Жаҳон | 22:05 / 17.10.2023
11109
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон президенти Қорабоғ можароси мавзуси абадий ёпилганини айтди 

«Бу катта бахт», деди давлат раҳбари. 

Фото: president.az

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғ можароси мавзусини ёпиқ деб ҳисоблашини айтди.

«Кўпчилик бу можаронинг ҳарбий ечими йўқлигини такрорларди. Биз борлигини кўрсатдик ва яқинда яна бир бор кўрсатдик. Бу мавзу ёпиқ. Қорабоғ можароси мавзуси абадий ёпиқ! Биз сепаратистлар китобини ёпдик. Бу катта бахт», деди у 17 октябр куни Фузулий шаҳрига (Қорабоғ вилояти) кўчиб келган аҳоли ва вилоят жамоатчилиги вакиллари билан учрашувда. 

Алиев маълум вақтдан кейин Қорабоғ Озарбойжон иқтисодиётида рағбатлантирувчи кучга айланишига ишонч билдирди. 

15 октябр куни Озарбойжон президенти Қорабоғ маркази – Хонкенди (Степанакерт) шаҳрига борди ва давлат байроғининг тантанали тарзда кўтарилиши тадбирида иштирок этди.  

Озарбойжон 19-20 сентябр кунлари асосан арманлар истиқомат қиладиган Қорабоғда «конституциявий тузумни тиклаш» мақсадида ҳарбий амалиёт ўтказди. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Озарбойжон ушбу баҳсли ҳудуд устидан назорат ўрнатди. 28 сентябр куни Қорабоғ раҳбари 2024 йил 1 январдан бошлаб тан олинмаган республика тугатилиши тўғрисидаги фармонни имзолади.  

5 октябр куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Икки ҳафта ичида деярли бутун арман аҳолиси - 100 мингдан ортиқ киши Қорабоғни тарк этди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид