинг гапларига эътибор берсак, минтақавий давлатларнинг ҳамкорлик қилишидан бошқа имкони йўқ, дегандек бўляпти. Аслида минтақавий давлатлар қўяётган талабларни бажариши шарт. На инклюзив ҳукумат тузишга, на хотин-қизлар ҳуқуқини таъминлашга эътибор қаратишяпти.
Сайфиддин Жўраев: Муттақийнинг гапларида минтақа давлатлари «Толибон»ни тан олишни бошлаб берсин, деган маъно ҳам бор. Иккинчидан, Марказий Осиё давлатлари манфаати билан биргаликда бизнинг манфаатларни ҳам ҳисобга олинглар, деган чақириқ бор. Яқинда АҚШ «Толибон» ҳукуматини тан олиш борасида экспертлар фикрини ўрганди, уларнинг аксарияти тан олмаслик керак, лекин алоқаларни кучайтириш керак, деган гапни айтган. «Толибон» эса аввал бизни тан олинглар, биз кейин ҳамкорлик қиламиз, деган позиция билдиряпти.
— Бугунги кунда «Толибон»га сезиларли таъсир қилиш қобилиятига эга давлатларнинг ўзлари ҳам демократик марказлар эмас. Аслида Москва ва Пекиннинг «Толибон» билан муносабатлардан асл манфаатлари нималар? Хитойнинг биринчи бўлиб Афғонистонга элчи тайинлаши нимани англатади?
Камолиддин Раббимов: Аниқлик киритиб ўтиш керакки, Ашраф Ғани давридаги элчилар ҳали ҳам Афғонистонда, шу жумладан Ўзбекистонники ҳам. Яъни улар алмаштирилмаяпти. Чунки элчи алмашадиган бўлса, «Толибон» ҳукуматига ишонч ёрлиғини топшириши керак бўлади. Шу ишни биринчи бўлиб Хитой амалга оширди.
Бугунга қадар Афғонистон масаласидаги асосий иштирокчи давлатлар ўртасида норасмий бир келишув бор эди, яъни «Толибон» тан олинса, биргаликда тан оламиз, деган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам биз дунё ҳамжамияти ва халқаро ҳуқуқ доирасидаги линиядан оғишмаймиз ва «Толибон» ҳукуматини тан олишда биринчи бўлиб қадам ташламаймиз, деди. Хитой расмий равишда «Толибон»ни тан олишини айтмади, аммо унинг янги элчиси «Толибон» ҳукуматига ишонч ёрлиғини топширди. Бу бир томондан АҚШ ва ХХР ўртасидаги зиддиятлар кристаллашиб бораётганини англатади. АҚШда, нисбатан сенинг райингга қараб ўтирмасдан, «Толибон» билан муносабатларимни яхшилайман, деган сигнал бор. Кейинчалик Россия билан ҳам шундай бўлиши мумкин. Ўйлашимча, ҳозир ҳам яширин мулоқотлар кетяпти.
Евросиёнинг марказида жойлашган давлатлардан бири – Афғонистон. Марказий Осиё ҳам, Хитой ҳам Жанубий Осиё билан боғланиш учун Афғонистонга мурожаат қилишга мажбур. Шу фонда «Толибон» ҳукумати билан алоқалар борасида рақобат кетяпти. Бир томондан инклюзив ҳукумат тузиш ва аёллар ҳамда болалар ҳуқуқларини таъминлашга эришиш, иккинчи томондан «Толибон» билан муносабатларни ижобийлаштириб, унга бошқалардан кўра таъсир доирасини кучайтириш. Мана шундай тўқнашувлар бор.
Сайфиддин Жўраев: Дипломатияда тан олинадими, йўқми, ўртасида уруш бўлаётган бўлса ҳам, давлатлар ўртасида алоқалар бўлади. Ҳеч бўлмаганда учинчи томон орқали муносабатда бўлади. Хитой Афғонистонга 1 млрддан ортиқ инвестиция киритиб бўлган. Ўша инвестицияларининг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам «Толибон» билан яхши алоқалар ўрнатишга мажбур. Яъни Хитой ҳали «Толибон»ни тан олди дегани эмас, олдида турган реал амалий масалаларни ҳал қилмоқчи. Ўзбекистон ҳам дипломатик алоқаларга киришяпти, аммо тан олгани йўқ. Дипломатияда реал ҳолат муҳимроқ.
Суҳроб Бўронов: Москванинг Афғонистон борасида иккита манфаати бор: геосиёсий ва геоиқтисодий. Геосиёсий томони Москва форматида ҳам кўринди, яъни улар «Толибон» ҳокимиятда қолиши, тўлиқ бошқарувидан манфаатдор эмас. Москва томони ҳам баёнотларида инклюзив ҳукумат тузиш ҳақида гапиряпти. Афғонистондан АҚШ чиқиб кетгач юзага келган бўшлиқни Пекин ва Москва тўлдиришга ҳаракат қиляпти.
Геоиқтисодий масала. Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон орқали Жанубий Осиё ҳудудига чиқиш, трансафғон йўли. Шундай бўлса, Марказий Осиё давлатларининг Москвага иқтисодий боғлиқлиги камаяди. Бу нарса Москвани ташвишлантиради.
Пекиннинг Москва ва Вашингтондан фарқ қилувчи битта хусусияти бор: у Афғонистонга бевосита қўшни бўлган ягона йирик куч (Афғонистон ва Хитой 92 километрлик умумий чегарага эга – таҳр.). Пекиннинг ҳам иккита манфаати бор: хавфсизлик ва геоиқтисодий. Хавфсизлик масаласи шуки, Шарқий Туркистон ислом ҳаракатининг ҳали ҳам Афғонистонда базаси бор. Унинг «Толибон» билан алоқалари олдини олиш учун ҳам интилади Пекин. Хитой Тожикистон, Покистон, Афғонистон билан тўрт томонлама координацион гуруҳ ташкил этган, яъни хавфсизлик ҳалқаси яратишга уринган.
Геоиқтисодий томондан эса «Бир макон – бир йўл» лойиҳасининг марказида Афғонистон бор. Goodzone институти ҳарбий-сиёсий маркази директори Ричард Вайс Ғарбнинг ўрнини Хитой эгаллайди, деганди ва бу амалга ошяпти. Афғонистонда Хитойнинг 27 та компанияси ишлаяпти.
Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
18:21 / 20.11.2024