Ҳокимларнинг судга ҳурматсизлиги ва МИБ фаолиятига саволлар — бюро вакили билан суҳбат
“Суд қарорини бажариш конституцион мажбурият эканини айтиб, фуқароларнинг “ёқасидан оламиз”, лекин давлат ташкилотлари МИБ ходимлари боргунга қадар ўзлари ўрнак бўлиб, ўша қарзларни тўлаши керак”, дейди Kun.uz’га интервю берган бюро бўлим бошлиғи Насимхон Бурхонов. Унинг сўзларига кўра, ижро ҳужжатлари бўйича 447 миллиард сўмдан ортиқ қарздор ҳокимликларнинг тўловдан қочиши ва жамоатчилик олдида судга ҳурматсизлик қилишининг оқибати ёмонроқ бўлади.
МИБ ўзига юклатилган вазифаларни қанчалик бажара оляпти? Қонунлар ҳаммага бирдек ишлаяптими, йилига 6 миллионга яқин келадиган ижро ҳужжатлари, юз минглаб алимент қарздорликлари қандай ундирилмоқда?
Kun.uz мухбири бу масалалар юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғи Насимхон Бурхонов билан суҳбатлашди.
— Кўпинча фуқаролар МИБ ходимларининг давлат ташкилотларидан зарар ёки қарздорликни ундириш жараёнидан норози бўлади. “Оддий фуқаронинг 300-400 минг қарзи бўлса, дарров уйига МИБ ходимлари бориб олади-ю, лекин давлат ташкилотларининг миллиардлаб қарзи бор, уларни безовта қилмайди, жим туради”, дейишади. Нимага МИБ – давлат ташкилотлари, ҳокимликлардан қарзни ундиришда бундай сусткашликка йўл қўйяпти?
— Тўғри, муаммо бор, тан олиш керак. Суд қарорини бажариш конституцион мажбурият эканини айтиб, қўполроқ қилиб айтганда фуқароларнинг ёқасидан оламиз. Лекин давлат ташкилотлари МИБдан боргунга қадар ўзлари ўрнак бўлиб ўша қарзларни тўлаши керак аслида. Бизнинг ундиришимиз майли, лекин уларнинг халқ олдида, ОАВ олдида судга ҳурматсизлик қилиши ёмонроқ оқибатга олиб келади [МИБга келаётган қарздорликни ундиришга доир қарорни судлар чиқаради, Конституцияда эса судлар мустақиллиги ва қарорлари барча учун мажбурий экани ёзиб қўйилган]. Ана шу алоҳида ҳокимият — судга ҳурматсизлик қилгани учун чет элларда президент ва амалдорлар ҳам жавобгарликка тортилди. Бу маданиятни давлат органлари кўрсатиб бериши керак ўзи. Умуман, иш МИБгача етиб бормаслиги лозим. Давлат органларининг иши МИБгача бордими, халқ ишончи йўқолиши мумкин, сиёсий минус дейиш мумкин буни қайсидир маънода. Ишонаманки, бизда ҳам бу борадаги маданият шаклланади.
Ундириш масаласига келсак, давлатнинг барча харажатлари режали бўлади. Давлат органларида бюджет олдиндан шакллантирилади, лойиҳалар кўрилиб, шунга кўра йиллик бюджет тасдиқланади. Режадан ташқари харажат қилишга ҳаққи йўқ. Шунинг учун ҳам улардан пул ундиришда муаммолар бўлади. Шунинг учун келаси йил бюджет шакллантирилишидан олдин бундай ҳолатлар ҳам режалаштирилиши, керак бўлса алоҳида маблағ ажратилиши лозим. Чунки Фуқаролик кодексига кўра, ноқонуний хатти-ҳаракатлар натижасида давлат органлари томонидан етказилган зарар давлат томонидан тўлаб берилиши белгиланган. Компенсация жамғармалари ташкил қилиш амалиёти ҳам бор давлат ташкилотларида, яъни ортган, тежаб қолинган маблағлар ҳисобига.
