Ўзбекистон | 09:04 / 18.10.2023
4173
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора қабул қилинади

Пахта ва ғалла майдонлари лазерли қурилмага эга текислаш агрегатлари билан текисланганда ҳар бир гектар ер майдонга 3 млн сўмдан субсидия ажратилади.

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2024 йилдан бошлаб бир йил давомида эксперимент тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан пахта ва ғалла майдонлари лазерли қурилмага эга текислаш агрегатлари билан текисланганда ҳар бир гектар ер майдонга Ўзбекистон республика бюджетидан 3 млн сўмдан субсидия маблағлари ажратилади.

Бунда, республика бюджетидан лазер ускунали ер текислагичлар билан текислаш тадбирларини амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия маблағлари ҳар бир контурга фақат бир марта ажратилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги корхоналари лазерли қурилмага эга текислаш агрегатлари билан ерларни текислаш тадбирларини молиялаштириш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бюджетида тегишли маблағларни режалаштиради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қишлоқ хўжалиги корхоналарига лазерли қурилмага эга текислаш агрегатлари билан ерлар текисланганда ҳар бир гектар ер майдонга 3 млн сўмдан субсидия ажратиш тартибини ишлаб чиқиб тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши 2023 йил 1 ноябрга қадар лазер ускунали ер текислагичлар билан 2024 йилда амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ер майдонларининг манзилли рўйхатини тасдиқлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид