Россия Ўзбекистонга ёғоч етказиб беришни тўхтатиши мумкин
Бу Қозоғистоннинг санкциялар режимига амал қилиши билан боғлиқ.
Россиянинг ёғочни қайта ишлаш корхоналари Ўзбекистонга маҳсулот экспорт қилишда логистик қийинчиликларга дуч келди, деб ёзди «Ведомости Северо-Запад».
Сентябр ойининг бошидан бери Россия Шимолий-Ғарбий Федерал округидаги ёғочни қайта ишлаш компаниялари ўз маҳсулотини Қозоғистон орқали транзит қила олмаяпти. Бу ҳолат Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Россияга қарши санкциялар режимини қўллаб-қувватлашини билдирган баёнотидан кейин юзага келган.
Россия мебел ва ёғоч буюмлари ишлаб чиқарувчилар уюшмасининг маълум қилишича, бу корхоналар ўз маҳсулотининг қарийб 40 фоизини Қозоғистон орқали экспорт қилади. Украинада уруш бошланганидан кейин, Россия ёғоч корхоналари ўз маҳсулотини Европага эмас, балки Марказий Осиёга сотишни бошлади. Қозоғистон орқали транзит тўхтатилгани боис Россия компаниялари ўз товарларини Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон бозорларига етказа олмайди.
Санкт-Петербургдаги «Свеза» компаниясининг режалаштириш ва логистика бўйича директори Дмитрий Леонтев таъкидлаганидек, ҳозир ёғоч юкланган 69 та вагонни жўнатиш учун 13 та рухсатнома тўплами тасдиқланишини кутмоқда. Вологда вилоятида жойлашган «Череповецк фанер-мебел комбинати» бир ой ичида 40 та вагон тахта маҳсулотларини жўната олмаяпти.
«Плитний Мир» МЧЖ (Коми) ривожланиш бўйича директори Александр Гибеж қўшимча қилдики, ҳозирда вазият ўта оғир даражага яқин. «Бизда 2022 йилдан бери барча ташқи бозорлардан фақат Марказий Осиё қолган. Аммо сентябр ойида Қозоғистон темирйўл орқали транзит ташишга чекловлар киритгач, биз Ўзбекистон ва ундан ташқаридаги харидорларга маҳсулот жўната олмаяпмиз», деди у.
«Infoline-Аналитики» бош директори Михаил Бурмистров сўзларига кўра, барча омилларни ҳисобга олган ҳолда, маҳсулотларни яқин келажакда бошқа мамлакатларга йўналтириш иложсиз – компаниялар таъминотни аввалгидек, Қозоғистон орқали амалга ошириши керак, аммо янги моделга кўра.
«Назарий жиҳатдан трейдинг тузилмаларини ўз ичига олган схемадан фойдаланиш мумкин. Яъни, ёғоч маҳсулотлар Қозоғистондаги савдо уйига боради. Кейин савдо уйи мустақил равишда бошқа мамлакатларга маҳсулот жўнатади. Бундай схема харажатларни сезиларли даражада оширади, аммо ҳозирги вазиятда бошқа самарали ечим йўқ», деб қўшимча қилди у.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024