Бюджет кодексига кўра, давлат бюджетидан пул маблағларини ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари молия органлари томонидан ижро этилади. Чунки бизнинг (МИБнинг) бюджетдан пул ечиб олишга ҳаққимиз йўқ. Яна бир томони борки, баъзида суд қарорларида аниқ кўрсатилмайди бюджетдан ундириш кераклиги, шунчаки ўша ташкилот ё ҳокимликдан ундирилсин, деб қўйишади. Айтганимдек, бюджетдан ундиришни молия органлари амалга ошириши керак, МИБ назорат қилади ва бажарилмаса тарафларни жавобгар қилиши мумкин.
Бу дегани — бюджетдан пул ҳисобли олинаркан деб суд қарорини бажармаслик керак, дегани эмас. Суд қарорига ҳурматсизлик бўлдими, жавобгарликка тортишимиз лозим. Менинг фикримча, маъмурий, жиноий жавобгарликдан ҳам кўра давлат органларида масъулият ва сиёсий жавобгарлик устун бўлиши керак.
Шу бўйича ОАВда хабарлар чиқса, қайтага хурсанд бўламан мен. Чунки ОАВ буни олиб чиққач, ўша давлат органи ҳаракатга тушиб, реакция билдиради.
— Ечим сифатида йиллик бюджет тасдиқланаётганда шундай вазиятлар ҳам ҳисобга олиниши кераклигини айтдингиз. Лекин айни вақтда маълумотларга кўра, ҳар бир вилоят ҳокимлигининг МИБ ижро ҳужжатлари бўйича йирик қарздорликлари бор. Айни вақтда бу каби қарздорликлар қай тартибда ундирилади?
— 2023 йил сентябр ойи ҳолатига фуқароларнинг бузилган уй-жойлари учун компенсация ундириш бўйича ҳокимликларга нисбатан 807 та суд қарори бор. Жами қарздорлик 447 млрд сўм. Энг катта қарздорлик 241,6 млрд билан Тошкент шаҳар ҳокимлигида. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (қарийб 40 миллиард сўм) ва Андижон вилояти (38 миллиард сўм). Лекин қарздорликни энг катта тўлаб бераётганлар ҳам шу топ учталик. Компенсация жамғармалари орқали ҳам тўлаш бор, бутун республика бўйича жорий қилинган бу амалиёт. 223 май ойидан буён 453 та суд қарори бўйича 208 млрд сўм тўлаб берилган. Ҳокимликлар ҳам ҳаракат қиляпти, ортиқча маблағ топилиши билан ижро қилиняпти.
Бош прокурор раҳбарлигида республика комиссияси бор суд қарорларини ижро қилиш бўйича. Вилоятларда ҳам шундай комиссия тузилган. Бош прокурор раҳбарлигида йиғилишлар бўлади, ҳар бир ҳокимлик ўз ҳисоботини беради. Бу масалалар оддий хатлаш ё жавобгарликка тортиш билан ҳал бўлиб қолмайди. Пул маблағларини топиш керак бўлади.
— Давлат ташкилотлари балансида пул маблағидан ташқари турли бинолар, қимматбаҳо автомобиллар бўлади. Нега ўша моддий воситаларга чеклов қўйилмайди ёки сотиб қарз тўланмайди?
— Давлат ташкилотларининг хўжалик қарзлари, ойлик маошлар бўйича қарзларини мол-мулкдан ундириш мумкин. Бундай ҳолатда шундай чора қўллаш мумкин. Биздаги катта муаммо давлат бюджетидан ундирилиши керак бўлган қарздорликларда бўляпти.
— Ҳокимлик ва тадбиркорлар ёки фуқаролар ўртасидаги қарздорлик асосан нимадан келиб чиқяпти, “снос”ларми ёки бошқа масалалар ҳам борми?
— МИБга суд қарорлари келмайди, фақат ижро варақаси юборилади. Ижро варақасига эса фақат фалончи орган ёки ҳокимликдан фалончига шунча миқдордаги маблағ ундирилсин, дейилади. Айнан мазмуни ва қандай муаммо экани айтилмайди. Лекин президент топшириғи билан алоҳида назоратга олингани учун бузишлар бўйича компенсация тўлашни бош прокурор бошчилигида алоҳида назоратга олганмиз. Юқорида айтилган статистика ҳам шу бўйича юритиляпти.
· Тўлиқ интервю билан юқоридаги видео орқали танишишингиз мумкин.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024