Ўзбекистон | 10:28 / 17.10.2023
16878
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда солиқ инспекцияси ходими пора билан қўлга олинди 

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида коррупцион ҳолатларга чек қўйди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти Янгийўл туман Солиқ инспекцияси катта инспектори ҳамда Янгийўл шаҳар Солиқ инспекцияси шуъба бошлиғи ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик субъекти фаолиятида аниқланган солиқ қарздорлигини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Янгийўл туман Солиқ инспекцияси катта инспектори сўралган пул маблағидан 4500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат назорати инспекцияси ходими қизилмия илдизини қайта ишлашга ихтисослашган хусусий корхонада содир бўлган ёнғин оқибатида вафот этган 2 нафар ишчининг шартнома асосида қонуний ишлаганликлари ҳақида хулоса бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

 

Мавзуга оид