Жаҳон | 08:31 / 12.10.2023
12659
2 дақиқада ўқилади

Байден Исроилни уруш қонун-қоидаларига амал қилишга чақирди

АҚШ президенти Жо Байден Исроил ҳукуматини ҲАМАС ҳаракати билан жанговар ҳаракатларда «уруш қонун-қоидалари»га амал қилишга чақирди.

Фото: Drew Angerer/Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден 11 октябр, чоршанба куни Фаластин-Исроил можароси авж олганидан бери тўртинчи бор Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга телефон қилди. У Исроил ҳукуматини Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати билан жанговар ҳаракатларда «уруш қоидалари»га амал қилишга чақирди

«Исроилнинг ғазаб ва умидсизлик билан... уруш қонун-қоидалари бўйича ҳаракат қилиши ҳақиқатдан ҳам муҳим», деди Байден Оқ уйда АҚШ яҳудий жамоат ташкилотлари вакиллари йиғилган учрашувда Нетаняҳу билан мулоқотига изоҳ берар экан. «Уруш олиб боришда ҳам қонун-қоидалар бор», дея қўшимча қилди у. 

Жо Байден: «Шафқатсиз кампания» 

Америка етакчиси ҲАМАС жангчиларининг уюштирган ҳужуми қурбонлари акс этган суратлар ҳақида гапирди ва ҳужумни «шафқатсиз кампания» деб атади. «Нафақат нафрат, балки шафқатсизлик», - деди Байден. 

У, шунингдек, АҚШ ҳукумати ҲАМАС томонидан гаровга олинган америкаликларни озод қилиш учун барча имкониятларни ишга солишига ишонтирди, бироқ Вашингтон қандай саъй-ҳаракатлар кўраётганига аниқлик киритмади. АҚШ расмийларига кўра, 7 октябр куни ҲАМАС жангчиларининг Исроилга уюштирган ҳужуми чоғида 22 АҚШ фуқароси ҳалок бўлган, яна 17 нафари бедарак йўқолган. 

БМТ Хавфсизлик кенгаши Яқин Шарқдаги можарони муҳокама қилади 

БМТ Хавфсизлик кенгаши 13 октябр, жума куни Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилади, дея хабар берди ахборот агентликлари дипломатик манбаларга таяниб. У очиқ ёки ёпиқ бўладими, ҳозирча бир қарорга келинмаган.

Мавзуга оид