Иқтисодиёт | 20:11 / 16.10.2023
18843
2 дақиқада ўқилади

Wildberries Тошкент вилоятида йирик логистика маркази қуради 

Логистика ҳабининг режалаштирилган майдони 150 минг квадрат метрдан ортиқ, у 2025 йилда ишга туширилиши мумкин. 

Фото: mertech.ru

Россиянинг Wildberries компанияси Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Томонлар стратегик ҳамкорлик ва Тошкент вилоятида Wildberries йирик логистика ҳабини қуриш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Retail хабар берди. 

Қайд қилинишича, бу компаниянинг Россиядан ташқаридаги энг йирик логистика марказига айланиши ва Ўзбекистон резидентлари учун 7,5 мингдан ортиқ иш ўрни яратиши мумкин. 

Марказнинг очилиши 2025 йилга мўлжалланган. Wildberries ҳозирданоқ қурилиш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ва зарур лойиҳа ҳужжатларини тайёрламоқда. Ҳужжатни Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги учинчи минтақалараро ҳамкорлик форумида Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ва Wildberries халқаро ривожлантириш бўйича директори Рафаэл Абрамян имзолаган. 

Wildberries логистика хабининг режалаштирилган майдони 150 минг квадрат метрдан ортиқ. Тошкент вилояти ҳокимлиги Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, компанияга 29,4 гектар ер майдони ажратади. Онлайн платформа логистика иншооти қурилишига қарийб 140 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. 

Wildberries - кийим-кечак, пойабзал, электроника, болалар буюмлари, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа товарлар сотиладиган маркетплейс бўлиб, 2004 йилдан бери фаолият юритади. 

Forbes маълумотларига кўра, 2022 йил феврал ҳолатига кўра, компания акциялари қиймати бўйича Россиянинг 30 та онлайн компанияси орасида 2-ўринни эгаллади. Компаниянинг қиймати 7,6 миллиард долларга баҳоланган. 

Wildberries Россия, АҚШ, Франция, Италия, Испания, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Полша, Словакия, Германия, Исроил, Молдова, Туркия ва Озарбайжонда ҳам фаолият юритади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид