Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда 60 тонна чигити тўхтатиб қолинган жиззахлик тадбиркор муаммоси ҳал этилди
Аввалроқ депутатлар шу масала юзасидан вилоят ҳокимлиги ва ИИВга сўров юборганди.
12 октябр куни жиззахлик тадбиркор Қашқадарёдан ўзига тегишли бўлган 60 тонна чигитни олиб чиқишда тақиққа учрагани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман)нинг маълум қилишича, чигит маҳсулотларини олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ муаммо бартараф этилган.
Аниқланишича, жамият биржа савдоси орқали «Чироқчи-кластер» МЧЖ ва «Китоб ип йигирув» АЖдан сотиб олган чигит маҳсулотини Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетаётган вақтда ҳудуддаги «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилиб, ушлаб қолинган.
Ўзбекистон Конституциясининг 67-моддасига кўра, мамлакат ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.
Бу масалага биринчи бўлиб эътибор қаратган «Газета.uz» мухбири билан суҳбатлашган тадбиркорнинг таъкидлашича, унинг юки айнан нима сабабдан тўхтатиб қолингани ҳақида ҳали ҳеч нима дейилмаган. У чигит сифатига катта зарар етган бўлса судга мурожаат қилишини айтган.
Аввалроқ ҳолат юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП партияси фракцияси аъзолари бўлган Тўлқинжон Каримов ҳамда Батирбек Тўразода Ички ишлар вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигига депутатлик сўровларини юборганди.
Нима бўлганди?
Жиззах шаҳридаги пахта мойи, шрот ва шелуха ишлаб чиқарувчи «Paxtakor sifat yog» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона электрон биржа савдолари орқали «Chiroqchi-klaster» ва «Kitob ip yigiruv» АЖ корхоналаридан жами 30 млрд сўм атрофидаги пахта чигити сотиб олган.
«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда завод масъули Акмал Нуриевнинг таъкидлашича, 9 октябр куни «Умакай» ЙПХ масканида 60 тонна чигит ортилган юк машинасининг белгиланган барча ҳужжатлари — шартнома, товар-транспорт юк хати, маҳсулот сифат сертификати (ҳужжат нусхалари таҳририятда мавжуд) бўлишига қарамай йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ҳеч қандай сабабларсиз тўхтатиб қолинган. Юклар 5 кундан буён асоссиз равишда ушлаб турилмоқда, деган тадбиркор.
Тадбиркор таҳририятга тақдим этган видеода постда хизмат олиб бораётган, ўзини Ваҳоб Лутфуллаев деб таништирган ЙПХ ходими юк машинаси ҳайдовчисини тўхтатиб, ҳужжатларни текширмасдан орқага қайрилиб олишни буюрган. Ҳайдовчининг айтишича, қайрилишга имконият бўлмаган ва тирбандлик келтириб чиқармаслик учун 5 метрча олдинга ҳаракатланган ва йўл четида тўхтаган. ЙПХ ходими эса унга «қонуний талабларига бўйсунмаганлик» айбловини қўйган.
«Мана ҳаво ёмонлашяпти, ёмғир бошланди. Энди чигитнинг сорти бузилади, бу маҳсулотимизга таъсир қилади, нархи тушиб кетади. Чигитни фалон пулга сотиб олиб, заводга олиб келгунимча ҳамма нарсаси бузилиб, дабдала бўлса, эртага минусга кириб кетаман-ку?! Ишлаб чиқаришим тўхтаб қоляпти, ишчиларга ойлик беришим керак. Завод тўхтаб қолса, ойликсиз қолишади. Мен ҳам тайёр маҳсулотимни сотаман деб ҳаракат қиляпман, бозорни кўриб турибсиз, ҳар куни „ўйнаяпти“. Бу иш билан 10 йилдан ортиқ шуғулланамиз. Ўтган йили ҳам шу муаммога учрагандик. Қашқадарёда ҳали 30 млрд сўмлик 9,5 минг тонна юкларимиз бор», — деганди «Paxtakor sifat yog» МЧЖ вакили Акмал Нуриев.
Мавзуга оид
15:27 / 15.04.2025
Қашқадарёда ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатган ҳайдовчи қамоққа олинди
14:29 / 10.03.2025
“Чигит экиш муддатини мажбуран белгилаб бериш нотўғри” — мутахассислар
17:18 / 08.02.2025
“Сен қулсан” – Косонда келинини мунтазам хўрлаб келган қайнота ва қайнона ҳамда уларнинг ўғли озодликдан маҳрум қилинди
11:02 / 15.12.2024