Оширилиши кутилаётган темирйўл чипта нархлари қайта кўриб чиқилиши мумкин
Матбуот анжуманида “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ бўлим бошлиғи Жаҳонгир Давлетов ставкалар қайта кўриб чиқилишини, бу жараёнда аҳолининг мурожаатлари инобатга олинишини маълум қилди. Тадбирдан сўнг, у Kun.uz'га берган интервюсида бу ҳақда батафсил гапириб берди.
Ўзбекистонда 20 октябрдан бошлаб маҳаллий йўналишлардаги тезюрар поездлар чипталари нархининг тариф қисми 1,5 баробарга, “Афросиёб” поездлари учун эса тўлиқ 2 баробарга оширилиши белгиланган. Шу билан бирга, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ Стратегик режалаштириш ва бизнесни ривожлантириш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Давлетовнинг айтишича, 20 октябрдан кейин бир ярим ой давомида янги нархлар қайта кўриб чиқилиши мумкин.
“Бизда шундай тизим жорий қилинганки, чипта сотиш эълон қилинган кундан 45 кунгача бўлган муддатда чипта олиш мумкин. Ўша муддатда бизда 1 ойдан кўпроқ вақтимиз бўлади. Бу вақт давомида нархлар оширилади, фақат белгиланган тартиб-қоидалар ва ишлаб чиқилган ҳисоб-китоб асосида”,– деди Давлетов Kun.uz'га берган интервюсида.
Шунингдек, Давлетов тезюрар поезди чипта нархлари йўловчилар учун 50 фоизга оширилмаслигини, бу фуқароларга 30-35 фоиз қимматроққа тушишини маълум қилди.
“Бу [тезюрар поезд чипта нархлариниг] 50 фоизга ошиши аслида тариф қисмидан оширилади. Яъни сервис қисмларидан бу нарх қимматлашмайди. Умумий ҳисобда бу нарса йўловчи учун 30-35 фоиз оширилиши мумкин.
Чиптанинг 100 фоиз қисми эмас, фақатгина тариф қисми ҳаракат таркибини янгилаш ва инфратузилмани оширишга қаратилган қисми оширилади, йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат бундан мустасно.
Ҳозирги вақтда 200 дан ортиқ нархимиз бор, бунинг ичидан нисбий айтилса, кўпроқ деб тушунилиши мумкин, аниқ айтаман десангиз, қўлимизга 200 та рақамни тасдиғини топиши керак. 200-250 та нарх бор, бекатларимиз сони қанча? Ҳар бир станциянинг тарифлари бор, шунинг учун уларнинг ҳар бир нархини санаб ўтиш имконсиз. Фоизларда айтсак, эълон қилинган 50 фоиз оширилиши йўловчи учун 30-35 фоизни кўрсатиши мумкин”,– дейди Жаҳонгир Давлетов.
Аввалроқ темирйўл соҳаси расмийлари матбуот анжумани ўтказиб, соҳадаги муаммолар ва чипта нархлари бўйича саволларга жавоб берган эди.
Ўтган ҳафта имзоланган президент қарорига кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб тезюрар поездларда тарифларни давлат томонидан тартибга солиш амалиёти тўхтатилади.